Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

Бизнинг жаҳонгир бобомиз дея ғурур билан фахрланмоққа ҳар биримиз ҳақлимиз


Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларининг ўртасида жойлашган Хўжа Илғор қишлоғида Соҳибқирон бобомизнинг  таваллуд топгани, шу атрофдаги тепалик­ларда ўйнаб, улғайгани ҳақида кўп­лаб тарихий китоб­лар ва ривоятларда ҳикоя қилинган.

Бу қишлоқдаги қадим қаб­ристон ўртасида улуғ зотлардан бўлмиш Хўжа Илғор отанинг  баланд кўтарилган ва пишиқ ғишт билан ўралган қабри бор. Бир томонида арксимон жой, араб имлосида битиклар ёзилган тўртта мармартош турибди. Бу ҳудудда 1995 йили Самарқанд Археология институти олимлари қазиш ишларини олиб боришганларида жуда кўп китоблар топилганлиги маълум. Араб ва форс имлосида битилган бу ноёб дурдоналар кўп вақтлар сув остида ётганлиги боис, улардан фойдаланишнинг имкони бўлмаган. Олимларнинг изоҳ беришларича, бузилиб кетган хонақо ва чиллахона XII-XV асрларда фаолият кўрсатган экан. 1995 йилда қабристон атрофи текисланиб, “Соҳибқирон боғи” ташкил этилган эди.
Ҳайратланарли жиҳати, бу кўҳна манзил ичида битта, 300 метр чамаси узоқликда битта ва  ҳозирги Тўрт оғайни қишлоғи ичида иккита чашма-булоқлар бор. Булар Амир Темур чашмаси, Катта чашма, Қўшчашма ва Қўтирбулоқ деб аталади. Бу чашмаларнинг суви ниҳоятда ширин, шифобахш бўлгани боис қўшни вилоятлардан ҳам келиб, дардманд кишилар баҳраманд бўлишади.
Қабристонга кираверишда учта каттакон тутга дуч келасиз. Шу тутлар орасидаги сайҳонликда “Полвонтош” бор. У кўкимтир рангда бўлиб, тўртбурчак, узунчоқ шаклда йўнилган, оғирлиги тахминан 96 килограмм. Ривоятларда айтилишича, Амир Темур ёшлигида  уни елкасига кўтариб, тепаликка югуриб чиқиб-тушаркан, у елкасидан бу елкасига ўтказиб, қўлларида ўйнатиб, ҳаммани лол қолдирган...
Яккабоғ туманида Бобо Шоди, Қуръашайх деб аталувчи қишлоқлар аҳолиси билан ҳамсуҳбат бўлсангиз, ислом илмининг билимдонлари Шайх Бобо Шоди ва у кишининг  шогирдлари Тойир шайх ва Қора шайх ҳақида қизиқ ҳикоятларни айтиб беришади. Соҳибқироннинг бу шайхлар ҳузурида бўлиб, уларнинг кароматига қойил қолганликларини тўлқинланиб сўзлашади.
Айниқса афсонавий Тошқўрғон қишлоғининг ҳали ҳануз барчани ҳайратга солиб келаётган ноёб дурдоналари бор. Булар – сир-синоатга тўла “Амир Темур ғори”, “Дулдулнинг излари”, “Гулмараша” ва “Қалъаи Шерон” дара-қалъалари, “Ҳўкизбурун” ва “Байталдуми” шаршараларидир.
Амир Темур ғоридан берироқда икки тарнов сув отилиб чиқиб, ажойиб манзара ҳосил қилади. Улардан бири “Ҳўкизбурун” шаршарасидир. Ундан ҳам юқорироқдан келаётган сув сочилиб тушади. Буни учқур отнинг шамолда тебранаётган  думига ўхшатишиб, “Байтал думи” деб аташади. Айтишларича, Соҳибқирон бобомиз 50-60, 150-160 метр узунликда бўлган  “Гулмараша” дарасидаги икки қоя ўртасида арқон торттириб, йигитларни ўтказиб, “Бовурчи” чўққиси томон тепаликка эмаклатиб, машқ қилдирар экан. Тошқўрғонни қоялар ўраб тургани, тик қоялар ва кенг майдонлар бўлгани учун Темурбек бу жойларни аскарлар учун машқ майдони сифатида танлаган бўлса ажаб эмас...
Амир  Темур  ғорида ажиб сирлар яширин. Амир Темур ёшлигида 40 йигит билан бу ерга илк бор келган бўлса, кейинчалик  эса бу маконда унинг минглаб лашкарлари қўним топишган. Ғорни тик қоялар ўраб туради. У пастдаги дарёдан 500 метр баландликда жойлашгани боис, соқчилар Шаҳрисабз, Қарши ва Бухорога олиб борадиган йўлларни кузатиб туриш имконига эга бўлишган. Фақатгина сўқмоқ йўл ғорга олиб боргани учун, бу ерга бостириб киришнинг сира иложи бўлмаган. Бу ерда иккита ғор бўлган, дейишади қишлоқ кексалари. Биринчи ғор 190 метр узунликда бўлиб, жаҳонгир аскарларининг отлари сақлангани учун Сайисхона деб аталган.
Иккинчи ғор 20-10 метр ҳажмда бўлиб, супалари сақланиб қолган. Супа деворлари баландлиги 5 метр бўлиб, улардан бири Сайисхона билан асосий йўлни бирлаштириб туради. Ғорга олиб борувчи тош пиллапояларнинг узунлиги 20-25 метр, баландлиги 5-6 метр бўлган. Ғорга кириб, озгина юрганингиздан сўнг, ўзингизни бироз беҳол сезасиз. Ҳаво намлиги ошиб, шифтдан томчилар томиб туради. Илгари ғор ичидан турли тарафларга борадиган йўл бўлган. Ҳозир уларни ҳарсанглар беркитиб қўйган. Тахминан 500 метрча юрганингиздан сўнг, ғор бироз тораяди, яна озроқ юрилгач кенгайиб, кенгроқ даҳлиз намоён бўлади. Даҳлиз бўйлаб боравериб, тош деворга дуч келасиз. Лаҳм йўли шу ердан бошланади. Эллик метрча тошлар орасидан фақат эмаклаб ўтиш мумкин. Бу ерни “Синов йўлаклари” ҳам дейишади. Ҳеч эсимдан чиқмайди, биз билан борган айрим кишилар шу ерга келганида саёҳатни тўхтатишган эди...
Лаҳмдан эсон-омон ўтиб олганингиздан сўнг, ажиб бир манзара қарши олади. Тош хонақоҳ бўйлаб ғаройиб саёҳат бошланади. Хоналарни айланиб юриб, қаршингиздан тип-тиниқ, қорамтир тусда бир кўл чиқиб қолганини сезмайсиз ҳам. Сувнинг шовқини ажиб бир мусиқага ўхшаш оҳанглар таратади.  Кўлнинг суви ширин ва шифобахш. Одамлар бу кўл сувидан олиб кетишади. Афсонавий Амир темур ғори бўйлаб саёҳатингиз мана шу жойга келганда поёнига етади...
Қишлоқ одамлари орасида бу кўлни кечиб ўтиб, катта даҳлизга чиққанлар ҳам бор экан. У ерда ҳам тошдан ясалган кенг супа бўлиб, юқориси тубсиз баландлик эмиш. Амир Темур ғорининг узунлиги ғор оғзидан то кўлгача 600-660 метр чиқар экан. Ғор ҳақида турли афсона ва ривоятлар бор. Шулардан бирида қадимда бу макон асори-атиқаларга тўла бўлган, даҳлизларда тош­дан йўнилган шамдонлар атрофни ёритиб турган дейилади. Аммо улардан ҳозир асар ҳам йўқ.
Афсонавий Амир Темур ғори тилсимотлари ҳақида таниқли ёзувчи, тележурналист Нормурод Норқобилов махсус экспедиция уюштириб, кўп қисмли ажойиб ҳужжатли телефильм яратган, китоблар ёзилган. Ҳозир ҳам бу ғаройиб манзилга қизиқиш катта.
Инсоният тарихида жаҳонгирлик даъвоси билан тарих саҳнасига чиққан фотиҳлар орасида бобомиз ўзининг илм-фан, маданият ва санъатга, меъморчилик ва бунёдкорлик ишларига қўшган ҳиссалари билан ажралиб туради. Миллий давлатчилигимиз ривожида ўз ўрнига эга, ўз даврида буюк давлатга асос солган  буюк сиймолардан бири бўлган Соҳибқирон Амир Темурнинг улкан салоҳияти, бебаҳо маънавий мероси халқимизнинг ижтимоий-сиёсий ва маънавий онгини юксалтириш, миллатимиз тарихи давомида шаклланиб келган умум­инсоний қадриятларини тиклаш, маданий тараққиётимизнинг ўзига хос хусусиятларини очиш, ёш авлодни буюк аждодларга муносиб ворислар бўлиб улғайишларига ибрат намунаси бўлиб хизмат қилаверади.
Сайфулла ИКРОМОВ,
“ХХI asr” мухбири

Joomla