Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

БОЛАНИНГ БЕГОНАСИ БЎЛМАЙДИ


Ёшлигимда ўзбек тилига таржима қилинган баъзи хорижий фильмлардаги бир лавҳа ҳайрон қолдириши баробарида ҳавасимни ҳам орттирар эди: “Вояга етмаган болалар кўчада милиция ходимига кўринмасликка ҳаракат қилишар, атрофни кузатиб юрган (хизмат хонасида ўтирмасдан...) мелиса амаки мактаб ёшидаги ўғил-қизларни кўрса, нега мактабга бормаганини сўроқ қилар ва нозирхонага бошлар эди...”.
Бу бежиз эмас: мактабга бормай, кўчада ўйнаб юрган ўқувчини кўрганда, сўроқ қилган инс­пектор ёки маҳалла раисини деярли учратмасдик-да. Саёқ юриб, безориликни ўзига касб қилиб олган болакай ўзини “маҳалласининг шери” ҳисоблаб, теккангаям, тегмагангаям тош отаверади, охири кимнингдир бошини ёради-қўяди. Ана шундан кейин (жабрланган боланинг ота-онаси мурожаат қилгач) милиция ходими уни излаб уйи­га келади, бола ва ота-онасини сўроқ қилади, тегишли ҳужжатларни расмийлаштиради...
Аммо барчага маълумки, касални даволагандан кўра...
Ана шу мақсадни кўзлаган ҳолда Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 9 февраль куни Вазирлар Маҳкамасида ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида сўзлаган маърузасида ҳафтанинг пайшанба кунини “Жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни”, деб эълон қилишни таклиф этди. Эндиликда шу куни ҳудудлар прокурорлари ва ички ишлар бошқармалари бошлиқлари маҳаллий телеканалларда чиқишлар қилиб, содир этилган жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, олдини олиш бўйича тадбирлар ва профилактикаси ҳақида ахборот беради.
Олмалиқ шаҳар ИИБ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими ходимлари ҳам тегишли ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда касб-ҳунар коллежлари ва мактабларда давомат тадбирлари ўтказишмоқда. Ушбу жараёнда дарсга сабабсиз қатнашмаётган бир нафар ўқувчининг ота-онаси билан суҳбат ўтказилди, уларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний чоралар кўрилиши учун ҳокимлик ҳузуридаги Вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиясига юборилди.
Бундан ташқари, содир этилган жиноятларда шубҳа остига олинган 45 нафар шахс милиция таянч пунктларига келтирилиб, уларнинг 15 нафарига нисбатан мазкур кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий чоралар белгиланди.
– Ички ишлар органларининг ҳар бир ходими тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлаш, жамоат тартиби, маҳалла хавфсизлигини таъминлашдек мураккаб, айни вақтда шарафли вазифани бажариш учун бор билим ва салоҳияти, куч-ғайратини сафарбар этиши лозим, – дейди Олмалиқ шаҳар ИИБ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими бошлиғи Анвар Хўжакелдиев. – Шу мақсадда маҳалла фаоллари ва профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг шарт-шароит ва омилларини ўрганиш, ҳар бир жиноят тафсилотини ички ишлар органлари раҳбарлари иштирокида чуқур таҳлил қилиш йўлга қўйилди. Айниқса, Президентимиз жорий йил 10 апрелда имзолаган “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний  манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ички ишлар органлари тизимида туб ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб бериши баробарида зиммамиздаги масъулиятни янада оширди. Зеро мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш қонун устуворлигига эришиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ўз вақтида амалга ошириш, ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Натижада эса фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида тизимдаги ҳар бир ходим фаолияти самарадорлиги ошади.
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,
“XXI asr” мухбири

Joomla