Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

БИР АСРЛИК ЙЎЛ

Катта матонат, ўкинч ҳамда мамнунлик каби аралаш ҳисларни қалбига умри қадар жо қилган оҳангаронлик Бекмирза ота Мотамсаро она ҳайкали по­йига тиз чўкиб, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган сафдошларини хотирлайди. Сўнг қаддини адл кўтариб, атрофга боқади. Зиналардан оҳиста қадам босиб, бир-бир санайди: ўнта экан!.. Икки зина қолганда яна тўхтайди. Бу йигирма ёш. Бир йигитнинг авжи навқирон палласи. Отахон маъюс тортади. Олис хотиротлар қаноти шу дамлар томон учаётир чоғи...

...Темир йўл вокзали. Паровоз бўғиқ, аммо қаттиқ овозда қичқиради. Бу муд­ҳиш чорлов. Иккинчи жаҳон урушининг овози... Перрондаги кажрафтор одамлар орасидан алп елкалар кўринади. Мард йигитлар мардона-мардона юради. Улар кўп, улар республиканинг ҳамма вокзалларида шундай одимлайди. Шахдам-шахдам одимлайди. Барчасининг қўйнида бир сиқим тупроқ... Улар кетишяпти. Ой бориб, она юртга омон қайтиш насиб этармикан?..

 

O‘zLiDeP Тошкент вилояти ва Оҳангарон туман Кенгашлари ҳамда Ўзбекистон фахрийларни қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик” шиори остида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

 

Унга уруш қатнашчилари,  фронт орти фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг оила аъзолари таклиф этилди.

 

Тадбир тафсилотлари ҳақида ёзишдан аввал бир жиҳатни қайд этмоқ жоиз. Бу йилги байрамлар кўтаринкиликнинг янгича руҳида – халқ сайиллари кўринишида ўтмоқдаки, кишига ажиб бир завқ беради. Жойларда бўлаётган йиғинларга борсангиз, чинакамига яйрайсиз.

 

Оҳангарон туманидаги Маданият ва истироҳат боғи ҳам шу куни ана шундай шодиёналик оғушида бўлди. Инчунин, Президентимизнинг “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, қаҳрамонларимизнинг турли даврлардаги мардлик, фидойилик ва жасоратини кенг аҳоли қатлами, айниқса, ёшлар ўртасида тушунтириш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг ёрқин хотирасини абадийлаштириш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбир кекса отахону онахонларимизга эътибор намунасининг бир кўриниши ҳамдир.

 

Сайилгоҳ тўрида қўр тўкиб ўтирган фахрийларимиз савлати йиғин иштирокчилари – O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти”, тадбиркор, спортчи, мусаввир, ҳунарманд, қўяверинг, ҳамма-ҳаммамизга туганмас мангу куч-ғайратнинг тимсолидек туюлади гўё. Бу иштибоҳ, бу ўйлар ҳеч ҳам муболаға эмас. Сиз ҳам кўринг, гумбура-қарс қилиб, даврани қиздираётган ёш доирачиларга муқом қила-қила, хиром айлаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 91 ёшли  Ҳаким ота Режабоевнинг қадди-сийрати бунга ёрқин мисол эмасми?..

 

Ҳаким ота томон юрамиз. Яқинлашгач, у киши маҳкам қучиб олади, қадоқ қўллари билан елкамизни бот-бот силайди. Фариштасифат бу инсоннинг пардек енгил танасидан ёғилаётган полвонона сезим ниҳоятда таниш – этни жимирлатади. Овоз титрайди, юрак ларзага келади:

 

– Бобожон, Сизнинг тимсолингизда бобомни кўрдим, бобом ҳам...

 

– Мен қайтаман, деб эдимми?.. Икки марта олов ичидан чиқдим болам!..

 

Урушда дийдаси қотган отахоннинг ботиқ мижжаларида ёш милтиллайди, сенлар уруш кўрма...

 

Отахон барчамизга сеҳрли қучоқ улаша-улаша, сафдошларини ўйинга чорлайди.

 

Оҳангарон тумани ҳокими Рустам Убайдуллаевнинг таъкидлашича, Иккинчи жаҳон урушига 3000 нафар оҳангаронлик йигитлар сафарбар этилиб, улардан 1300 нафари фронтда ҳалок бўлган. Омон қолганларнинг 8 нафари ҳозир барҳаёт, фарзандлари, бир этак невара, чевара, эваралари бағрида умргузаронлик қилишмоқда.

 

– Бугунги байрам нафақат Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти қатнашчилари, ўз навбатида, камолотга етишишимизда ўрнак, суянч бўлган, бой ҳаётий таж­рибаларини беминнат ўргатган муҳтарам нуронийларимизнинг айёми ҳамдир, – дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Элбек Шукуров. – Чунки, шу орқали уларга кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлигимиздан боқий меросимиз – қадрият деб аталмиш бебаҳо неъмат қувват олади, янада мустаҳкамланади. Ва, аждодлар анъана мактаби шу зайлда барҳаёт яшайверади.

 

Тадбир маросимлари уч босқичда кечди. Дастлаб қатнашчилар тумандаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, Иккинчи жаҳон уруши ва мустақиллик йилларида хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари хотирасини ёд этишди. Шундан сўнг байрам шукуҳи истироҳат боғининг асосий майдонига кўчди. Тадбир доирасида ташкил этилган Хотира турнирида  спортнинг мини футбол ва кураш турларида беллашган ёшлар ғалабаларини мамлакатимиз тинч­лиги йўлида жонини фидо қилган инсонлар хотирасига бағишладилар. Шунингдек, иштирокчилар учун уруш йиллари тасвирланган расмлар кўргазмаси ҳам намойиш этилди. Шундан сўнг ташаббускор, мутасадди ташкилот вакиллари саккиз нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига Президентимизнинг байрам ҳамда ҳомийларнинг эсдалик совғаларини тантанали равишда топширишди.

 

Нуроний отахон ва онахонларимиз миллий таомлар тортилган байрам дастурхонига таклиф этилиб, бир гуруҳ таниқли санъаткорлар юртимизни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар билан йиғилганлар кайфиятига шодумонлик улашди.

Дарвоқе, қайтар пайтимиз баланд чўққилар этагидаги гўзал, кўм-кўк Оҳангарон далаларига пастдан боқар эканмиз, дилимиз қувончга тўлади. Тарам-тарамлик касб этган бу ўзига хослик тасаввуримизда йўлдек гавдаланади. Кўксимиз фахрга тўлади. Тадбир мобайнида айтилган дуо шууримизга янаям чуқур синга боради: кексаларини эъзозлаган халқ ҳеч кимдан кам бўлмайди, шу аснода асрлар оша буюклашиб бораверади...

 

Аслиддин АЛМАРДАНОВ,
Солижон ЗОИРОВ (суратлар)
“XXI asr” махсус мухбирлари.

Тошкент-Оҳангарон-Тошкент

Joomla