Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

Халқаро хаёт

ЕРГА...ДОРИ ЭМАС, МЕҲР БЕРИНГ

ёхуд кимёвий “боқимандалик”нинг зарари хусусида

Аҳоли кўпайгани сари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Шу боис бугун жаҳон ҳамжамияти тупроқ унумдорлигини асраб қолиш устида бош қотиряпти. Лекин озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи глобал аҳамият касб эта бошлагандан бери қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ерлардан янада кўпроқ ҳосил олиш мақсадида кимёвий моддалар фаол

БИР ТОМЧИ СУВ

Дунёнинг турли минтақаларида чучук сув масаласида тақчиллик сезилаётгани бугун ҳеч биримизга сир  эмас.  Қайд этиш жоиз: гарчи ер юзининг 71 фоизи сув билан қопланган бўлса-да, унинг асосий қисми шўр денгиз сувлари ҳисобланади. Атиги 3 фоизигина чучук сув захирасидир. Демакки, бу бебаҳо неъматдан расамади билан фойдаланиш ҳаёт-мамот масаласига айланмоғи керак. Зеро, ота-боболаримиз уммон олдида турсанг ҳам ҳар томчи сувнинг қадрига ет, деб бежиз таъкидлашмаган.

Кичик компаниялар — кадрлар устахонаси

Маълумки, тарихда ҳам, бугунги кунда ҳам тадбиркор ва ишбилармонлар ҳар қандай давлатнинг таянчи ва суянчи, жамиятнинг устуни бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. Ўтган асрнинг 90-йилларида оёққа тура бошлаган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик тузилмалари бугун ўзининг бардошлилиги билан дунёда йирик монополиялар ҳукмронлиги тўғрисидаги қарашларни чиппакка чиқараётир. Айни пайтда мазкур соҳа ривожи ишсизликни камайтириш, иқтисодиётни мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш борасида пешқадамдир.

ШҲТ: тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик

Бугунги кунда Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилмоқда. Мамлакатимизда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлиси ҳамда ушбу нуфузли анжуман доирасидаги бошқа тадбирларни юқори савияда ўтказиш учун қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Хайр, елим идишлар

Жаҳон ОАВ хабарларига қараганда, Сан-Франциско дўконларида 2020 йилга бориб елим идишларда ичимликлар сотилмайди. Сан-Франциско бундай қарорни қабул қилган АҚШдаги илк шаҳарга айланди.

Мутахассисларнинг фикрича, бундай идишлар билан атроф-муҳитнинг ифлосланиши  асримизнинг энг долзарб экологик муаммоларидан бирига айланиб бормоқда. Хлорланган елим идиш тупроққа зарарли кимёвий моддаларни чиқаради. Бу эса сув манбаларини заҳарлайди. Натижада нафақат одамлар, балки, денгиз ҳайвонларининг ҳаётига ҳам катта хавф туғилади.

Таъкидлаш жоизки, бир йил аввал мазкур штатда полиэтилен халталардан ҳамда таомлар учун махсус идишлардан фойдаланиш ҳам тақиқланган эди. Айни пайтда улар савдо расталаридан чиқарилмоқда.

 

Акбар МУЗАФФАРОВ тайёрлади.

Катарактани даволашнинг зарарсиз усули

АҚШнинг Калифорния ва Хитойнинг Сунь Ятсен университети олимлари тиббиёт тарихида илк бор инсон кўзидаги шикастланган гавҳарнинг ўрнига бемор танасидаги ҳужайралардан янги гавҳарни ўстириш амалиётини ўтказдилар. Яъни, бунда кўздаги шикастланган гавҳар олиб ташланиб, унинг ортидаги мембрана қолдирилади. Гавҳар ёнидаги ўзини-ўзи тиклаш қобилиятига эга ҳужайралар мембранага сурилади. Улар эса шаффоф линзага айланади.

Ушбу янгилик туфайли тиббиёт ходимлари туғма катаракта (кўз гавҳарининг хира тортиши)  билан дунёга келган 12 нафар гўдакнинг кўриш қобилиятини қайта тиклашга эришдилар. Бошқача айтганда, эндиликда мазкур хасталик бемор танасидаги ҳужайлардан яратилган «жонли линзалар» ёрдамида даволаниши мумкин. Олимларнинг айтишича, бундай линзалар кўриш қобилиятини уч ойда қайта тиклайди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда қарийб 18 миллион киши катаракта оқибатида кўриш қобилиятидан маҳрум бўлган.

Агротуризм: Арзон ва фойдали саёҳат

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мамлакатнинг туристик салоҳиятини рўёбга чиқаришда ички туризмни ривожлантириш муҳим омиллардан саналади. Зеро, ҳар қандай янги «туристик маҳсулот»га, аввало, маҳаллий сайёҳларда қизиқиш уйғотиб, сўнгра уни  хорижликлар эътиборига ҳавола этиш анча самарали эканлиги жаҳон тажрибасида ўз исботини топган. Масалан, Испанияда аҳолининг 90 фоизи айнан мамлакат ичида саёҳат қилади.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш — глобал масала

ёхуд дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши аҳоли сони ва эҳтиёжларининг ўсишидан нега ортда қолаётгани хусусида

Ушбу муаммо билан шуғулланувчи номдор тадқиқотчилар тобора кўпайиб бораётган аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш учун экинзорларни кўпайтиришнинг ўзи кифоя қилмаслигини таъкидлашмоқда. Уларнинг фикрича, озиқ-овқат хавфсизлигига эришишнинг энг самарали йўли мавжуд ерлардан оқилона фойдаланиш, янги навлар яратиш, фермерларга янада кўпроқ имтиёзлар беришдир. Қолаверса, замон талабларига мос равишда фермерларнинг бозорга тезроқ кириб боришлари учун шароит яратиб, ҳосилдан зарар кўришнинг олдини олиш, билим ва тажрибаларини бойитиш керак. Кўплаб мамлакатларда ушбу ақидага амал қилиниб, ижобий натижаларга эришилаётгани фикримиз далили бўлиши мумкин.

Мисол учун, Буюк Британиянинг Thompson ва Morgan компанияси ўтган йили кўпчилик фермерлар орзу қилган ана шундай янгиликка қўл урди: бир тупда ҳам помидор, ҳам картошка етиштирилди. Мазкур ўсимлик шартли равишда TomTato деб номланди. Яъни, tomato — помидор ва potato эса картошка деган маънони беради. Мутахассислар помидорнинг таъми бошқа навларга қараганда ширинроқ, картошкалар эса деярли фарқ қилмаслигини айтишяпти. Кези келганда, бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш керак: олимлар бу турдаги ўсимликни етиштириш учун салкам 15 йил вақт сарфлашди. Эътиборлиси, TomTatoни  иссиқхонада ҳам, очиқ ҳавода ҳам бемалол етиштириш мумкин.

Биз мазкур ихтирони янада кенгроқ ва тушунарлироқ изоҳлаш учун Ўзбекистон Фанлар академиясига қарашли Геномика ва биоинформатика маркази кичик илмий ходими Мирзакамол Аюбовга мурожаат қилдик.

— Мен буни ихтиро демаган бўлардим,— дейди М. Аюбов. — У оддий пайванд, холос. Ҳақиқий селекция иши бундан мустасно. Узоққа бормайлик. Мисол учун, пахтанинг турлари кўплигига қарамасдан, етиштирилаётган ғўза навлари генетик хилма-хиллигининг чекланганлиги дунё пахтачилигининг глобал муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Жаҳон селекционерлари бир неча ўн йиллардан буён ўрта толали ғўза навини яратиш устида иш олиб бораётган бўлсалар-да, амалий натижага эришмаган эдилар. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика маркази олимлари бунинг уддасидан чиқишди. Дунё илм-фанида биринчи бўлиб ғўзанинг муҳим аҳамиятга эга белгилари, хусусан, тола сифати, гуллаши, тезпишарлиги ва ҳосилдорлиги, турли биотик ва абиотик омилларга чидамлилигини таъминлайдиган генлар тавсифлаб берилди.

Ғўзанинг айрим ҳужайраларидан тўла қимматга эга ўсимликлар яратилди ва илк бор мамлакатимизнинг интеллектуал мулки, деб эътироф этилган ғўзанинг «ген-нокаут» технологияси ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди. Ушбу янги технология анъанавий пахта селекциясининг асосий вазифаларини ҳал этиш имконини берганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Чунончи, пахтачилик тарихида илк маротаба ўрта толали навдан қисқа муддат ичида агрономик муҳим белгиларининг асосий кўрсаткичлари яхшиланган «Порлоқ» навлари яратилди. Бу навлар узунлиги 38-42 миллиметр бўлган 1-2 типдаги юқори сифатли толага эга. Шу асосда мамлакатимизда ушбу янги тола нархига ўзгартириш киритилди. У оддий навли толага қараганда 12 фоиз қиммат сотилади. Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, ушбу навдан синтетик тола қўшмасдан туриб, юқори сифатли тўқимачилик маҳсулоти, яъни кўйлакбоп мато ишлаб чиқариш мумкин.

Энди бевосита бир тупда ҳам картошка, ҳам помидор етиштириш, яъни пайванд мавзусига қайтсак. Итузумдошлар оиласига мансуб бўлган ҳар иккала ўсимликдан тўғноғичнинг бошидек келадиган тўқима бўлаклари кесиб олинади. Кейин махсус гелда алоҳида-алоҳида ўстирилади. Улар икки баравар катталашганда, поялари бир хил бурчак остида кесилади ва шундан сўнгина пайдванд қилинади. Тахминан бир ҳафтада, табиий формалар қўшилиб бўлгунча, картошканинг илдиз ҳосил қилувчи пастки учи, помидорнинг мева тугадиган юқори учи биргаликда қирқиб олинади. Буюк Британиянинг боғдорчилик компанияси янги ўсимликни бозорга олиб кирди. Бу 500 тагача ҳосил тўплай оладиган ширин, олча ўлчамидаги помидор ва саломатлик учун муҳим ўсимлик бўлган оқ картошкадир. Энг асосийси, ушбу ўсимликлар генетик ўзгартирилмаган. Шу маънода уни оламшумул янгилик дейиш мумкин. Мавжуд майдонлардан мўлроқ ҳосил олишнинг янги йўлларини тадқиқ қилиш замон талабига айланган бир пайтда бундай янгиликлар инсониятга жуда катта наф келтиради.

Ҳақиқатан ҳам аграр соҳани тубдан ислоҳ қилиш, уни янги, муҳими, зарарсиз технологиялар билан таъминлаш бугунги кунда энг долзарб вазифага айланди. Шу маънода, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигига алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Соҳада амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар туфайли мураккаб об-ҳаво шароитига қарамасдан, ўтган йили 7 миллион 500 минг тоннадан зиёд ғалла, 3 миллион 350 минг тоннадан ортиқ пахта етиштирилди. Соҳада ишлаб чиқаришни жадаллаштириш, селекция ишларини яхшилаш, ғўза ва бошоқли дон экинларининг районлаштирилган навларини яратиш замонавий агротехнологияларни ўзлаштиришнинг амалий натижасидир.

Қишлоқ хўжалигининг мева-сабзавотчилик, боғдорчилик, узумчилик ва чорвачилик каби тармоқлари ҳам жадал суръатларда ривожланмоқда. Ўтган йили 12 миллион 592 минг тонна сабзавот ва картошка, 1 миллион 850 минг тонна полиз маҳсулотлари, 1 миллион 556 минг тонна узум, 2 миллион 731 минг тонна мева етиштирилгани бунинг яққол исботидир. Кейинги йилларда етиштирилган маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш, сақлаш инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2015 йили тармоқда 230 та қайта ишлаш корхонаси, 77 минг 800 тонна сиғимга эга бўлган 114 та янги совутиш камераси ташкил этилди ва модернизация қилинди.

Тадбиркор ва фермерлар манфаатларини ҳимоя қилишни ўзининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаган O`zLiDeP ҳам бу борада кенг кўламли ишларни амалга оширишни мақсад қилган. Ҳудудларда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантиришга кўмаклашиш, янги интенсив ва маҳаллий боғ ҳамда токзорлар барпо этиш, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик, қуёнчиликни самарали ташкил этиш, иссиқхона ва музлатгичлар қуришга ишбилармон юртдошларимизни кенг жалб этиш, уларга ҳар томонлама кўмак беришга биринчи даражали аҳамият бериляпти. Маълумотларга кўра, жорий йилда озиқ-овқат саноати маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий корхоналарни ташкил этиш ва мавжудларини модернизациялаш бўйича 1488 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши белгиланган. Ушбу вазифани ўз вақтида амалга оширилиши юртимизнинг иқтисодий-ижтимоий ҳаётида нечоғли ўрин тутишини кенг тарғиб этиш, улар ижроси юзасидан жойларда партиявий ва депутатлик назоратини самарали ташкил этишга ҳаракат қилинмоқда. Зеро, давлат аҳамиятига молик ҳар қандай ҳужжат, хоҳ у қонун лойиҳаси, хоҳ давлат дастури  бўлсин фақатгина ижроси билан кучлидир.

Мухтасар айтганда, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун экин майдонларини кўпайтиришнинг ўзи кифоя қилмайди. Шундай экан, ақл ва тадбир билан иш юритиб, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш энг тўғри йўл экани айни ҳақиқатдир. Буни Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар муваффақияти ҳам исботлаб турибди.

 

Дилором ТОЖИЕВА,

Тошкент Банк коллежи ўқитувчиси

Хориж хабарлари

БМТга ким Бош котиб бўлади?

БМТнинг амалдаги Бош котиби Пан Ги Муннинг ваколати шу йилнинг 31 декабрь куни ниҳоясига етади. Пан Ги Мун  икки марта беш йиллик муддатга БМТ раҳбари лавозимида фаолият юритди.

Янги Бош котиб эса келаси йилнинг 1 январидан ўз вазифасига киришиши лозим. Сайловолди  кампанияси 2015 йилнинг декабрида бошланди. Қоидага биноан янги номзод Хавфсизлик кенгаши томонидан тасдиқланади. Шундан сўнг Бош Ассамблеяга юборилгач, 193 та мамлакатнинг учдан бир қисми томонидан қўллаб-қувватланиши зарур. Сайловлар арафасида бир қатор мамлакатларнинг вакиллари бу жараён шаффоф ўтиши лозимлиги билан боғлиқ масалани кўтариб чиқишди. Хавфсизлик кенгаши номзодларни танлаб олиш жараёнини июль ойида бошлайди. Унгача номзодларга БМТ Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгаши вакиллари билан норасмий мулоқотлар ўтказиш имконияти яратиб берилади.

Айни дамда мамлакатлар ўз номзодларини тавсия қилмоқда. Македония БМТ Бош Ассамблеясининг собиқ раиси Сржан Керим номзодини, Хорватия эса ташқи ишлар вазири Весна Пусич номзодини, Черногория ҳам ташқи ишлар вазири Игор Лукич номзодини, Словения эса собиқ президент Данило Тюрк номзодини кўрсатди. Болгария ЮНЕСКОнинг амалдаги бош директори  Ирина Бокова номзодини БМТ раҳбарлигига расман кўрсатди. Бу борадаги мактуб Болгариянинг БМТдаги ваколатхонаси томонидан халқаро ташкилот котибиятига тақдим қилинди.

Бу ҳақда Ирина хоним шундай дейди: «Мен миллий масъулиятни ўз зиммамга олиб, ўз имкониятларимдан фойдаланишга қарор қилдим. Мен сайловларда ғалаба қозонишимга ишонаман». Таъкидлаш жоизки, Бокова 2009 йил 15 октябрдан буён ЮНЕСКО  бош директории лавозимида ишлаб келмоқда. Ирина Бокова  2013 йилда  Ўзбекистонга ташриф буюрган.

 

Microsoft корпорацияси делегацияси Тошкентда

Машҳур компания вакилларидан иборат делегация Тошкентдаги Инха университетига ташриф буюрди. Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари муҳокама этилди. Делегация таркибида Microsoft лицензиялаш қоидаларини тартибга солиш бўйича Марказий ва Шарқий Европа минтақаси менежерлари Диас Шуканов ва Анна Самолётова, Ўзбекистонда бизнесни ривожлантириш бўйича менежер Равшан Каримов ва Марказий Осиё ва Мўғулистон бўйича ҳамкорлар билан ишлаш менежери Алиёр Бахронов кирди. Инха университети ректори Шерзод Шерматов меҳмонларни ташриф билан қутлар экан, Microsoft билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани, хусусан, университет талабалари учун Америка корпорацияси томонидан DreamSpark дастуридан бепул фойдаланиш имкони  тақдим этилганини таъкидлади.

 

«Қора олтин»нинг баҳоси ўсадими?

ОПЕКка аъзо давлат ва Россия вакиллари Қатарда бўлиб ўтган музокаралар даомида нефть қазиб чиқариш ҳажмини шу йил 11 январдаги ҳолат бўйича «музлатиб» қўйишга келишишди. Саудия Арабистони нефть вазири Али ал-Наими, мамлакат ушбу келишувни қўллаб-қувватлашини билдирган. Халқаро энергетика агентлиги хабарига кўра, Саудия Арабистони январ ойида кунига 10,2 миллион,  Россия эса 10,9 млн. Баррел нефть етказиб берган. Мазкур келишувдан сўнг Brent маркасидаги нефтнинг нархи 35,5 долларгача кўтарилиши кутилган эди, аммо ҳозирча «қора олтин» баҳоси бу прогноз кўрсаткичларига тенглашгани йўқ.

 

Сайлов қизияпти

АҚШнинг Айова штатида бўлиб ўтган сайловдан сўнг 4 нафар номзод президентлик сайловидаги курашни якунлади. Хусусан, демократ Мартин О' Мэлли ва республикачи Майк Хакаби, Рик Санторум ва Рэнд Пол сайловолди кампаниясидаги иштирокини тўхтатганини расман эълон қилди. Таҳлилчилар фикрича, яқин орада номзодлар сафи янада қисқариши кутилмоқда ва курашни тарк этадиганлар сафида Жеб Бушнинг ҳам номи тилга олинмоқда.

 

Испания парламенти синов арафасида

Испания конгресси депутатлари (парламент қуйи палатаси) мамлакат бош вазири лавозимига номзод — Педро Санчес учун 2 март куни овоз беради. Биринчи турдаёқ бош вазир сифатида сайланиши учун Санчесга парламентнинг аксарият кўпчилиги овоз бериши лозим (қуйи палатада 350 депутат мавжуд) бўлиб, экспертлар фикрича, бу жуда қийин вазият. Иккинчи уринишда сайланиш учун (мавжуд тартибга кўра, такрорий сайлов биринчи турдан сўнг 48 соат ичида бўлиб ўтиши лозим) шунчаки, кўпчилик овознинг ўзи етарли экан.

Испанияда ўтган йили 20 декабрда парламент сайлови бўлиб ўтган эди. Сайлов якуни бўйича бирор бир сиёсий партия мустақил равишда ҳукумат тузиш ҳуқуқини берувчи мандатга эга бўла олмаган эди. Халқ партияси сайловда ғалаба қозонган бўлса-да, у қуйи палатада аксарият кўпчилик ўринни эгаллай олмаган. Шунга қарамай, партия етакчиси ва вақтинчалик бош вазир вазифасини бажарувчи Мариан Рахо давлат раҳбари қирол Фелип VI нинг ҳукуматни шакллантириш ҳақидаги таклифини рад этди. Шундан сўнг Фелип VI ҳукуматни шакллантиришни Педро Санчесга топширди.

 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти огоҳлантиради

Лотин Америкасида кенг тарқалаётган Зика вируси жаҳон оммавий ахборот воситаларининг диққат марказида турибди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти баёнотига қараганда, вирус бутун Америка қитъаси бўйлаб кенг тарқалиши мумкин.

Иситма ва бош оғриғини келтириб чиқарувчи мазкур инфекция айни дамда  дунёнинг 27 та мамлакатида қайд қилинган. Зика вируси минглаб болаларнинг ривожланмай қолган мия билан туғилишларига сабаб бўлмоқда. Баъзи давлатларда аёлларга ҳомиладан сақланиш тавсия қилинди. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Жанубий ва Шимолий Америка мамлакатларида кузатилаётган Зика безгаги хатарли эканини, унга қарши курашда халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотлари жиддий чоралар кўриши лозимлигини маълум қилди. Ташкилот бош котиби Маргарет Чэн берган баёнотга қараганда, халқаро ҳамжамият мазкур касалликка қарши биргаликда кураш олиб бориши ва кучларни бирлаштириши  керак.

Айни вақтда АҚШ ва Канада олимлари Жанубий Американи қамраб олган зика вирусига қарши вакцина яратиш устида иш олиб боришмоқда.

 

Хориж матбуоти асосида

Бунёдбек ШАМСИДДИНОВ тайёрлади.

 

 

Тиниб-тинчимаган одамлар-ей...

Мана, сайёрамизга 2016 йил ҳам кириб келди. Ўтган 2015 йилда сайёрамизнинг турли бурчакларида ўзини ўтга, сувга урган қўрқмас кишилар ажабтовур рекордлар ўрнатдилар. Уларнинг айримларини сизга илиндик, азиз газетхон.

Саҳифа 1 - 17

Joomla