Thursday, May 25th

Last update04:49:24 AM GMT

You are here:

МЕҲР КУНДА КЕРАК

Ажабтовур одатларимиз бор-да! Дейлик, танамизнинг қайсидир аъзосида касаллик аломати сезилди. Дарҳол олди олинмаса... Йўқ. Биз касаллик зўрайиб, чўзилиб қолмагунча  дўхтир остонасига қадам қўймаймиз... Ёки нурай бошлаган уйингиз деворига кўзингиз тушди. Нима қиласиз? Нимаям қилардингиз – девор ағдарилиб тушмагунча...
Нега? Чунки, “вақтингиз йўқ”, “ишлар кўп” гўё, худдики дунё ташвишлари фақат сизнинг елкангизда!..
Вақтида  қилинмаган таъмир ёки ўтказиброқ юборилган хасталикни амалларсиз. Бироқ вақтида берилмаган Эътибор ва Меҳрни-чи? Кечиккан изҳорда қувват бўлмайди, дейдилар.  Шундай экан, кечиккан меҳрнинг товонини нима билан қоплаб бўлади?
Тўғри, оилалисиз. Кун бўйи ишдасиз... Бироқ, нима, “олахуржун” фақат сизнинг елкангиздами?  “Кайфиятим йўқ”, дея рафиқангиз кўнглига эътибор бермайсиз. “Чарчадим”, деб бола-бақрани нари туртасиз. Оилавий сайрга чиқиш-ку унут бўлаёзган: “вақтингиз йўқ”!..
Рост, гоҳ-гоҳи инсоний туйғуларингиз ғимирлайди, яқинларингизга эътибор беролмаётганингиз юракни хижил қилиб қолади ҳам.  Турмуш ўртоғингизга айтасиз: “Бирор кун хурсанд қиларман, унгача мана бу зарур ишларимни битириб олай”...
Аёлингиз аввалига “ўша кун”ни эшитиб, ўзида йўқ хурсанд бўлади, қувонади. Сўнг кутиб кун ўтказа бошлайди... Севгиси ортади, қалбида сизга нисбатан ҳурмати яна бўй беради. Суюнганини билдирмасликка ҳаракат қилиб, болаларининг бир эмас, учаласини ҳам бағрига босади, бошини улар орасига суқиб, “энг бахтли она”, “энг бахтли аёл” бўлиб оҳиста тебрана бошлайди – худди бахт куйига рақсга тушаётгандек. Орада ўзини ўзи койиб қўйишни ҳам унутмайди: “Бечора эрим, шундоғам рўзғор, бола-чақа ташвиши билан юрибди, шукр қилиш ўрнига қовоғимни уйиб, дилини ранжитдим”. Дастурхонга фотиҳа ўқилгач, идишларни йиғиб ошхонага йўналаркан, кўзгу ёнига тўхтайди. Нарсаларни битта қўлига жамлайди-да, иккинчи қўли билан сочини сийпалаб ойнага жилмаяди, суюнган кўзлари ҳар дамдагидан сулув ва бахтли кўради ўзини. Бу кеч идишлар ҳам ҳар доимгидан анча ҳафсала билан ювилади, тахмонга батартиб терилади...
Болажонларни айтмайсиз. Бу кеч улар бир эмас, икки-уч қизиқарли эртаклардан ва шунча кўп меҳрдан баҳраманд бўлишади. Фақат бахт кўринади бу кун унинг кўзларига, фақат бахтиёрликнинг сасларини тинглайди унинг қулоқлари, ғариб кулбаси худди подшоҳларнинг қас­ри каби шинам ва гўзал туюлади, тушида ҳам бахтнинг боғларида кезади...
...Лекин  ваъда қилинмиш “ўша кун”  ойлар ўтса-да, келавермайди.
У кутиб-кутиб толиқади, сизга эслатишдан андиша қилади ва... аста-секин ичидан дарз кета бошлайди. Сабрнинг қолдиқлари билан овунади. Тўғрироғи, ўзини худди боласини алдагандек алдайди: “Ахир ишлари кўп-ку. Бунинг устига чарчаб келадилар. Менга ўхшаб уйда ўтирганлари йўқ. Айтганларидай бир кун ишлари енгиллашса, фарзандларимизни қўлларидан тутиб, шаҳар айланамиз, боғларда бирга сайр қиламиз....”.
Шу ўйлар оғушида балконнинг деразасига қўлини тираганча кўчага термулиб хаёл сурар экан, икки смена ишлайдиган қўшни эркакнинг хотин ва болаларини циркка олиб кетаётганини кўриб, ҳавас­манд бўлади. Қирқ-қирқ беш ёшда ҳам бир жуфт каптарлардек чиройли, иноқ эр-хотиннинг бир-бирига меҳрибонлиги, аҳиллиги унинг ушалмаётган орзуси – турмуш ўртоғи билан биргаликда сайр қилиш ниятини қўзғаб юборади, ичидан зил кетади. Бўғзига нимадир  тиқилади, сал ўтмай бу аччиқ зардоблар юзини юва бошлайди.
Сиз-чи, сўрамаяпти-ку, дея яна индамайсиз. Ўзингиз кунора дўстларингиз билан чойхона, турли базму жамшидлар, гап-гаштакларда яйраганингиз туфайли зерикиш нималигини билмайсиз. Ҳеч йўқса у билан суҳбатлашиш, кўнглини ёлғон сўзлар билан бўлса-да, овлаш хаёлингиз кўчасига ҳам келмайди.
Пировардида, нафақат турмушга қоришиб кетганингиздан, балки арзимас бўлган нарсаларга вақт сарфлаганингиздан  ҳар куни, ҳатто ҳар дақиқада бериб турилиши лозим бўлган МЕҲРни ҳадя этиш ёдингиздан буткул кўтарилади. Чой ичаётиб, дарз кетган чойнакка кўзингиз тушганда уни янгилаш лозимлиги дарров хаёлингиздан ўтади. Ёки уйингизнинг нураётган деворини кўриб, уни таъмирлаш шартлигини англайсизу ёнингизда ҳар кун, ҳар он рўпара бўладиганингиз – жуфти ҳалолингизга ҳам эътибор бериш амали фарзлигини эсламайсиз. У эса аста-секин ич-ичидан яна ва яна дарз кета бошлайди. Рангига ҳам синиқлик сингади. Бора-бора жисмонан толиқади ва... ниҳоят... йиқилади.
Дўхтирга югурасиз, сарф-харажатлар эвазига оёққа туради – жисмонан, албатта. Лекин... лекин, энг ёмони, у ботинан сиздан совиб қолган бўлади. Умидлар, сизга бўлган умидлари сўнган бўлади. Ҳатто ҳаётга бўлган ишончи ҳам. Унинг девордан, иморатдан фарқи ҳам шунда! У энди тикланмайди – чунки унга ҳар кун, ҳар он эътибор лозим эди. Энди ҳамма айбингиз, кўрсатган “мурувват”ларингиз ўзингизга қайта бошлайди – у ҳам сизга меҳр бера олмайди, берганда ҳам сохта бўлади. Сиз эса энг ноёб нарсангизни – ёнингиздаги меҳр уйини йўқотиб қўйган бўласиз.
Одам одамдан, айниқса, аёл ўз эридан – бир умрлик йўлдошидан кўнгли қолишидек даҳшат бўлмаса керак. У эса мана бу сатрларни ҳар куни неча маротаба дилидан ўтказди экан:

Жоним сизга меҳрларим сўнаётир,
Қалбим умид қилмасликка кўнаётир,
Севги эмас, ишончсизлик унаётир,
Мен қўрқаман, бир кун сизни севмасликдан...

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА

Joomla