Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

ДЕПУТАТ ВА САЙЛОВЧИ: мулоқотлар давом этади


Шу кунларда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Олий Мажлис қуйи палатасига сайланган депутатлар гуруҳи жойларда бўлиб, халқ билан юзма-юз мулоқотда бўлмоқдалар. Зеро, ижтимоий ҳаёт барқарорлиги, мамлакат тараққиёти, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқи ҳимояси қонунлар ижросига боғлиқ. Қонунлар эса эркин ва фаровон турмуш кечириш кафолатидир. Демак, бу масалада қонун ижодкорлари зиммасига катта масъулият юкланади. Ана шу улкан вазифалар ижроси халқ билан ҳамнафас бўлишда намоён бўлади.
АНДИЖОН. Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари Избоскан туманида бўлишди.
– Тумандаги Узун кўча, Қум кўча, Тошкечик, Гуркиров ва Анорзор маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 52 та хонадонда бўлганимда фуқаролар томонидан жами 65 та мурожаат билдирилди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзоси Тўлқинжон Каримов. – Учрашувларда мавзу асосан уй-жой, бандлик, пенсия ва нафақа таъминоти, банк, йўл қурилиши, таълим ва соғлиқни сақлаш борасидаги муаммолар ва уларнинг ечими хусусида бўлди. Бу ҳол ушбу тизимларда қилиниши лозим бўлган ишлар кўплигини англатади. Мурожаатларнинг аксарияти маҳаллий ҳокимият идоралари мутасаддилари билан бирга ўша жойнинг ўзида ҳал этилаётир.
– Биз истиқомат қиладиган ҳудудни суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлашда узилишлар бўлиши мудом қийинчилик туғдиради, – дейди Тошкечик маҳалласи,  Мардлар кўчаси, 43-уйда яшовчи Юсуфжон Каримов. – Депутатнинг ташрифи кўнглимиздаги иш бўлди. Мурожаатимиз ўз вақтида ҳал этилди. Туман газ идораси бош муҳандиси Файзулло Мўйдинов суюлтирилган газ баллонлари таъминотини зиммасига олди.
Анорзор маҳалласида яшовчи Каримжон Мўминов паррандачилик  билан астойдил шуғулланмоқчи, анчадан буён шу ишнинг тадоригида эди. Аммо имтиёзли кредит олиш билан боғлиқ муаммо ишга тушов бўлаётганди. Унинг мурожаати депутат ва мутасаддилар томонидан ўрганилди. Масала ўз ечимини топди: фуқаро ташқи иқтисодий фаолият “Миллий банк”нинг туман бўлими билан кредит шартномасини имзолади.
Тағин бир мисол. Гулсара Аҳмаджонова туманнинг Гуркиров маҳалласида яшайди.  2006 йилда туғилган қизи Гулҳаёга камхаржлиги сабаб ногиронлик аравачасини олиб беролмаётган эди. Унинг муаммоси ҳам ҳал этилди. Бундай мисоллар кўп.
Қонунчилик палатасидаги фракция­миз аъзоси Абдуллажон Ҳамрақулов шундай дейди:
– Туманнинг Гузар, Истиқлол, Тинчлик, Тўрткўл, Ботиробод маҳаллаларида 35 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуддаги маиший савдо хизмат кўрсатиш жойи етти йил аввал номаълум сабабларга кўра фаолиятини тўхтатган эди. Шу ҳудуд аҳолиси эҳтиёжи учун ё 7 чақирим йўл босиб туман марказига ёки шунча масофа юриб, қўшни – Наманган вилоятининг Ҳаққулобод шаҳарчаси бозорига боришга мажбур. Бу беҳуда вақт исрофи, ортиқча чиқим деганидир. Вазият обдон ўрганилиб, туман ҳокимлиги мазкур ҳудудда маиший савдо хизмат кўрсатиш жойи учун ер ажратилишини маълум қилди. Ўйлаймизки, тез орада аҳолининг оғири енгил бўлади...
Дарвоқе, Муроджон Ҳожибеков депутат билан учрашувни унутмаса керак. Негаки,  Ал Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетини тамомлаган Муроджон ҳанузгача ишсиз эди. Ёш мутахассис йигитнинг муаммоси вилоят миқёсида кўриб чиқиладиган бўлди. Натижа ижобий бўлишининг эҳтимоли жуда юқори.
Зилола РАҲМОНОВА,
“XXI asr” мухбири
* * *
НАВОИЙ. Фракциямизнинг яна бир аъзоси Ўткир Турсунов вилоятнинг қатор жойларида бўлиб, аҳолининг яшаш шароити, даромад манбаи, тиббиёт ва таълим муассасаларидаги аҳвол билан танишмоқда.  Кеча Нурота тумани “Ғозғон” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги маҳаллалар аҳолиси билан юзма-юз мулоқот бўлди. Маҳаллий аҳолининг асосий машғулоти мармар тошларни қайта ишлаш. Шунингдек, томорқа деҳқончилиги билан шуғулланишади. “Мармаробод” маҳалласида яшовчи аҳолининг кўпчилиги экинлар учун сув камлиги, газ босими пастлиги ва чиқинди ташлаш учун жой йўқлигидан ёзғиришди. Чиқинди муаммоси шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Сув ва газ масаласидаги мурожаатларга фаол ечим изланмоқда. Муҳими, ҳаракат бор, демак, ҳадемай ечим ҳам топилади. Қишлоқ врачлик пунктида аҳолининг айрим тоифа вакилларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш борасидаги камчилик устида ҳам бош қотирилди. Натижада туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти билан масалани жойида ҳал этиш имконияти топилди.
Депутат энди кейинги  ҳудудга йўл олди.
Азамат САФАРОВ,
“XXI asr” мухбири
* * *
БУХОРО вилоятининг Пешку туманидаги 27-Жилвон сайлов округи ҳудудида жойлашган Истиқбол қишлоқ фуқаролар йиғини аҳолиси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жамол Носировнинг ўтказган учрашуви анча самарали бўлди. Жонли мулоқот чоғида ҳудудда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, магистраль ва ички йўлларни таъмирлаш, фермер хўжаликлари ишчиларига пенсия дафтарчаларини очиш, турар жой биноларини ҳужжатлаштириш билан боғлиқ  қатор муҳим масалалар  илгари сурилди. Кўтарилган масалаларнинг аксариятини жойида ҳал этиш имкониятлари қидирилди. Айримлари хусусида тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.  Масалан, “Боғимусо” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Жалил Шамсиевнинг уйи таъмири билан боғлиқ масала шу ернинг ўзида ижобий ечимини топган бўлса, Гулсара Аҳмедованинг “Агробанк” туман бўлимидан олиши керак бўлган кредити тез орада ўз ечимини топадиган бўлди. Дўрмон қишлоғида истиқомат қилувчи тадбиркор Ойнисо Эргашева  кўтарган муаммо эса анчагина долзарб экан.
–  Яхши ният билан ташкил этган тикув цехимиз электр таъминоти билан боғлиқ узилишлар сабаб кўп вақтимиз ҳавога совурилмоқда, – деди ишбилармон аёл. – Оқибатда маҳсулот сифати ҳам, иш вақтидан унумли фойдаланишимиз ҳам ўз ўрнида бўлмаяпти.
Демак, муаммо жиддий. Тезда ечимини топиш керак. Шундай бўляпти ҳам.
Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Бафоевнинг тумандаги Зандани қишлоқ фуқаролар йиғини ва Хоркаш маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашувларида ҳам шу ва шу каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Асхор ИСТАМОВ,
“ХХI asr” мухбири
* * *
НАМАНГАН вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги “Истиқлол” ва “Чуст кўприк” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги “Тадбиркор”, “Зиё”, “Оқтош”, “Катта Есин” кўчаларида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари билан уюштирилган мулоқот ҳам самимий кечди.
– Бу галги учрашувлар давомида “Чуст кўприк” маҳалла фуқаролар йиғини “Катта Есин” кўчасида яшовчи аҳоли уйлари 2016 йилнинг ноябрь ойида бузилишга тушганлиги, аммо ҳозиргача уларга ажратиладиган намунали уйлар қуриб битказилмаганлиги маълум бўлди. Аҳолининг бу масаладаги мурожаатларини қатъий назоратга олиб, намунали уй-жойлар қурилишига масъул бўлган “Ахрабо” МЧЖ мутасаддиларига белгиланган муддатда ишларни бажарилишини таъминлаш бўйича таклиф жўнатдик. Мурожаатимизга қисқа фурсатда жавоб олдик. Унга кўра қурилиш ишлари ўз вақтида якунланиб, аҳолига намунали уйлар белгиланган муддатда топширилиши маълум қилинди. Ушбу масалани доимий назорат қилиб борамиз албатта, – деди фракциямиз аъзоси Наргиз Халилова.
* * *
ЖИЗЗАХ вилоятидаги мулоқотлар ҳам янада жонли ва қизиқарли руҳда ўтаётганлигини O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Нодирбек Ражапов алоҳида таъкидлаб, Шароф Рашидов тумандаги “Умар” МФЙ, “Равот” ҚФЙ ҳудудидаги маҳаллалар хонадонлари ва 5 та ташкилотдаги мавжуд муаммолар ўрганилганлигини айтди.
Учрашувлар давомида аҳолидан кўплаб мурожаатлар келиб тушди.  Уларнинг аксарияти жойида ҳал этилмоқда.
– Жорий йил февраль ойида чорвачиликни йўлга қўйиш мақсадида “Халқ банки” туман филиалига кредит олиш учун барча керакли ҳужжатларни топширган эдик, – дейди “Умар” МФЙ, А.Ўсаров кўчасида истиқомат қилувчи Миржалол Маматмусаев. – Аммо ўз вақтида жўяли натижа, жавоб ололмадим. Депутатларимизга мазкур масала бўйича мурожаат этган кунимизнинг эртасигаёқ бизни банкка чақиришди ва кредит олиш бўйича шартнома имзоладик. Ўзимиз ишониб, овоз берган депутатларнинг бизга кўрсатаётган амалий кўмаклари учун миннатдормиз.
Шунингдек, парламентдаги вакилимиз томонидан туманнинг тиббий ёрдам билан таъминланганлик даражаси ҳам таҳлил этилди. Маълум бўлишича, туманда тиббий хизматлардан фойдаланиш имконияти ва сифати, аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилиши ва қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятининг ҳолати талаб даражасида эмас. Шу ва шунга ўхшаш муаммоли масалаларни бартараф этиш мақсадида туман ва вилоятдаги мутасадди ташкилотларга тегишли кўрсатмалар берилди. Уларнинг бажарилиши юзасидан Халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи вакиллари томонидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Акбар МУЗАФФАРОВ,
“XXI asr” мухбири

__________________________________________________________________________________________________________________________
Дарҳақиқат шундай. Бугунги сайловчи парламентдаги вакили билан доимий
мулоқотда бўлишни истайди ва бу амалда ўз исботини топмоқда.
Зеро, қачонки сайловчи ва депутат ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатилсагина,
қабул қилинаётган қонунлар мукаммал ва халқчил бўлади,
ўз навбатида жойларда юзага келаётган муаммолар ҳам ечимини топиб бораверади.
Мулоқотлар 10 апрелга қадар давом этади.
Газетамизнинг кейинги  сонларида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
O`zLiDeP фракцияси аъзоларининг бошқа вилоятлардаги учрашувлари ҳақида ҳикоя қиламиз.

Joomla