Thursday, May 25th

Last update04:49:24 AM GMT

You are here:

МУАММО – ЕЧИМ – ХОЛИСОНА БАҲО

юзма-юз мулоқот, амалий учрашувларда намоён бўлади

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривож­лантириш якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган долзарб вазифалар, шунингдек, хусусий сектор вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги масалалар ижросини таъминлаш ҳамда халқ билан мулоқот ва жамоатчилик назоратини йўлга қўйишда фаол иштирок этиш мақсадида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, Марказий банк ва етакчи тижорат банклари, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан ҳамкорликда очиқ мулоқот ўтказди.

Унда Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида, қолаверса, мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида фаолият юритаётган тадбиркор, фермер хўжаликлари раҳбарлари, ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган ишбилармонлар Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Давлат солиқ қўмитаси ҳамда тегишли ташкилотлардан келган мас­ъ­ул вакиллар билан юзма-юз учрашишди, ўзларини қийнаётган муаммоларни баён этиш асносида ҳуқуқий асосланган жавоблар олишди. Шунингдек, республикамизнинг барча вилоятлари, Қорақалпоғистон Респуб­ликасида фаолият кўрсатаётган соҳа вакиллари ишонч телефонлари орқали онлайн тарзда мурожаат қилиб, саволлар беришди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур очиқ мулоқотда кўтарилган муаммоларнинг асосини  кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳамда фермер хўжаликлари фаолиятини йўлга қўйиш, уларга кредитлар ажратилиши борасидаги тўсиқлар, инвестиция киритиш шартлари ҳамда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспортини ташкил этиш каби масалалар ташкил этди. Ўз нав­батида тадбиркорларга фойдаланиш учун “ноль” қийматда ер-жой ажратиш, терминаллар билан тўла қамраб олинганлик, оилавий тадбиркорлик учун бериладиган имтиёзлар каби муҳим масалалар иштирокчилар диққат марказида бўлди.

Шу ўринда газетхонларимизга бир жиҳатни ойдинлаштиришни истар эдик. Қизғин, мунозарага бой тарзда ўтган мазкур тадбирнинг тафсилотлари ва келиб тушган юзга яқин мурожаатларнинг мазмунини ўрганиб чиқиш мобайнида моҳиятан бир-бирига яқин бўлган саволлар таҳририят ижодий ходимлари томонидан умумтаснифга келтирилди. Албатта бу ўринда долзарблилик муҳим аҳамият касб этди.

Қуйида улардан баъзилари билан батафсил танишасиз.

* * *

ТЕЛЕФОН ОРҚАЛИ:

– Фермер хўжалигимиз асосан пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган. Яқинда туман солиқ инспекцияси йил якунлари бўйича мени қарздор деб топди. Ваҳоланки, фермер хўжалигимизнинг ўтган йилги ҳосил  учун тумандаги нефть-база ва дондан ҳали ундирилмаган пули бор. Солиқ инспекцияси вакилларига ҳолатимни тушунтириб, маблағни тўлиқ олгач, қарзимни тўлайман десам, улар асосий қарзга пеняни ҳам қўшиб ундиришмоқда. Шу тўғрими?

Камалатдин Абдирейимов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Чимбой туманидаги
“Абдирейим Ийшан” фермер хўжалиги раҳбари.

ЖАВОБ:

– Ҳақиқатан ҳам бундай вазиятда корхона ёки фермер хўжаликлари қарздор, деб топилиб, давлатга қарздорлик ва пеня ундирилади. Бу ўринда тадбиркор солиқ идораларига шикоят аризаси билан мурожаат қилиши лозим. Агар қарздорлик суммаси жуда юқори бўлса, махсус Республика комиссиясига мурожаат қилсангиз, аризангиз ўрганиб чиқилиб, қарздорликни бўлиб тўлашга рухсат берилиши мумкин.

Ушбу мурожаатга Давлат солиқ қўмитаси масъул ходими
Бекзод Атамуродов жавоб берди.

* * *

ҚЎНҒИРОҚ:

– Алло, таҳририятми?

– Худди шундай, ўзингизни таништиринг.

– Мен Қарши шаҳридаги “Гўзал-сиҳат-саломат” МЧЖ директори Ҳабибулла Бойқобиловман. Иккита саволим бор эди.

– Марҳамат, сизни эшитяпмиз.

– Биз Япониядан тўқув асбоб-ускунасини келтирмоқчимиз. Кредит маблағларини олиш учун корхонамизнинг гаров таъминоти етарли. Кредит олиш ва асбоб-ускунани юртимизга келтириш учун қандай амалий ёрдам олишимиз мумкин?

Иккинчи саволим: Қарши тумани Шайхали қўрғони ҳудудида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш учун 300-350 тоннага мўлжалланган совутгич-омборхона қуришни режалаштирганмиз. Бунга ҳам кредит маблағлари олиш учун гаров таъминотимиз етарли. Имтиёзли кредит олишимиз мумкинми?

– Хўш, бу саволларга ким жавоб беради?

– Марказий банк ходими Комрон Ўтбосаровман. Жуда ўринли савол берилди. 2016 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб четдан, хусусан, Япониядан келтириладиган маҳсулотлар ва ишлаб чиқариш ускуналарига нисбатан имтиёзли кредитлар берила бошланди. Ҳозирда Молия вазирлиги билан келишган ҳолда имтиёзларни янада кенгайтириш, кредит учун белгиланган фоиз ставкаларини камайтириш борасида иш олиб боряпмиз. Айни вақтда энг камида 5 та иш ўрни яратган тадбиркорга минимал 6 фоиз устама асосида кредит бериш бўйича таклиф тайёрланмоқда. Яратилган иш ўрнига қараб йиллик устама тўловлар белгилаш, кредитни қайтаришдаги имтиёзли даврни янада узайтириш хусусида ҳам бош қотираяпмиз. Шунинг учун, Ҳабибулла ака, мени эшитяпсизми?

– Албатта, эшитяпман.

– Марказий банкка мурожаат қилсангиз, вакилларимиз сиз учун қулай бўлган кредит турлари ҳақида тўлиқроқ маълумот ва албатта кўмак беришади.

* * *

ОН-ЛАЙН САВОЛ:
Бойсунлик тадбиркор
Ҳамза Мирзаев:

– Ўн йилдан бери тадбиркорлик билан шуғулланаман. Яқинда фаолиятимни кенгайтириш мақсадида Жанубий Кореядан 2 та пайпоқ тўқиш ускунасини олиб келдим. Туман ҳокимияти томонидан менга ажратилиши лозим бўлган жой аслида туман халқ таълими бўлимига тегишли эски кўмирхона экан. Аммо ўша бинони бузиш анчадан бери пайсалга солиб келинмоқда. Шу муаммони қандай ҳал этиш мумкин?

ЖАВОБ:

– Ҳозирги кунда Сурхондарё вилоятида Халқ таълими бошқармасига қарашли бўш (қаровсиз), фойдаланилмаётган биноларни инвентаризация қилиш бўйича амалий ишлар олиб бориляпти. Мазкур биноларни тадбиркорлик билан шуғулланиш мақсадида бўлган шахсларга “ноль” қийматда фойдаланишга бериш масаласи кўриб чиқилмоқда. Демак, тез орада сизнинг мурожаатингиз ҳам қаноатлантирилади, бу масалада биз амалий ёрдам берамиз.

Ушбу он-лайн саволга Ўзбекистон Республикаси
Бош прокуратураси ходими
Хуршид Шуҳратжонов жавоб қайтарди.

* * *

БЕВОСИТА МУЛОҚОТ
ИШТИРОКЧИСИ САВОЛИ:

– Мен Сардор Мирсодиқовман, Тошкент шаҳрида тадбиркорлик қиламан. Саволим мазмуни шундай: Президентимизнинг нақд пулсиз тўловларни такомиллаштиришга оид қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб барча савдо шохобчалари тўлов терминаллари билан тўлиқ таъминланган бўлиши шарт. Аммо бу масала бўйича, яъни тўлов терминалларини тадбиркорларга ўз вақтида етказиб беришга банк муассасалари улгурармикан? Ўз вақтида терминал ололмасак, жарима тўлашимиз белгиланган. Бир бир ой олдин ариза берганмиз, шу муддатда аппарат берилмаса, бизда нима айб?

Ушбу саволга ҳам Марказий банк ходими
Комрон Ўтбосаров
қуйидагича жавоб қайтарди:

– Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари сони кун сайин ортиб бораётганини ҳам инобатга оладиган бўлсак, бундай эътирозлар бўлиши табиий. Тўғри, бу борада ҳозирча айрим муаммолар бор. Лекин белгиланган муддат ичида терминал аппаратлари билан таъминлашга имконият бор.

ТАҲРИРИЯТ ИЗОҲИ:

Ушбу мулоқот жорий йилнинг 24 февраль куни бўлиб ўтган эди. Биз газета саҳифаланаётган куни Марказий банк билан боғланиб, кўпчилик тадбиркорларни ўйлантираётган мазкур муаммо бўйича қандай чоралар кўрилганлиги билан қизиқдик. Масъулларнинг изоҳ беришича,  куни кеча пойтахтимиздаги деярли барча тадбиркорлик субъектлари терминал аппаратлари билан таъминланибди...

* * *

ТЕЛЕФОН ОРҚАЛИ:

– Мен Сирдарё вилояти Боёвут шаҳарчасидан Севара Акрамоваман. Уйда макарон маҳсулотлари ишлаб чиқармоқчимиз. Якка тартибда тадбиркорлик қилмоқчи бўлганларга солиқ имтиёзлари борми?

ЖАВОБ:

Давлат солиқ қўмитаси ходими
Бекзод Атамуродов:

– Якка тартибдаги тадбиркор ёки оилавий корхоналарга солиқ тўловлари бўйича кенг имтиёзлар белгиланган. Масалан, бир йил давомида ишлаб чиқарувчи солиқ инспекциясини огоҳлантирган ҳолда солиқ тўламаслик ҳуқуқига эга. Ушбу вақт оралиғи учун ҳисобланган солиқ тўловлари кейинги йилдан бошлаб бўлиб-бўлиб тўланади. Яна шуни ҳам айтиш жоизки, бундай тадбиркорлар фойдаланаётган майдонини нотурар жойга ўтказишлари ҳам шарт эмас, электр, газ ва бошқа тўловларни истеъмолчи тарифида тўлашлари белгилаб қўйилган.

ЮЗМА-ЮЗ БЕРИЛГАН САВОЛ

– Ҳанифа Дониёроваман, саволим шундай: арзон уй-жой учун банкдан кредит олмоқчи бўлсам, кафолат талаб қилишаяпти. Устига устак, бошланғич тўлов маблағини нақд пулда тўлашим керак эмиш. Шу тўғрими?

АТБ “Халқ банки” вакили
Зайниддин Якубов жавоби:

– Нотўғри, албатта. Чунки сиз харид қилаётган уй-жойнинг ўзи гаров тариқасида қабул қилинади. Бунинг учун сиз биринчи навбатда уй учун белгиланган сумманинг 25 фоизини тўлашингиз керак. Бундан ташқари, икки кишидан кам бўлмаган учинчи шахс кафиллиги лозим. Баъзан фуқароларимиз кафолат билан кафилликни чалкаштириб юборишаётгани оқибатида бу каби тушунмовчиликлар келиб чиқаяпти.

Ушбу саволга Марказий банк масъул ходими
К. Ўтбосаров ҳам шундай изоҳ берди:

–  Арзон уй-жой учун тўланадиган дастлабки тўлов нақд пул кўринишида бўлиши шарт эмас. Истасангиз, пластик карточкангиздан тўланг, бўлмаса пул кўчирсангиз ҳам бўлаверади. “Уйнинг 25 фоизини нақд пулда тўлашинг шарт”, деган қоида ҳеч қайси меъёрий ҳужжатда кўрсатилмаган.

Дарвоқе, мулоқот жараёнида худди шундай муаммога оид яна 7 та савол ўртага ташланди. Бундан кўриниб турибдики, айрим банклар уй-жой учун тўланадиган дастлабки тўловни нақд пул шаклида олиш учун ўзларича  “ички меъёрий ҳужжат” жорий қилиб олишганга ўхшайди...

Очиқ мулоқот икки соатдан кўпроқ давом этган бўлса-да, қўнғироқлар, таҳририят электрон манзилига келган мурожаатлар кечгача тинмади. Албатта юртдошларимиздан келган саволларнинг барчасига биргина мулоқот доирасида жавоб топиш мушкул. Шунинг учун биз бугун газетамиз саҳифаларида эълон қилинаётган савол-жавобларни ҳам бошда айтганимиздек, имкон қадар саралашга ҳаракат қилдик. Тўғри, нақд пул, пластик карточкалар, терминал аппаратлари, электр ва газ таъминоти муаммолари, кредитлар бериш бўйича учраётган айрим тўсқинликлар... хуллас, бир қатор масалалар юзасидан тушган мурожаатлар мулоқотда қатнашган ваколатли идоралар вакилларига кўриб чиқиш учун тақдим этилди.

Шунингдек, мутасадди вакиллар ўз чиқишларида мурожаатларга жавоб бериш баробарида иштирокчилар, тадбиркор ва фермерларнинг соҳага оид ҳуқуқий билимларини оширишга хизмат қиладиган меъёрий қонуности нормалар билан ҳам таништиришди.

“XXI asr” мухбирлари Аслиддин АЛМАРДОНОВ, Сардор ТУРОБОВ,
Солижон ЗОИРОВ (суратлар) тайёрлади.

Joomla