Thursday, May 25th

Last update04:49:24 AM GMT

You are here:

ҲАЁТ ҲАҚИҚАТЛАРИ



Турсуной СОДИҚОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими:
_______________________________

– Баъзан ўзимга-ўзим савол бериб қоламан: мен жуфтимни севиб яшадимми ёки пешонамга битилгани учун чидаб яшадимми? Ё болаларимнинг отаси бўлгани, рўзғоримнинг юритувчиси бўлгани учун суяниб яшадимми? Ё яхши инсон бўлгани, ибратлари мўл бўлгани учун қойил бўлиб, ҳурмат юзасидан унга эргашиб юрибманми? Қолаверса, у одамнинг ҳеч камчилиги йўқми?
Аёл сифатида менда ҳеч армон йўқ, дейсизми? Баъзан овозларимни ютиб йиғлаган пайтларим бўлмаган, дейсизми? Хўш, дейман ўзимга: гапни чўзмай айт, сен жуфтингни севиб яшадингми ё кўниб?! Билмадим, билолмадим! Аммо бир нарса аниқ, буни мен такрор ва так­рор айтиб келганман ва бундан кейин ҳам иқрорим шуки: агар у одамни ҳаё­тимдан суғуриб олсалар, менинг фақат пўчоғим қолади...
***
Болажон, муҳаббат бошқа, рўзғор бошқа нарса. Муҳаббат эркин, истасанг заминий, истасанг осмоний малакни сев! Чунки у ҳеч кимга халақит бермай, юрагингда яшайди. Аммо умр йўлдошлик ғоят жиддий ҳисоб-китоб билан тузилиши шарт. Чунки бу ўзинг­гача бўлган сулолани давом эттириш ва ўзингдан авлод қолдиришдай масъул, жавобгарлик ишидир. “Тенг тенги билан” деган нақлга бўш қарама. Зот суриш, аслига тортиш деган гаплар бор. Олманинг тагига олма, беҳининг тагига беҳи тушади.
Дадам раҳматлининг бир гаплари қулоғимга зирак бўлиб қолган: “Отаси ёмон – биттаси ёмон, онаси ёмон – хаммаси ёмон”, дердилар. Агар сенинг болаларингдан бошлаб, “сифат белгиси” тушиб кетса, билгинки, энди ота-буваларингнинг руҳи сени таъқиб қилади. Қолаверса, ноқис феълли фарзандлар қолдираётганинг учун икки дунёинг мотамсародир.
***
Бу ёруғ дунёни кўзингга тор кўрсатадиган ҳам, кенг кўрсатадиган ҳам одамлар. Ишинг фақат шуларга тушади. Улар билан ҳисоблашиб, муомала қилсанг, йўлинг очилади, бўлмаса йўқ!
Муомала санъатгина эмас, балки илм ҳамдир. Уни эгаллаш учун сендан катта тадорик сўралмайди: муҳими, доим зийрак тур, бировга ботадиган иш тутма, яъни танлаётган сўзинг, овозинг­ни қайси пардага қўйиб гапиришинг, кийинишинг, ҳаракатинг, ҳаттоки юз ишораларингни-да назорат қил, бировга малол келмайдиган бўлсин. Кишининг ҳолига айланиш, яхшилик илиниш, кечириш ҳам бировга ёқиш йўлидир. Ҳеч қачон ҳеч кимни ўзингга чидашга мажбур қилма!
***
Олманинг тагига олма тушади, дедик. Ҳамма балодан қочиб қутилиш мумкин, аммо насл таъсиридан асло қутулолмаймиз. Шунингдек, инсон энг ёмон одамларга қўшилиб, энг оғир шароитга тушиб қолса-да, қонидаги тоза насл чақириқлари бир кунмас бир кун, кечикиб бўлса-да, уни яхши дунёларга олиб чиқади. Ноёб ихтирочи, истеъдодли ижодкор, уста ҳунарманд бўла туриб, нафсга, ҳасадга, дангасаликка ёки бефарқлик, ё баджаҳллик, ё тушкунликка мойиллиги бўлса, билингки, буни унга зоти узатиб турибди. Ўзи елиб-югуриб, илму ҳунарга етишади, олим ҳам бўла олади, аммо одамийлик мартабасига чиқолмаслиги мумкин. Ҳақиқий халқпарварлик, миллатпарварлик ихлос билан зотнинг тозалигини асраш, насл-нуқсонларини тўғрилашга ўзни астойдил бағишламоқдир.
***
Рўзғор ҳинд фильмларидаги каби чиройли кийиниб, қиру адирларда чопқиллаб юриш, қўл ушлашиб, қўшиқ куйлаб, бир-бирига ҳамду санолар айтиш эмас. Бир-бирини тушунишни эплаш, бола деган бир парча “гўшт”дан инсон ясаш, умрни ўтин қилиб, қора қозонни қайнатиш демакдир. Яъни, халқ айтгандай, “қўш ҳўкиз” бўлиб, рўзғорни тортиш демакдир.
Эркак зотининг бир заифлиги бор: у ўта самимий, ишонувчан. Таъсирга осон берилади. Унга энг кучли таъсир ўтказиши мумкин бўлган одам унинг аёлидир. “Эрни эр қиладиган ҳам, ер қиладиган ҳам аёл” деган нақлни куйганлар айтган! Шу боис, болажон, ўзидан кўра ақли чиройли бўлган жуфт тилагин.
Мен сенга ёр тилагин, деяпман, танлагин демаяпман! Бир йилгина киядиган кийим, ўн йилгина минадиган машина олишда, уч-тўрт йил муддатли ўқишга киришда ота-она билан чандон маслаҳат қиласану, умрингнинг охиригача ҳамроҳ бўладиган жуфт танлашни, наҳот, ўзинг ҳал қилиб юборсанг?! “Ўғлим, ўз тақдирингни ўзинг ҳал қил, жуфтингни ўзинг танла” деган ота-онадан ҳам қаттиқ хато кетади. Агар уйдагилар шундай десалар, кўпни кўрган, мулоҳазакор амаки-тоға, амма-хола ёки устоз-қадрдонларга маслаҳат солмоқ керак!
***
Луқмони Ҳакимдан : “Қандай қилиб бу даражотга эришдингиз?”– деб сўрасалар, “Ёмон ишларнинг тескарисини қилиб”,– деб жавоб берган экан. Олам, бу сиз билан биз яшаб турган замон ва макондир. У шу туриши, яъни пасту баланди билан пешонамизга битилган. Тўғрироғи, бизнинг феълимизга қараб, замон яхши ёки ёмон бўлажакдир.
Замоннинг бир парчаси оиламиздир, у мендир, жуфтимдир, боламдир! Ва ҳаммамиз биргалашиб, худди тўр тўқиган каби ўз тақдиримизни тўқиб борамиз. Гоҳо кўргиликлар рўпара келса, “бу пешона-да!”, деб оҳ урамиз! “Гуноҳим йўқ эса-да, шу кўйга ташлади”, деб айбни Худога тўнкаймиз. Баъзан эса “Худо яхши кўрган бандасини қийнар экан”, деб ўзимизни алқаб қўямиз, яъни кулфат ичра ҳам кибр билан турамиз! Аслида, Аллоҳ адолатда беназир! Тўғри, ҳар кимсага тақдирни унинг Ўзи юборади, фақат феълига қараб! Ҳеч банданинг қисмати бошқаси билан алмашиб қолмайди. Ҳамма ўз экканини олади!..
***
Маънавий тарбия – инсон дунёнинг бу эшигидан кириб, у эшигидан чиқиб кетгунича давом этадиган илм бериш жараёни дегани! Маънавият инсондаги виждондир, ориятдир! Маънавият тарбияси шу ор, виждонни асраш, ўзини ва ўзгаларни асраш илмидир. Фазл йиғиб, ВАТАН ВА ХАЛҚ деб аталган онаи мукаррамага муносиб бўлиш илмидир!

2009 йил

Joomla