Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

СИЗГА ШАРАФ, СИЗГА ЭҲТИРОМ

Мозийнинг сарғайган саҳифаларини варақлар эканмиз, халқимиз қанчадан-қанча урушу қирғинларни, жангу жадалларни, жудолигу машаққатларни бошидан ўтказганига гувоҳ бўламиз. Уларда юртнинг асл фарзандлари Ватан тинчлиги ва озодлиги йўлида шаҳид кетишди. Не-не мунгли нола, фарзандлар кўз ёшига сабаб бўлмади, дейсиз бу қирғинбаротлар.


Иккинчи жаҳон урушида фронт ва фронт орти ишларига 1 миллион 433 минг 200 нафар ўзбекистонликлар сафарбар этилди. 1941 йилда респуб­ликамиз аҳолиси 6,5 миллионни ташкил этгани ҳисобга олинса, бу...

Урушда иштирок этганлардан 268 мингдан ортиқ юртдошимиз ҳалок бўлди, 132 минг 670 нафар киши бедарак йўқолди, 60 минг 452 нафар киши эса майиб-мажруҳ бўлиб қолди. Ҳатто айтиш ва ёзишга оғир рақамлар бу. Чунки, уларнинг ҳар бирининг ортида инсон тақдири, етим қолган норасидаларнинг аччиқ кўз ёшлари ётибди.

Ўзбекистоннинг фашизм устидан қозонилган ғалабадаги ҳиссаси фақатгина шу билангина чекланмайди, албатта. Меҳр-оқибат, инсонийлик каби энг олижаноб фазилатларни бутун дунёга намойиш қилган халқимиз уруш йилларида бошпанасиз қолган, яқинларидан айрилган 1 миллиондан ортиқ кишиларни ўз бағрига олди. Улардан 200 мингдан ортиғи  ёш болалар эди...

 

...Шароф Рашидов тумани Умар маҳалласи Тугалбой қишлоғида истиқомат қилувчи Аҳмад бобо Қосимов ўша қирғинбаротлар гувоҳи, 1943 йилда оғир яраланиб, омон қолган юртдошларимиздан бири. Салкам бир асрни қоралаб қолган бўлса-да, ҳамон бардам, фикр­лари тиниқ. Отахон уруш ҳақида эслашни, гапиришни кўпам хушламайди. Сўрасангиз аввал “уҳ” тортиб, сўнг зўрға сўз қотади:

–  У кунларни биз кўрдик, фарзандларимиз кўрмасин. Урушнинг бети қурсин, болам, – дейди бобо.

Англаймизки, ўша жангоҳларда душман ўқи унинг жисминигина эмас, руҳини ҳам қаттиқ яралаган. Тан жароҳати битган бўлса-да, кўз олдида қурбон бўлган дўстларидан, сафдошларидан айирган аччиқ алам ҳали ҳамон қийнайди, бобони. Чунки, Аҳмад бобо билан бирга Ватан ҳимоя­сига отланган ҳамқишлоқлари – Жуман Абдуллаев, Турмамат Сатторов, Файзулла Пирматов ва бошқаларга юртга қайтиш насиб этмади...

– Фақат жанг майдонларида эмас, фронт ортидагиларга ҳам осон бўлмаган, – дейди бобо. – Ўзлари емай-ичмай, оч-юпун юриб, жон олиб жон бераётган аскарларимизни қурол-яроғ, озиқ-овқат, кийим-бош билан таъминлаш қариялару аёлларга, ўспиринлару болаларга осон бўлган дейсизми?

Ёдимда, илк уруш жароҳатлари бита бош­лаган дастлабки кезларда болаларимиз, буғдой нонидан қилинган нонни ея туриб: “Буғдойдан ҳам нон қилса бўладими?”, деб ҳайратланишганини кўрганимда, кўз ёшларимни тия олмаган эдим. Чунки, шўрлик уруш болалари ярми арпа, ярми жўхори, ярми исмалоқ нондан бошқасини ейишмаган-да… Бугунги дориломон кунларимиздан айланай… Бу кунларнинг қадрига етинглар болаларим. Юртимизни, тинчлигимизни, мустақиллигимизни асранг­лар. Одамларни эъзозланглар.

Етти фарзанднинг отаси, қирқ невара, ўн тўққиз чеваранинг севимли бобоси бўлган Аҳмад отанинг хотирлари ана шундай дуога айланади ҳар сафар.

Ана шундай инсонларни эъзозлаш, тинчлигимизни қадрига етиш мақсадида ҳар йили юртимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Шаҳар ва туманларимиздаги марказий хиёбонларга Хотира майдонлари ташкил этилиб, Мотамсаро Она ҳайкали ўрнатилди. Жангоҳларда жон олиб, жон бераётган дилбандининг дийдорига зор бўлиб, “қора хат” олса-да умидвор кўзларини йўллардан узмай, кута-кута ғамга чўмган оналар рамзи бу…

Бугун улар пойига гулчамбарлар қўяр эканмиз, бу билан ўтганларнинг табаррук хотираларига ҳурмат бажо айлаймиз. Тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрини чуқурроқ ҳис қиламиз. Бир донишманд айтганидек, дунё ҳар бир инсонда мужассам. Демак, ўтганларни ёд этиш, кекса отахону онахонларни қадрлаб дуосини олиш, фарзандларимизнинг камоли учун жон куйдириш, бир-биримизни авайлаб-асраш, одамларни эъзозлаш дунёни асраш билан тенг экан-да. Эзгуликка йўғрилган эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амалларга ошуфта фаровон кунларимизга кўз тегмасин!

 

***

Беш ўғил, саккиз неваранинг бобоси сирдарёлик Умрзоқ Тошқўзиев бизни иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бўлмиш отасининг ҳузурига олиб кирганида тўқсондан ошган Холқўзи бобо ўтмишни эслай кетди:

Оғир, суронли йиллар бизни ҳам четлаб ўтмади. Ўн саккиз ёшимда фронтга отландим. Белоруссияни озод қилиш пайтида қўлимдан яраландим. Шунда мени ўрмон ичидаги палаткага олиб боришиб, ўқни олиб ташлашди. Соғлиғим тиклангач, яна жангга кирдим. Белоруссия озод қилиниб, Польшага ўтганимизда иккинчи марта қўл ва оёғимдан жароҳатландим...

Сапёрлар ротасида хизмат қилганим учун уруш тугагач, энди қишлоқларни, аҳоли пунктларини миналардан тозалашим керак эди. Кунига сапёрлардан 2-3 киши ҳалок бўларди. Бу ўта хавфли ишда баъзан ҳушёрлик ҳам иш бермай қоларди. Қирғинбаротлардан омон қолганлар бир ножўя қадам билан ҳаёт билан хайрлашиши турган гап эди. Худо мени асради. 1950 йили – етти йил деганда она қишлоғимга кириб келдим. Одамлар мени худди қайта тирилгандек қарши олишди...

Бир йили Холқўзи бобонинг номига хат келди. Белоруссия озодлигининг 70 йиллиги муносабати билан мазкур давлат Президенти Александр Лукашенко табрик хати йўллабди. Давлат раҳбари ўз хатида мамлакати озодлиги учун фидойилик кўрсатган Холқўзи Тошқўзиев сингари кишилар белорус халқининг жигари эканлиги, уларни ҳеч ким, ҳеч қачон унутмаслигини, олдида ҳамиша таъзим бажо келтиришини айтиб, ўз миннатдорчилиги ва табригини изҳор қилган эди.  Отахон ушбу хат сабаб ўша суронли йилларни ёдига олди. Қуролдош дўстларини эслади. Жангоҳларда кечган азоблар хотирасида қайта жонланди. Қўлидаги уруш қолдирган жароҳат изларини силаркан олган хатлари, ундаги сўзлар ёдига тушади. “Ҳозир бизда ҳам жанг”, деб ёзилганди уларнинг бирида, “Қаттиқ меҳнат жанги кетаётир. Йиғим-терим авжида. Ҳар тола пахта учун курашяпмиз. Пахтамиз қудратини ўзинг биласан. Пахта жангчилар учун уст-бош, иссиқ овқат, душман учун снаряд ва бомбалардир. Бардам бўл, ғалаба билан қайт. Барчамизнинг дуои саломларимиз”.

Сафдошларидан айрилиш, очлик, вайроналар, кексалару болаларнинг оҳу нолалари – бу даҳшатларни инсоният бошига ҳеч ҳам солмасин экан. Машъум урушда ҳали ҳаётда орзу куртаклари юз очмаган не-не йигит-қизлар, фарзандининг “ота” деган ширин каломи қулоғида қолган оталар, ўқлар ёмғири остида ярадорларга малҳам қўйган барчин қизлар ҳалок бўлишди. Шаҳарлар бузилди, мамлакатлар инқирозга юз тутди. Қабиҳ уруш ёшу қарини аяб ўтирмади.

Холқўзи бобо бугун болаларига, невараларига ана шулар ҳақида гапиради. “Тинчлик деган улуғ неъматнинг тотини билинг, қадрига етинг, Ватанни ардоқланг”,  дейди такрор-такрор.

Холқўзи Тошқўзиев ҳали тетик ва бақувват. Юзларидан нур ёғилиб турган аёли  Мукаррам ая билан биргаликда сиҳатгоҳларда дам олади, тўйларнинг бошида туради. Гоҳ ўғиллар, гоҳ невараларининг машинасида шаҳар айланишади. Иккисининг ҳам тилидан шукроналик каломлари тушмайди: “Шундай кунларга етказганингга шукр!”.

Норинисо ҚОСИМОВА,
Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,
“ХХI asr” мухбирлари

Joomla