Thursday, May 25th

Last update04:49:24 AM GMT

You are here:

СУДЬЯЛАР МУСТАҚИЛЛИГИ МУСТАҲКАМЛАНАДИ


Мамлакатимизда демок­ратик ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлида амалга оширилаётган тадрижий ислоҳотлар халқимиз ҳаёт даражаси сифатининг ортиши, иқтисодиётимизнинг барқарор суръатлар билан ўсиши ва юртимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори тобора юксалишида муҳим аҳамият касб этаяпти.
Бу жараёнда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият бўлган, қонун устуворлигини таъминлайдиган қонунчилик асослари янада мустаҳкамланмоқда, ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципи амалиётда ўз ифодасини топди. Энг муҳими, улар ўртасидаги муносабатларда ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини таъминлайдиган самарали тизим барпо этилди.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2016 йил 21 октябрда имзоланган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон мазкур соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши табиий.
Фармонга мувофиқ суд ҳокимиятининг чинакам мус­тақиллигини таъминлаш, касбий нуфузини ошириш, юқори малакали ва самарали фаолият юритувчи суд корпусини шакллантириш мақсадида илк бор судьяларнинг ваколат муддати қайта кўриб чиқилди. Хусусан, судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз тайинлаш (сайлаш) ни назарда тутувчи тартиб жорий этилди. Таъкидлаш лозимки, киритилаётган бу ўзгартиш­лар халқаро стандартлар ва ривожланган демократик давлатларнинг илғор тажрибасига тўлиқ мос келади.
Хусусан, бир қатор хорижий давлатларда судьяларнинг аниқ муддатга ёки дастлаб 3-5 йилгача, қоида бўйича, кейинчалик 10 йилга, шундан сўнг муддатсиз тайинланиши белгиланган. Масалан, Молдова Респуб­ликаси Конституциясининг 116-моддаси 2-бандида суд инстанцияларининг судьялари биринчи маротаба беш йилга, кейин ўн йилга, шундан сўнг, яъни ўн беш йил шу лавозимда бўлганидан кейин муддатсиз тайинланиши белгиланган. Японияда ҳам судьялик лавозимига биринчи марта синов тариқасида 10 йилга, ундан кейин муддатсиз вақтга тайинланади. Қозоғис­тонда биринчи маротаба етти йилга, иккинчи маротаба муддатсиз вақтга тайинланишини кўришимиз мумкин.
Шу ўринда айтиш жоизки, Конституциямизнинг 44-моддасига асосан, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Одил судловнинг мустақил ва холис суд томонидан амалга оширилиши ғояси демократик ҳуқуқий давлат пойдеворининг тамал тоши ҳисоб­ланади. Шунинг учун ҳам суд ва судьянинг мус­тақиллиги долзарб аҳамиятга эга.
Шу маънода фармон асосида киритилган ваколат муддатларидаги мазкур ўзгартиш судьяларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, юқори малакали ва самарали фаолият юритувчи суд корпусини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Фармоннинг яна бир энг аҳамиятли жиҳати, вилоят хўжалик судларининг қарорларини ўзлари томонидан қайта кўриш ваколатини чеклаш мақсадида ушбу судлар тизимида минтақавий апелляция судларини ташкил этиш назарда тутилаётганлигидир. Бу, албатта, суд қарорларининг қонуний ва асослилигини қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Минтақавий апелляция судларини ташкил этишдан мақсад: одил судловни янада демократлаштириш, фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончини ошириш, судьяларнинг ҳақиқий мустақиллигига эришиш, уларнинг иш ҳажмини оптималлаштириш ҳамда хўжалик судлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, пировардида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашдир.
Ҳозирда хўжалик судлари икки босқичли тизимдан иборат. Аммо процессуал қонунчиликка кўра, ишлар учта инстанция – биринчи, апелляция ва кассация инстанцияларида кўриб чиқилади. Вилоят хўжалик судлари ишларни биринчи ва апелляция инстанцияларида, Олий хўжалик суди эса кассация инстанциясида кўриб чиқади.
Бундан кўринадики, вилоят хўжалик судлари биринчи инстанциясида кўрилган ишни апелляция инстанциясида ҳам айнан шу суднинг судьялари томонидан кўриб, ҳал этилишига тўғри келади. Бу эса айрим ҳолларда ишда иштирок этувчи шахсларда бир судья томонидан қабул қилинган қарор устидан берилган шикоятнинг айнан яна шу суд жамоасидаги бошқа судьялар томонидан кўриб чиқилиши суднинг холислигига нисбатан ишончсизлик туғдириши мумкин. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида ҳам суд органларининг уч поғонали тизими яратилган. Хусусан, Франция, АҚШ, Германия, Россия ва бошқа кўплаб давлатларнинг суд тизими ана шундай поғоналардан иборат.
Хўжалик судлари тизимида минтақавий апелляция судлари ташкил этилгач, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари – биринчи инстанцияда, минтақавий апелляция судлари – апелляция инстанциясида, Олий хўжалик суди – кассация инстанциясида ишларни кўради. Шу билан биринчи ва апелляция инстанция­лари ташкилий ва ҳудудий жиҳатдан ажратилиши, уларнинг мустақиллиги таъминланиши, бир-бирига таъсир қилиши мумкинлиги бартараф этилиши, ишда иштирок этувчи шахсларнинг суд қарорларининг холислигига нисбатан ишончсизлигининг олдини олиш, суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш йўлида яна бир муҳим қадам бўлишига ва албатта, суд иш юритувининг сифати ошишига эришилади.
Шунга кўра, хўжалик судлари тизимида халқаро стандартларга мос келувчи мустақил минтақавий апелляция судларини ташкил этиш орқали ишларни апелляция тартибида кўриб чиқиш самарадорлигини ошириш юзасидан тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
Хўжалик судлари тизимида минтақавий апелляция судларининг ташкил этилиши одил судловни янада демократлаштириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, биринчи ва апелляция инстанциялари судларини ажратиш орқали хўжалик судлари тизимини ва иқтисодиёт соҳасидаги одил судловни такомиллаштириш, судьянинг ҳар қандай ташқи ва тизимдаги таъсирлардан мустақиллигига эришишга хизмат қилади.
Қайд этиш керакки, суд-ҳуқуқ соҳасида кўрилаётган амалий чора-тадбирлар, энг аввало, судья ва суд ходимлари зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, суд-ҳуқуқ тизимида жорий этилаётган янгиланиш ва ўзгариш­ларнинг муваффақиятли амалга оширилиши одил судлов сифати ва самарадорлигини таъминлаш, одамларнинг ишончини қозониш, бир сўз билан айт­ганда, судья кадрларнинг салоҳияти, билими ва уларнинг зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этишига кўп жиҳатдан боғлиқдир.
Фармондаги асосий вазифалар ва янги нормаларни ҳаётга татбиқ этиш учун суд-ҳуқуқ тизимини ривож­лантириш борасида 8 та энг устувор соҳалар бўйича 45 та аниқ тадбирларни амалга оширишни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Дастурда белгиланган тадбирларнинг амалга оширилиши мамлакатнинг суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини янада мус­таҳкамлаш имконини беради.

Ҳамиджон ЖАЛИЛОВ,
Тошкент вилоят
хўжалик суди раиси

Joomla