Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

ҚИЗ СЕПИГА КИТОБ ЯРАШАДИ


Китоб ва китобхонлик  ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин. Шу ҳақда ёзай деб қўлга қалам олдим-у, хаёлимга  наманганлик Рустам Долим деган иқтидорли болалар шоири келди. Ўйлаб кўрсам, бу мавзуда сийқа гапларни ёзишдан кўра, Рустам аканинг ҳаётий меъёрларини битиш маъқулдай. Зеро, шоирнинг китобга бўлган муҳаббати тайёр ибрат, муболағадан йироқ намунадир.
Рустам ака Мингбулоқдан. Ўзи ҳам болафеьл, дали-ғули, кўнгли очиқ одам эди, раҳматли. Китоб деса, томдан ташларди. Бирор куни йўқ эдики, туман газетасидаги ишидан узилиб,  кутубхонага бормаса ёки китоб дўконини ораламаса... Қайси шаҳарга бормасин – биринчи кирадиган жойи китоб дўкони эди. Бирорта дўст-ёри узоқ сафарга отлангудек бўлса, жомадонини аэропортгача кўтаришиб чиқиб, чўнтагига беш-тўрт сўм суқиб, энг яхши китоблардан олиб келишини тайинларди.
Акамиз ҳақида яна бир ибратли гапни айтсам, кўплар ишонмас эҳтимол, бироқ бу бўлган воқеа: бир замонлар қизининг сепига ҳазрат Алишер Навоийнинг “Хамса”сини қўшиб берган ҳам ана шу киши бўлади. Ўша пайт унинг бу “ғаройиб”  иши қишлоқда  роса “гап-сўз” бўлганди. “Тавба-тавба, – дейишган эди одамлар. – Сепга ҳам китоб қўшиб берадими? Оббо, дарвеш-ей!..”.
Энди шундай одамнинг хонадонида қандай ном ва сонда китоблар бўлишини тасаввур қиларверинг! Йўқ китобнинг ўзи йўқ десак, ишонарсиз?
Бир гал Рустам аканикига бориб, у кишининг кутубхонасини томоша қилаётиб Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари”га кўзим тушса денг. Шоирдан шу китобни уч-тўрт кунга бериб туришини илтимос қилдим.
– Тани-жонинг соғ бўлсин ука, – деди шоир. – Ўғлимнинг тўйига ният қилиб, бир эмас, иккита қўчқор боқаяпман. Шуни биттасини олиб кетавер, лекин бу китобдан гап оча кўрма!
– Жоним акам, қадрдоним акам...
– Мени қийнама, бола!
У десам бу деди-бу десам – у... Унамади-е! Томоғимдан ҳеч нарса  ўтмай қолди. Икки кўзим ўша китобда. Орада шоирнинг аёли, мактабда муаллима бўлиб ишлайдиган   Инобатхонга “арз-ҳол”  қилишгаям улгурдим: “Бир нарса денг...”.
Инобатхон орага тушди:
–  Меҳмоннинг амри – вожиб, дадаси, китобни беринг, ўқиб қайтариб бераман деяптилар-ку...
Шоир шунда ҳам унамади.
– Нима, менга ишонмайсизми? – дедим атайин ўзимни жаҳлим чиққанга солиб. – Битта китоб одамдан азиз бўлибдими?! Ахир келтириб бераман, деяпман! Туғишганимдай бўлсайиз... Шунақамас-да  энди,  Рустам ака?!
Бу гапдан кейин шоир тўқсон градусга ўзгарди.
– Шу гапинг гапми, қайтариб берасанми?
Гап битта!..
Алқисса, ўша куни шоирнинг тишини суғургандек бўлиб “Тиб қонунлари”ни олиб қайтдим... Китоб эса менда “ана-мана” деб роса... олти йил қолиб кетди. Бу орада шоир каминага не-не одамлардан “салом йўлламади” дейсиз. Ҳатто, Акром Қодир деган бир ҳамкасбимизни кўрганда йиғлагудек бўлиб арз қилибди: “Туппа-тузук одам деб юрсам, жуда мазаси йўқ экан бу дўстингизни, битта китобни қайтариб бераман, деб олиб кетганича қорасини кўрсатмайди-я!”
Хўш, китобни қайтариб бериб қутулдингизми, дейсиз-да?
Буёғиям қизиқ...
Нима ҳам бўлибди-ю бизнинг маҳалладан бир йигит Рустам аканинг бодом қовоқ қизига кўнгил қўйибди. Институтда бирга ўқишар экан-да. Алқисса, бўлғуси куёв уч-тўрт оқсоқолни Мингбулоққа жўнатади.
– Қаердансизлар? – қизиқсинибди шоир.
– Попнинг Сангиданмиз, – де­йишибди совчилар.
– Санг катта жой бўлса, айнан, қаеридансизлар?
– Гузаридан.
Шоир бу жавобдан бир тўлғониб олиб, каминани сўрабди.
– Э, у кишини яхши таниймиз, – дейишибди.
– Уҳ, ярамас! – дебди шоир тиззасига уриб. – Ўзи яхши бола. Аммо... Мендан битта китоб олиб, олти йилдан бери қайтармайди! Ўша китобни олиб келиб бериш шарти билан тўйга розилик бераман! Омин,  икки ёш бахтли бўлсин!
Бу гапни менга  отахонлар  ўз оғизлари билан айтиб беришди.  Гап орасида янги қуда –  Рустам ака мени қаттиқ ҳурмат қилишини алоҳида таъкидлаб, тўй бўлиши шарти китобни қайтаришга боғлиқлигини ҳам қистириб ўтишди. Ваъдани қуюқ қилдим-у турли сабаблар билан китобни эгасига етказиш ортга сурилди. Бу орада тўй ҳам бўлиб ўтди... Бир куни уйда ўтирсам, биров чақиради. Чиқсам, остонада қиличдек бўлиб Рустам аканинг куёви турибди.
– Келсинлар...
–  Ассалому алайкум, – деди куёвбола қўлини кўксига қўйиб. – Қайнотамдан китоб олган экансиз, шунга...
Кулгим қистаган куйи бу гал  “Тиб қонунлари”ни олиб чиқиб бердим.
Эртаси Рустам Долимнинг “салом”и келди.
– Уҳ, ярамас! Олти йил деганда қайтарди-я! – дебди, кейин қўшиб қўйибди. – Аммо, ўзи яхши бола! Яхши кўраман уни!..
Алалхусус...
...Ушбу хотиралар қоғозга тўкилар экан, кўз ўнгимда Рустам аканинг жилмайиб турган сиймоси гавдаланади. Агар у киши ҳаёт бўлганида Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишини  ўқиб қанчалар қувонарди?..
Бу ҳолатни тасвирлашга сўз топишим қийин...
Ушбу мақолани таҳририятга жўнатиш олдидан Мингбулоққа бирров ўтиб келдим. Яшириб нетай, кўнглимнинг бир четида  “Рустам Долимнинг  китоблари турибдими экан-а, қай аҳволда экан?” деган иштибоҳ ҳам йўқ эмасди-да.  Шоир яшаган уй дарвозаси ёнидаги лавҳага кўзим тушган заҳоти кўнглимга нур оралагандек бўлди. “Таниқли шоир ва журналист Рустам Долимовнинг шахсий кутубхонасига хуш келибсиз”, деб ёзилган эди унда. Бу қутлуғ хонадон  чироғини ёқиб ўтирган Инобатхон ҳам, унинг бири-биридан оқил ўғил-қизлари ҳам  китобни севадиган, китобни ардоқлайдиган зиёли  одамлар-да. Кўп ва хўб яхши иш қилишибди. Шоирдан мерос бебаҳо хазина кўпчиликка хизмат қилса, ундан кўплар  баҳраманд бўлса, бунинг савобига не етсин...

Ортиқали НОМОЗОВ

Joomla