Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

ТАДБИРКОР УЧУН ИШОНЧЛИ ҲИМОЯ



Шуҳрат БАФАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатасининг депутати,
O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этиш тўғрисида”ги фармони кенг жамоатчилик, хусусан, тадбиркорлар томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди.

Ушбу институтни Ўзбекистон Президенти ҳузурида ташкил этишнинг сабабларидан бири  шуки, ҳалигача ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ва назорат идоралари томонидан асоссиз равишда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига аралашиш ҳолати кузатилиб, бу ўз навбатида улар томонидан эркин фао­лият юритиш борасида турли тўсиқ ва чекловларни келтириб чиқараётган эди. Ваҳоланки, бу салбий иллат мамлакатимиз тараққиётида муҳим ўрин тутувчи тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган хайрли ишларга соя солади.

Бу масалада давлатимиз раҳбари 2016 йилнинг октябрь ойида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездидаги маърузасида Ўзбекистоннинг барқарор ривожига хавф туғдириши мумкин бўлган таҳдидлар, ўз ечимини кутаётган энг муҳим муаммоли масалалар тўғрисида фикр юритиб, коррупция, маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик каби иллатлар давлат ҳокимиятини обрўсизлантириб, иқтисодиётнинг ўсиши ва тадбиркорлик ривожига жиддий тўсиқ бўлаётганлигини алоҳида таъкидлаганди.

Бундан ташқари Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида мамлакатда кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, бу соҳа улушини янада ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш борасида фикр юритиб: “...бундан кейин тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилиш – давлат сиёсатига, Президент сиёсатига тўсқинлик қилиш билан баҳоланади”, деб бежиз айтмаган эди.

Ушбу масала принципиал жиҳатдан ғоят муҳим бўлганлиги учун Президентимиз томонидан келгусида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривож­лантириш борасида хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантиришга халақит бераётган барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш асосий стратегик йўналиш сифатида белгилаб берилди. Бундай сиёсат тўғридан-тўғри партия­мизнинг асосий электорати бўлган тадбиркорлар фаолиятини жадал ривожлантириш – жамиятимиз тараққиёти ва фаровон ҳаётимизнинг мус­таҳкам таянчи, иқтисодиётимиз барқарор ўсишининг энг муҳим кафолатидир.

Бизнинг фикримизча, фармонга қадар тадбиркорлик субъектларининнг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида давлат сиёсатини мамлакатимиздаги ҳуқуқни муҳофаза этиш ва бошқа бир қатор  республика бошқарув органлари орқали амалга оширилган бўлса, эндиликда мазкур фармонга асосан Ўзбекис­тон Президенти тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги давлат сиёсатини айнан вакил орқали амалга оширади. Фармонда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этиш вакилнинг асосий вазифалари ва фао­лият йўналишларидан бири деб аниқ белгиланди.

Шуниси алоҳида эътиборга сазоворки, фармонда асосан вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари, уларнинг мансабдор шахс­ларига тобе бўлмаган тарзда амалга ошириши, ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдор эканлиги учун у давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан нафақат назоратни амалга ошириши, балки ушбу ташкилотлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиниши ҳолати тўғрисида ҳам ахборот тақдим этиши лозим.

Биз бу борада жаҳон тажрибасини ҳам ўргандик. Масалан, Россия Федерациясида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил “Россия Федерациясида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинган. Қонунга биноан вакил Россия Федерацияси Президенти ҳузурида ташкил этилган бўлиб, унинг бу борадаги ҳуқуқий мақоми ва ваколатлари аниқ белгилаб берилган. Грузия Республикасининг Солиқ кодексига биноан эса тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган институт “бизнес-омбудсмен” деб номланиб, у Грузия парламенти раиси билан келишилган ҳолда Бош вазир томонидан тайинланади.

Францияда тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган вакил, ушбу мамлакатнинг иқтисодиёт ва молия вазири томонидан уч йил муддатга лавозимга тайинланиб, унинг аппарати мазкур вазирликнинг ташкилий тузилмасининг бир қисми  бўлиб, у ҳар йили вазир олдида ҳисобот беради.

Албатта, ҳар битта давлат тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласида ўзининг тарихий анъаналаридан, миллий қонунчилигидан, иқтисодиётнинг қай даражада ривож­ланиб бораётганлигидан, ички ва ташқи омилларни ҳисобга олган ҳолда ўзига хос йўлини танлайди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2016 йилнинг октябрь ойидан бошлаб шу кунга қадар фақатгина тадбиркорлик соҳасини ривожлантиришга қаратилган 20 га яқин Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари қабул қилинган. Бу ҳужжатларнинг асосий мазмун ва моҳияти тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга, эркин иқтисодий зоналарни ташкил этишга, инвестицияларни жалб этишни рағбатлантиришга, тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга, тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, бу борада бошқарув тизими ҳам тубдан ислоҳ этилди. Масалан, қисқа вақт ичида хусусийлаштирилган корхоналар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасини ҳамда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар бўйича давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисидаги Ўзбекис­тон Президентининг бир қатор фармон ва қарорлари қабул қилиниб, уларнинг ижроси таъминланмоқда.

Ҳозирги кунда Президентимизнинг 2017 йил 5 майдаги фармонига асосан  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги қонун лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.

Joomla