Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

ҲУҚУҚИЙ ЮКСАЛИШНИНГ ИККИ ҚАНОТИ















Жаҳонгир ҚУРБОНОВ,
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги
13-умумтаълим мактаби ўқитувчиси
_________________________________

Маълумки, ҳар қандай давлат, жамиятда ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданият ўз ўзидан шаклланиб қолмайди, яъни мазкур икки асос ислоҳотлар негизида намоён бўлади ва фуқароларнинг иштироки билан босқичма-босқич ривожланиб боради. Айниқса, таълим масканлари бу борада муҳим бўғин ҳисобланади ва алоҳида ўрин тутади.

Шу ўринда биз сўз юритаётган икки муҳим тушунчага таъриф бериб ўтсак. Ҳуқуқий онг – инсоннинг маърифат ва маънавият даражасига таяниб, жамиятда амал қилаётган ҳуқуқий талаб-нормаларнинг мазмунини тушуниши, моҳиятини англашдир. Демак, жамият аъзоларининг ҳуқуқий онги юқори бўлиши учун улар маърифатли ва маънавият эгаси бўлишлари зарур. Яъни, ҳуқуқий маданият шаклланган бўлиши керак. Шахснинг ҳуқуқий маданияти деганда эса фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқларни ҳуқуқий онгидан келиб чиқиб, манфаатига зид келмайдиган тарзда амалга ошириши тушунилади. Булар – ҳуқуқий билимларни муттасил ошириб бориш, амалдаги қонунчилик ҳужжатларидан хабардор бўлиш, фаолиятда аждодларимиздан бизга мерос бўлиб келган ижтимоий қоидаларни ҳам эътиборга ола билишлик кабиларда юзага чиқади. Шунингдек, ҳокимият органларининг функцияларини билиш ва улар билан ўзаро муносабатларга кириша олишлик, ҳуқуқ-тартибот соҳасининг жамиятдаги ўрнини тўғри идрок қилиш ва уларнинг вазифаларини тўғри англаши билан ҳам амалга ошади.

Юксак ҳуқуқий маданиятга эга инсонни тарбия­лашда ҳуқуқий таълим ва маърифатни кучайтириш, тарғиботни янада яхшилаш каби воситалар чуқур таъсир кўрсатади. Бу борада ёшларнинг юридик адабиётларга қизиқишини янада орттириш, айниқса муҳимдир. Биламизки, китобга меҳр қўйиш, уни авайлаб сақлаш, лўнда қилиб айтганда,  китобхонлик халқ маънавий камолотида етакчи роль ўйнайди. Чунки киши ўзини ўзи тарбиялашида нафақат билим манбаидан баҳраманд бўлади, ўз навбатида ҳис қилиш, таққослаш, тақлид қилиш, мунозара юритиш, баҳслашиш – мулоқотга киришиш каби кўникмаларни ҳам ривожлантиради. Яна бир эътиборли жиҳат шуки, қонун ва қонуности ҳужжатлар билан танишиш ва ўқишга даъват этиш инсоннинг ўз устида ишлаш имкониятларини пайдо бўлишига муносиб улуш қўшади. Айниқса, ҳуқуқий билимлар тарғиботини янада кучайтириш йўналишида оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Чунончи, ҳуқуқ соҳасига оид эълон қилинадиган ҳар бир янгилик фуқароларнинг ҳуқуқий онг ва маданиятини ўсишига хизмат қилади.

Шу ўринда доимо ёдда тутишимиз лозимки, юртимизда ўсиб келаётган ёшларнинг ҳуқуқий онг ва маданиятини юксак даражада шакллантириш бизнинг биринчи даражали устувор вазифаларимиздан биридир. Зеро, эртанги кунимизни, келажагимизни белгилаб берадиган қудратли куч – шулар.

Joomla