Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

КРЕДИТЛАР МУДДАТИ УЗАЙТИРИЛДИ

“Шахсий ёрдамчи хўжалигимда  паррандачиликни йўлга қўйиш учун микрокредит олмоқчиман. Яқинда бундай кредитларнинг муддати узайтирилгани ҳақида эшитдим. Шу ҳақда батафсил маълумот берсангиз?”.
С. Хўжаев, Фориш тумани Гараша ҚФЙ Ўртабулоқ қишлоғи

ЯНГИЛИК

Дарҳақиқат, Марказий банк Бошқарувининг 2017 йил 8 апрелдаги қарори билан  “Тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун микрокредитлар бериш тартиби тўғрисида”ги низомга ўзгартишлар киритилди.
Ўқувчиларга янада тушунарли бўлиши учун таъкидлаш жоизки, шахсий ёрдамчи хўжалик деганда, шаҳарча, қишлоқ, овулларда яшовчи фуқароларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида уй-жой қуриш учун берилган участкаларнинг бир қисми – томорқада оила аъзоларининг шахсий меҳнати асосида оила эҳтиёжлари учун деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ҳамда оила эҳтиёжидан ортиқчасини деҳқон бозорларида сотиш билан шуғулланадиган оилавий хўжалик тушунилади.
Мазкур хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, чорвачилик, йилқичилик, туячилик, балиқчилик, паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш, қуён боқиш ва етиштириш, иссиқхоналар ташкил этиш, шунингдек уруғ ва кўчатлар (низомнинг эски таҳририда йилқичилик, туя­чилик, балиқчилик киритилмаган эди) сотиб олиш учун  – энг кам иш ҳақининг 100 бараваригача миқдорда микрокредитлар берилади.
Микрокредитлар қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадли фойдаланиш шартлари асосида берилади.

ҚАНЧА МУДДАТГА?

Микрокредитлар шартнома асосида қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз:
мевали дарахтлар ва узум кўчатларини сотиб олиш, балиқчилик ва паррандачиликни ривожлантириш учун – 1 йиллик имтиёзли давр билан 3 йилгача (олдин  паррандачиликни ривожлантириш учун – 6 ойлик  имтиёзли давр билан 2 йилгача берилар эди);
чорвачилик, йилқичилик, туячилик, асаларичиликни ривожлантириш, қуён боқиш ва етиштириш учун – 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йилгача;
уруғликлар, минерал ўғитлар ва ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситаларини сотиб олиш ҳамда иссиқхоналар ташкил этиш учун – 6 ойлик имтиёзли давр билан 2 йилгача;
лимон етиштиришга мўлжалланган иссиқхоналар ташкил этиш, унаби ва грек ёнғоғи етиштириш учун – 3 йиллик имтиёзли давр билан 5 йилгача бўлган муддатга берилади (олдинги таҳрирда  ушбу мақсадлар учун микрокредит ажратиш кўрсатилмаган эди).
Имтиёзли давр ўрнатилган ҳолда берилган кредитлар бўйича асосий қарзни тўлаш имтиёзли давр тугагандан кейинги ойдан бошланади. Имтиёзли даврда кредит бўйича фоизлар ҳисобланади ва ундирилади. Бунда фоизлар қарз олувчига кредит бўйича қарздорликнинг амалдаги қолдиғига кунлик ҳисоблаб борилади ва ҳар ойда бир марта ундирилади.
Микрокредитлардан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси миқдори Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси даражасидан юқори бўлмаган миқдорда белгиланади.

ҚАНДАЙ ҲУЖЖАТЛАР ТАҚДИМ ЭТИЛАДИ?

Шахсий ёрдамчи хўжалик юритувчи жисмоний шахслар микрокредит олиш учун ўзлари истиқомат қиладиган жойдаги тижорат банклари филиалларидан бирига микрокредит беришни сўраб ариза билан мурожаат этишлари мумкин.
Тижорат банкига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, чорвачилик, йилқичилик, туячилик, балиқчилик, паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш, қуён боқиш ва етиштириш, иссиқхоналар ташкил этиш, шунингдек уруғ ва кўчатлар сотиб олиш учун микрокредит бериш сўралган ариза;
фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) томонидан имзоланган, белгиланган тартибда берилган санаси ва рақами қайд этилган ҳамда муҳр билан тасдиқланган тавсиянома ва микрокредит олувчи шахсий ёрдамчи хўжалик юритувчи жисмоний шахсда томорқа участкаси мавжудлиги ҳамда унинг майдони кўрсатилган маълумотнома.
Шахсий ёрдамчи хўжалик юритувчи жисмоний шахс тегишли ҳужжатларни топширишда ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатади ҳамда ундан нусха тақдим этади.
Қарз олувчилар аризаларни электрон тизим орқали тақдим этиши мумкин.

АРИЗА БАНК ТОМОНИДАН ҚАБУЛ ҚИЛИНГАЧ...

Шахсий ёрдамчи хўжалик юритувчи жисмоний шахс томонидан зарур ҳужжатлар тақдим қилингандан сўнг, унинг аризаси “Аризаларни рўйхатга олиш китоби”га қайд қилинади ва бир вақтнинг ўзида қарз олувчига ариза тижорат банки томонидан қабул қилинганлиги тўғрисида Маълумотнома берилади. Бунда Маълумотноманинг биринчи қисми тижорат банкида қолдирилади, иккинчи қисми эса қарз олувчига тақдим этилади. Қарз олувчи Маълумотноманинг биринчи қисмини уни олганлиги тўғрисидаги санани кўрсатган ҳолда имзолайди, ариза электрон тизим орқали қабул қилинган ҳоллар бундан мустасно.
Аризалар электрон тизим орқали қабул қилинганда, у “Аризаларни рўйхатга олиш китоби”га қайд қилинади ва аризага “Электрон тизим орқали қабул қилинди” деб ёзиб қўйилади ва бир вақтнинг ўзида қарз олувчига ариза тижорат банки томонидан электрон тизим орқали қабул қилинганлиги тўғрисида электрон шаклда “Маълумотнома” юборилади ҳамда тижорат банкида қолган “Маълумотнома”га унинг электрон шаклда юборилганлиги тўғрисида ёзув киритилади ва сана кўрсатилган ҳолда имзоланади.
“Маълумотнома”лар тушунарли, тўғри ва аниқ кўринадиган ҳолда тўлдирилиши лозим, ундаги ёзувларни қисқартиришга йўл қўйилмайди.

 

ТАЪМИНОТ ТУРЛАРИ

Қарз олувчилар микрокредитлар қайтарилишининг таъминоти сифатида тижорат банки филиалига қуйидаги таъминот турларидан бирини тақдим этишлари лозим:
мол-мулк гарови;
банк ёки суғурта компаниясининг кафолати;
учинчи шахс кафиллиги;
қарз олувчи томонидан олинган кредитни қайтармаслик хатарининг банк фойдасига суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси.
Кредитнинг таъминоти сифатида мол-мулк гарови бўйича тузиладиган шартномалар қонунда назарда тутилган ҳолларда нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Кафиллик банк фойдасига кафил ва қарз олувчи ўртасида ёзма шаклда 3 нусхада тузиладиган кафиллик шартномаси билан расмийлаштирилади. Ушбу шартноманинг охирги бетида кафил ва қарз олувчи имзоларидан кафиллик қабул қилинганлиги тўғрисида тижорат банк филиали бошқарувчиси томонидан имзоланган ва думалоқ муҳр қўйилган ёзув киритилади.

ҚАРОР – 3 ИШ КУНИДА

Микрокредит сўраб, барча зарур ҳужжатлар илова қилинган ҳолда берилган ариза банкка келиб тушган кундан бошлаб, тижорат банки филиали кредит қўмитаси томонидан ушбу ариза бўйича қарор қабул қилиш муддати 3 иш кунидан ошмаслиги лозим. Тижорат банки филиалининг кредит қўмитаси қарори микрокредитларни бериш ёки бермаслик учун асос бўлиб ҳисобланади.
Микрокредит бериш асослантирилган ҳолда рад этилган тақдирда, тижорат банки аризачига бу ҳақда кейинги иш кунидан кечиктирмаган ҳолда ёзма шаклда маълум қилиши шарт.
Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, қарз олувчи билан кредит шартномаси тузилиши ҳамда кредитнинг таъминоти сифатида қарз олувчи томонидан тақдим этилаётган таъминот турларидан бири қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилиши лозим.
Тижорат банки ва қарз олувчи ўртасида тузиладиган кредит шартномасида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
кредит суммаси;
кредит муддати;
кредит учун фоиз ставкаси миқдори;
кредитнинг мақсади;
кредит таъминотига оид маълумотлар;
томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
томонларнинг жавобгарлиги;
қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шартлар.
Кредит шартномаси тузилиб, кредитнинг таъминотига оид ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштириб бўлинган куннинг эртасидан кечиктирмаган ҳолда тижорат банки томонидан қарз олувчига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ссуда ҳисобварағи очилади.

Кредитлаш ва кредитни қайтариш

Микрокредитлар қарз олувчининг ссуда ҳисобварағидан унинг тўлов топшириқномасига асосан, кредит шартномасида белгиланган мақсадлар учун тегишли ташкилотларнинг банкдаги талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
Шахсий ёрдамчи хўжаликларга берилган микрокредитлар ҳисоби “Жисмоний шахсларга берилган узоқ муддатли кредитлар” баланс ҳисобварақларида юритилади.
Шахсий ёрдамчи хўжалик юритувчи жисмоний шахс томонидан микрокредит ҳамда унга ҳисобланган фоизларни тўлаш тижорат банк кассасига нақд пул топшириш ёки қарз олувчининг омонат ҳисобварағидан пул ўтказиб бериш ёхуд банк пластик карточкалари орқали амалга оширилади.
Тижорат банклари томонидан микрокредитдан фойдаланишнинг бутун муддати давомида фуқаролар йиғини ходими иштирокида микрокредитдан самарали ҳамда мақсадли фойдаланилаётганлигини аниқлаш бўйича бевосита жойига чиқиб доимий мониторинг ўтказилади.
Олинган микрокредитдан бошқа мақсадда фойдаланилганлиги аниқланган тақдирда, тижорат банки кредит шартномасида белгиланган тартибда кредитнинг мақсадга номувофиқ ишлатилган қисмини қарз олувчидан муддатидан илгари ундириб олиш ҳуқуқига эга.
Микрокредит бўйича қарздорликни ундиришда биринчи навбатда микрокредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ундирилади.
Микрокредит белгиланган муддатларда қайтарилмаган тақдирда, тижорат банки ундирувни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда микрокредитнинг қайтарилиш таъминоти сифатида тақдим этилган таъминот шаклига қаратади.

УНУТМАНГ

Юқорида қайд этилган қоидаларни бузган шахс­лар жавобгарликка тортилади.
­
Саволга  Бекобод шаҳар 1-сон давлат
нотариал идораси нотариуси
Одилжон АБДУХОЛИҚОВ жавоб берди.

Ҳурматли газетхонлар! Агар сизда ҳам шунга ўхшаш саволлар бўлса, марҳамат, унда мактуб ёзинг
ёки электрон почта манзилимиз – This e-mail address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it , шунингдек, (0371) 281-40-17 телефон рақами орқали мурожаат қилинг.
Саволларингизга тегишли соҳа мутахассислари томонидан берилган жавобни “XXI asr” жавоб беради” рукни остида чоп этамиз.

Joomla