Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

КЎЗЛАНАЁТГАН МАРРА УЗОҚ ЭМАС уни забт этиш, аввало, ўзимизга боғлиқ


Сир эмас, айрим ёш-ўсмирларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши баъзи ҳолларда қийин кечади. Кимдир табиатан журъатсизроқ – бирор ишни бош­лашда кўп тараддудланади, кимдир  ёши катта кишилар йўл-йўриғига, мададига мудом эҳтиёж сезади, яна кимдир яратилаётган улкан имкониятлардан бехабар, бепарво... Англашиладики, бундай шароитда уларга ҳар томонлама ёрдам бериш зарур. Мазкур йўналишда тегишли, масъул ташкилотлар қатори O‘zLiDeP, хусусан, унинг “Ёшлар қаноти” бўлими ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатларини тобора такомиллаштириб бораётир. Ўтказилаётган лойиҳалар, мулоқотлар, давра суҳбатлари натижасида минглаб ўғил-қизлар турли соҳаларда ўз салоҳиятини намоён этиш имкониятига эга бўлмоқда. Шу ўринда бир фикрни қайд этиб ўтиш жоиз: партия келажагимиз эгалари орасида ўз дастурий ғояларини, шунингдек, тадбиркорлик ҳаракатини тарғиб-ташвиқ қилиш билангина кифояланиб қолиши ҳам мумкин эди. Зотан, тегишли ваколат ва имкониятлар ҳам асосан ана шундай муҳим вазифаларни амалга оширишга қаратилган. O‘zLiDeP эса дадиллик билан ёшларга кредит ажратиш, уларни доимий ишга жойлаштириш, ҳуқуқий, иқтисодий билимларини кенгайтириш сингари кўплаб амалий ишларга ҳам киришганки, бу ташаббус эътиборли ва эътирофлидир. Ушбу ҳафтада поёнига етиши кутилаётган “Диплом билан – бизнесга” ва “Ёш мулкдор – юрт таянчи” лойиҳалари доирасидаги семинар-тренинглар ҳам кутилган самараларни бераётир. Шунинг баробарида бу жараёнда баъзи хато-камчиликлар ҳам кўзга ташланди.
Ана шулар хусусида батафсил тасаввур ҳосил қилиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, фракциямиз аъзоси, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Элбек Шукуров билан суҳбатлашдик.
– Бу галги семинар-тренингларда ташаббус­кор йигит-қизлардан қанчаси қамраб олинди, натижалар қандай? Ўз бизнесимни бошлайман деб турган ёшлардан қанчаси банклардан имтиёзли кредит олиш имкониятига эга бўлди?
– Лойиҳаларимиз ҳали давом этаётгани боис ҳозирча аниқ рақамларни келтира олмайман. Шундай бўлса-да, бир гапни дадил айта оламан: бу йил кредит оладиганлар сони ўтган йиллардагидан анча кўп бўлади. Зеро, мақсадни ҳам айнан шундай йўсинда қўйганмиз. 2016 йили 2 минг 712 нафар ёш тадбиркорга қарийб 26 миллиард сўм миқдорида сармоя ажратилган.
Айни вақтга қадар тадбирларга 6 мингга яқин коллеж битирувчиси, деярли 3 минг нафар уюшмаган ёшни жалб қилишга эришдик. Уларнинг аксариятида тадбиркорликка қизиқиш уйғотдик, бу йўналишдаги билим ва тасаввур доирасини кенгайтиришга муваффақ бўлдик. Шу ўринда тўғри маслаҳат, тажриба-тавсияларнинг аҳамияти юқори бўляпти. Айтайлик, пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ўтказилган семинар пайтида кредитга талабгор бир йигит “фаст-фуд” маҳсулотларини тайёрлаб сотиш учун бино қуриш режасини гапириб берди. Банк ходими ушбу мақсадни махсус кўчма аравачаларда амалга ошириш мақсадга мувофиқлигини билдирди. Дарҳақиқат, шундай қилинганда катта маблағ, вақт ва куч сарфланмайди. Кредитни қайтариш ҳам осон кечади. Шунингдек, мулоқотлар чоғида йигит-қизлар ўзларини қийнаётган муаммоларни ўртага ташладилар, саволлар бердилар, талай таклифларни илгари сурдилар. Тадбирларда мингга яқин мурожаат жойида кўриб чиқилиб, ҳал қилингани эса фаолиятимиз ютуғидан дарак бериб турибди. Ҳатто бизнесини бошлаш имконияти бўлмаганларга ҳам бу йил ёрдам беришга ҳаракат қилдик. Кўплаб ёшларнинг бандлигига кўмаклашилди. Масалан, семинар иштирокчиси, Сурхондарё вилоятининг Узун туманидан келган Аширгул Раҳимова туман қишлоқ хўжалик бошқармасига етакчи мутахассис бўлиб ишга кирди.
–  Жорий йилги семинарларнинг  аввалгиларидан фарқи нимада?
– Аввало шуни қайд этишни истардимки, хўжакўрсинга юзлаб ёшларни, имкон қадар кўпроқ йигит-қизларни семинарларга жалб қилишни мўлжал қилмадик. Яъни, оз бўлсин-у соз бўлсин. Уюшмаган ёшлар билан ишлашда масалага шу тахлит ёндашган маъқул, деб ҳисоблайман. Чунки ҳамма жойларда ҳам ўз ишини йўлга қўйишга чинакам иштиёқмандлар бўлмаслиги мумкин. Фикримга қўшиларсиз – ҳар йили ҳар бир тумандан ўртача 20 нафар ёшнинг амалда деҳқончилик ёки тадбиркорликка қўл уриши ҳам ёмон натижа эмас. Шу боис семинарлардан олдин уюштирилган сўровномалар билан муайян ҳудуддаги жамики маҳаллаларни қамраб олишга интилмадик. Масалан, Тўрткўл туманида 20 та маҳалла бор. Биз улардан 8 тасида сўров ўтказдик. Дарвоқе, ёндашувнинг бу илк шакли, яъни уйма-уй юриб, мулоқот ўтказиш – партиявий ишга янгича қарашларни юзага келтирди. Зеро, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев O‘zLiDePнинг VIII съездидаги маърузасида уюшмаган ёшлар ўртасида олиб бориладиган ишларни кучайтириш бўйича ҳали олдимизда катта вазифалар тургани ҳамда партиямиз “Ёшлар қаноти”ни янада кучайтириш, унинг азму шижоатли, ташаббускор ёшларимизни ўз атрофида бирлаштиришга қаратилган фаолиятини жонлантириш борасида билдирган фикрлари бизни бетиним ишлашга, изланишга ундамоқда. Яна бир ютуқ шундаки, O‘zLiDeP вакилларининг хонадонларга кириб бориши, ёшлардан ҳол-аҳвол сўраб, кўмак бериш мақсадида келганликларини маълум қилишларининг ўзиёқ укаларимиз, сингилларимизга катта маънавий-руҳий далда бўлаётир. Улар ўз ташвишлари билан якка-ёлғиз эмасликларини, бошқалар қатори партия ҳам ўзларига хайрихоҳ ва елкадошлигини, беғараз ёрдамга доимо тайёрлигини ҳис этдилар. Гарчи расмий ҳисоботларга киритиб бўлмаса-да, бу аслида катта муваффақият, менимча. Лойиҳанинг ўтган йиллардан яна бир фарқи, ёшлар билан корхона, хўжалик, молия муассасалари ўртасида амалиёт ўташ, хом­ашё олиш, кредит ажратилиши ва бошқа ўнлаб турдаги шартномалар имзоланди.
– Сўровлар кўплаб ёшлар билан юзма-юз гаплашиш, уларнинг ўй-мулоҳазаларини бевосита эшитиш, маълум маънода ички дунёси билан танишиш имконини ҳам беради. Кўрган-эшитганларингизни умумлаштириб, ҳозирги ёшларнинг маънавий-ботиний қиёфаси ҳақида нималар дея оласиз?
–  Йигит-қизларимиз келажакка улкан ишонч билан қараяптилар. “Ғойибдан келган бахт – бир афсона” эканини улар яхши билишади. Мустақил, эркин иш юритиб, пул топишга, истиқболини ўз қўллари билан барпо этишга ҳавас кучли уларда. Шу билан бирга сўровлар мобайнида бизга ишонқирамай қараганлар ҳам бўлди. Бунинг сабаби маълум: яширишга не ҳожат, шундай ҳоллар ҳам бўлганки, илгари турли учрашувларда айрим ташкилотлар вакиллари катта-катта ваъдалар беришган. Бу ваъдалар эса бамисоли сув юзасига чизилган нақшлардек изсиз, беному бенишон кетган... 7 саволдан иборат сўровномамизга жавоб берганлар орасида ишбилармонликка қўл уришга журъат қилолмаётганлар, иккиланаётганлар ҳам бор. Уларни чўчитаётган асосий нарса, кучли рақобат, харидор – мижоз топиш, ишлаб чиқариш ёхуд хизмат кўрсатиш жараёнига доир мураккабликлар ҳам эмас, балки айрим идоралар, ташкилотлар билан боғлиқ бюрократик тўсиқ-оворагарчиликлар, реал ҳаётга мос тушмайдиган тартиб-таомиллардир. Баъзи ота-оналар, ака-опалар “Қўй, яхшиси, сен шу ишни бошламай қўяқол, сизлар ҳам болани ҳадеб ундайверманглар” деганига ҳам шоҳид бўлдикки, уларнинг соҳада қандайдир машаққатларни бошдан ўтказгани сезилади.
Мана, бир мисол: фараз қилайлик, ёш қиз тикувчилик билан шуғулланиш учун кредит олишга муваффақ бўлди. Белгиланган қоидага мувофиқ банк пулни унинг ҳисоб рақамига ўтказади. Бироқ фаолият учун зарур ашёлар ҳисобдан-ҳисобга пул ўтказиш йўли билан харид қилинганда икки баробар қимматга тушади. Бинобарин, маҳсулот нархи ҳам камида икки баробарга ошади. Шундай экан, ёш тадбиркор маҳсулотини сота оладими? Кредит фоизларини қандай тўлайди? Қанийди, қийинчилик фақатгина шундан иборат бўлса. Бошқа муаммолар ҳам анчагина. Айниқса, банк билан боғлиқ масалаларнинг охири кўринмаяпти. Уларни туман миқёсида ҳал қилиб бўлмаяпти. Шу ўринда холис мушоҳада юритайлик: кредит олган ёшларнинг ҳаммаси ҳам росмана тадбиркор бўлиб қолавермайди. Ўз навбатида банклар ҳам эҳтиётини қилиб, тадбиркорлик кўникмалари етарлича шаклланмаган, кредитни қайтариш эҳтимоли тўла кафолатланмаган ёшларга бироз ҳафсаласиз, истар-истамас муносабатда бўлаётгандек... Шундан келиб чиқиб, бошловчи ишбилармонлар касодга учрамайдиган аниқ механизм яратилиши устида бош қотиряпмиз. Жумладан, сармоя ажратилган йигит-қизларни тажрибали тадбиркорларга бириктириш мақсадга мувофиқ. Аммо бу билан ҳам иш битмайди: партия 1-2 йил бу йўсиндаги устоз-шогирд тизимини назоратга олиши керак. Бепул, айни пайтда самарали ўқув курслари йўлга қўйилиши ҳам тақозо қилиняпти. Кейинги йилдан кредитлар берилиши бўйича Марказий банк билан ҳамкорликни янада самарали ташкил қилишни кўриб чиқамиз. Деярли барча муаммоларнинг мақбул ечимлари топилишига ишончим комил. Чунки мутахассислар билан ҳозирданоқ тегишли ҳужжатларни тайёрлаяпмиз.
–  Семинарларнинг шакли,  мазмун-мундарижаси хусусида қандай фикрдасиз?
– Очиғи, 7 йилдан буён мунтазам ўтказилаётган “Диплом билан – бизнесга” лойиҳасини бугунги замон талабларидан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқиш вақти етди. Энди уни янгилаш, ривожлантириш керак. Уюшмаган ёшлар учун алоҳида, коллеж битирувчилари учун эса алоҳида лойиҳалар ишлаб чиққан маъқул. Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, интерфаол усулларни амалга кенгроқ татбиқ қилиш зарур.
Шу ҳақда гап очилди, ўйлаб, пишитиб юрган бир ғоямни айтиб ўтаман. Мисол учун, бир ҳавасманд  бодроқ тайёрлайдиган қурилмани харид қилмоқчи. Ўзининг ҳам, яқинларининг ҳам хаёлига дарҳол Хитой келади. Ваҳоланки, бундай ускуналар ўзимизда ҳам ишлаб чиқарилаяпти. Лекин уни излаб топишнинг иложи борми? Қисқаси, юртимизда ишлаб чиқарилаётган барча турдаги маҳсулотлар тўғрисида муфассал маълумот берувчи махсус веб-сайтга эҳтиёж бор. Партиямиз яқин кунларда ҳамкор ташкилотлар билан бирга ана шундай сайтни яратишга киришади.
Афсуски, семинар-тренингларни ташкил қилишда айрим жойларда кампаниябозлик сезилаяпти. “Шунчаки бир тадбир-да буям, ўтади-кетади” қабилида ёндашаётганлар ҳам бор.  Вобкент туманида бўлиб ўтган тадбирда хусусий сектор билан иш олиб борувчи бир ташкилот мутасаддиси оддий саволларга ҳам жавоб бера олмади. Мутахассисларни таклиф қилиш тизимини қайта кўриб чиқиш зарур. Айни пайтда уларнинг ёшлар билан бўлиб ўтадиган тадбирларга пухта тайёргарлик кўриб келиши шарт, деб ҳисоблайман. Ахир, йигит-қизларнинг зеҳн-заковати чакки эмас, улар бераётган баъзи саволлар манаман деган мутахассисни ҳам гангитиб қўяди.
– Кадрлар масаласи ҳар доим муаммо бўлган, тўғрими? Партия ҳудудий ташкилотларида ёшлар билан ишловчи ходимларнинг савия ва малакасидан кўнглингиз тўляптими?
– Шиддат билан ўзгараётган давр кўпгина соҳа кишиларидан икки баробар кўпроқ ишлашни талаб қилаётган бўлса, биз – ёшлар билан ишловчилардан ўн баробар зиёда меҳнат, масъулиятни тақозо этмоқда, десам сира муболаға бўлмайди. Чунки навқирон авлоднинг дунёқараши, талаб-эҳтиёжлари, онгу тафаккури замондан-да тезроқ ўзгаряпти. Биз шунга ҳамоҳанг қадам ташлашимиз, зинҳор ортда қолиб кетмаслигимиз даркор.
Ёшлар билан ишлаш бўлимларидаги ходимларимизнинг ҳаммасида ўзига яраша қобилият, зарур хислатлар бор. Лекин мазкур лойиҳалар амалга оширилиши мобайнида чуқурроқ англадимки, бугунги талаблардан келиб чиққан ҳолда уларнинг билим ва малакасини оширишни яна давом эттириш, уларнинг ўз устида ишлашини рағбатлантириш лозим.
Ёшлар билан иш олиб боришда ходимлардан кўра  партия атрофида жипслашган йигит-қизларга кўпроқ ишониш, таяниш керак, деган қатъий фикрдаман. Чунки ходимлар бармоқ билан санарли, дастурий ғояларимизга хайрихоҳ, бизга маслакдош бўлган ёшлар эса ўн минглаб... Уларнинг салоҳиятидан унумли фойдалана олсаккина марра бизники бўлади! Хусусан, фаолиятимиз янада самаралироқ кечади, қолаверса, ходимларимиз зиммасидаги юк енгиллашади. Фидойи, ташаббускор йигит-қизларни устувор вазифаларимизни амалга оширишга кенг жалб қилиш, бу борадаги ишларга йўналтириш – асосий мақсадимиздир.
“ХХI asr” мухбири
Беҳзод ИСРОИЛОВ
суҳбатлашди.

Joomla