Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

ДАВРАЛАРНИНГ ТЎРИ СИЗНИКИ!



Иминжон ота ТЕМИРОВ,
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси,
Андижон вилояти:

– Ўйланг, айни қирчиллама йигит ёшида урушга кетган менинг тенгдошларим бир асрни қоралаб қолди, ахир. Бундай ёруғ, саодатли кунларга етиб келишнинг ўзи бўлгани йўқ-да, азизлар!
...Қишлоқнинг файзли хонадони. Ҳовли саҳнидаги шинам сўрида оҳиста мудранаётган донишмандсифат нуроний отахоннинг хаёли олисларга кетади. Кўз олдидан тасмадек ўтаётган уруш лавҳалари туйқус уни сескантиргандек бўлади. Ногоҳ гўё кўзлари ярқ этиб очилгандек атрофга шукрона назар билан боқади...
Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатли талотумларида кечган кунлар андижонлик Иминжон ота Темировнинг ёдидан ҳеч қачон чиқмайди. Оловли йиллар хотираларини фарзандларига, невараю эвара-чевараларига сўзлар экан, тилидан шукрона тушмайди:
– Дориломон кунларнинг қадрига етайлик. Биз урушни кўрдик, унинг нима эканлигини, даҳшатини биламиз. Барака топсин, муҳтарам Президентимиз кексаларни  эъзозлаш ва уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга алоҳида эътибор қаратяптилар. Айниқса, “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларини телевизорда эшитиб, кўнглим тоғдек кўтарилди. Бизнинг сафимиз шундоғам йил сайин эмас, керак бўлса кун-ой сайин сийрак­лашиб бораётган бир маҳалда шу даражада эҳтиром кўрсатилишининг ўзи бутун халқимизни суюнтиради. Нега десангиз, ёши улуғларни қадрлаш эртанги кун эгалари учун ҳам ўзига хос бир мактаб. Юртбошимизнинг меҳрибончилик кўрсатганликларидан руҳланиб,  Яратгандан жаннатмонанд Ўзбекистонимизни, бағрикенг, меҳр-муҳаббатли халқимизни ҳар лаҳзада қўллаб туришини сўраб, дуолар қилдим.
...Тасаввур қиляпсизми, бундан роппа-роса 75 йил аввал, яъни, 1942 йилда биринчилардан бўлиб урушга кетган Иминжон отанинг кўрган-кечирганлари кино ёки китобларга сиғмайди. Ўзга элларда кўрган азоб-уқубатлари, оғир жароҳатлари ҳақида сўрасангиз, жимгина хаёл суради ва секингина “Қўйинглар, бизнинг авлод бошига тушган кўргуликлар энди эртакка айлансин” деб қўяди.  Жаҳаннам ўчоғидан ой бориб, омон қайтиш насиб этган Иминжон бобо ўзининг қадрдон Марҳаматига қайтиб келгач, умрини дала ишларига бағишлади. Пахтачилик ва бошқа соҳаларнинг ривожига муносиб ҳисса қўшди. Тўққиз фарзандни тарбиялаб, вояга етказди.
Бугунги кунда отахон 39 невара, 45 чеваралар даврасида эъзоз-ардоқда. Бу хонадонга нафақат қўни-қўшни, қариндош-уруғлар, балки туман, вилоятнинг бошқа гўшаларидан ҳам бу дуогўй, фариштасифат инсонни бир кўрмоққа, зиёрат қилмоққа орзуманд юртдошларимиз кўп келишади.

***

– Бобожон, уруш дегани нима?
– Болам, эртакларда ўқигансан: оғзидан олов чиқарадиган аждарҳо бор-ку, ана ўшанинг ўзи. Қўй, урушни тилингга олма, болам. Тинчликдан, хотиржамликдан сўзла фақат...
Умарали ота чеварасининг бошини силади. Ёдида машъум уруш хотиралари жонланди. 1942 йил. Қонли тўқнашувлар... Ота кўзларини чирт юмди! Қани энди унутиб бўлса, воз кечиш мумкин бўлса бундай азобли хотиралардан...
– Дунёда тинчлик-осойишталик деган улуғ неъмат бор экан, ҳар соатда шукрона келтирсак арзийди, – дейди  отахон кипригида милтиллаган ёшларни яшириб.
Жалақудуқ тумани Ойим қиш­лоғининг Тошлоқ маҳалласида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан биргина Умарали ота Ҳайдаров қолди. Бобо баҳорни яхши кўради. Урушдан қайтиб келгач, жамоа хўжалигида ҳайдовчилик қилди. Икки ўғил, уч қизни вояга етказди.
Бугун давраларнинг, дастурхонларнинг тўри 93 баҳорни қаршилаган Умарали отаники, унга тақдирдош бўлган, юзлаб довюрак, жасур ва мард инсонларники. Зеро, бундай нуроний боболарни ҳар куни, ҳар лаҳза қадрласак, ардоқласак, эҳтиром кўрсатсак, барибир кам.
Зилола РАҲМОНОВА,
“XXI asr” мухбири

Joomla