Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

ҲУҚУҚ ВА МАСЪУЛИЯТ

Жиззахда бўлиб ўтган тадбирда айни шу масалалар хусусида сўз юритилди
O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши мажлислар залида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги  Ўзбекистон Республикаси қонунининг моҳияти ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий мадания­тини оширишда қонунни тарғиб этишнинг ўрни” мавзуида семинар-тренинг ташкил этилди. Тадбирда вилоят прокуратураси, Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаменти Жиззах шаҳар бўлими, халқ таълими муассасалари ходимлари, партия фаоллари, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Фуқаронинг ўз ҳақ-ҳуқуқлари дои­расида турли давлат органларига мурожаат этиши унинг конституцион ҳуқуқи ҳисобланади. “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонундан мутасадди шахсларнинг масъулият ва мажбуриятлари хусусида етарлича тасаввур олиш мумкин. Шунингдек, мурожаат шакллари, унга жавоб бериш муддатлари ҳам аниқ баён этилган.  Таъкидландики, қонун фуқаро ҳуқуқини кафолатлаш билан бирга унинг зиммасига маълум масъулият ҳам юклайди.  Бу мурожаатнинг тўғрилиги ва асосли эканлигида намоён бўлади. Қонунда айни шу масала ҳам эътиборга олинган бўлиб, асоссиз ва исботсиз ариза-шикоятлар  жавобгарликка сабаб бўлиши қайд этилган.
Тадбирга оид яна бир ҳолат шуки, иштирокчиларнинг юқоридаги қонун юзасидан билимларини синаб кўриш мақсадида аноним тест саволлари тарқатилган эди. Улар умумлаштирилганда, жавоб берганларнинг 30 фоизи қонун доирасидаги ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида тўлиқ маълумотга эга эмасликлари маълум бўлди. Бу ҳол ҳуқуқий тарғибот, қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига кенгроқ етказиш, бу борада турли воситалардан янада самарали фойдаланиш узлуксиз давом этадиган жараён эканини англатади.
Шундан келиб чиқиб, бундай семинар-тренинглар, қонун ҳужжатларини тарғиб қилишга қаратилган тадбир ва учрашувларни кўпроқ ўтказиш, бу борада нодавлат нотижорат ташкилотлар, жумладан O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши ходимлари ва фаоллари ҳамда ОАВ билан янада кенгроқ ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари ҳам  муҳокама қилинди.
Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,
“ХХI asr” мухбири

Joomla