Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

МУТОЛАА ЙЎЛИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракция­си ташаббуси билан Тошкент давлат аграр университетида ташкил этилган давра суҳбатида  истиқлол йилларида мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг маънавий ва интеллектуал эҳтиёжини қондириш, китобга қизиқишини ошириш, уларда мутолаа маданиятини юксалтириш орқали ёшларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғоя­ларига садоқат ва миллий қад­риятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди. Эътиборга молик жиҳати, бу борадаги кенг кўламли чора-тадбирлар кейинги йилларда мазмунан тўлдириб борилмоқда.
Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг 2016 йил 19 октябрда ўтган съездида бу масалага алоҳида эътибор қаратди. Маърузада бугунги кунда ахборот-коммуникация технологиялари, интернет тизимини кенг ривожлантирмасдан туриб, барқарор тараққиётга эришиб бўлмаслиги таъкидланди. Айни пайтда ахборот-коммуникация соҳасидаги сўнгги ютуқларни ўзлаштириш билан бирга, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг китобхонлик савиясини янада оширишга давлат сиёсати даражасида қаралиши лозимлиги уқтирилди. Бунинг учун, аввало, миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ижтимоий тармоқларга жойлаштириш ва уларни тарғиб қилиш бўйича аниқ ва мақсадли вазифалар илгари сурилди. Табиийки, ушбу фикрлар барчанинг юрагидаги гап бўлди.
Зеро, инсон маънавий оламини юксалтиришда китобнинг ўрни беқиёс. Орадан кўп фурсат ўтмасдан, яъни, 2017 йил 12 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди.   Мазкур фармойиш китоб, китобхонлик маданиятининг жамият маънавий ҳаётидаги ўрни ва ролини ошириш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.  Давлатимиз раҳбари томонидан айнан маърифат йўлига қаратилаётган бундай юксак эътибор ортида халқимизнинг маънавий камолоти, миллатимиз равнақи, ёшларимиз тақдирига дахлдорлик мужассамдир.
– Инсон билим ва дунёқарашининг кенгайишида, юксак ахлоқий фазилатларнинг тўлақонли шаклланишида китобнинг ўрни ниҳоятда катта, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Одинахон Жамолдинова. – Эътиборли жиҳати, жамоатчилик ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш, мутолаа маданиятини юксалтириш комил инсонни тарбиялаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш масалалари партиямиз дастурида ҳам ўз аксини топган. Хусусан, партия бу борада инсон маънавий салоҳиятининг узлуксиз ўсишини таъминлаш, фарзандларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишларни изчил давом эттириш ва уларни янги босқичга олиб чиқиш, ўрта таълим соҳасидаги муаммолар, биринчи галда, ўқитиш сифати, ўқувчиларнинг замонавий адабиётлар билан таъминланиши, мактабларнинг асбоб-ускуна, компьютер техникаси, зарур анжомлар билан жиҳозланиши ва мазкур соҳада хусусий секторни ривожлантириш муҳим деб ҳисоблайди. Шундай экан, галдаги вазифамиз ёшлар орасида мутолаа маданиятини юксалтиришга қаратилган тарғибот-ташвиқот тадбирларини сифат ва сон жиҳатдан кўпайтириш, бу борада, айниқса, бошланғич партия ташкилотлари имкониятларидан самарали фойдаланишимиз зарур.
Амалий мулоқот тарзида ўтган давра суҳбатида китоб ва китобхонлик маданияти, электрон кутубхоналар ва хизмат кўрсатишнинг инновацион йўналишлари хусусида ҳам фикр алмашилди.
Акбар МУЗАФФАРОВ,
“XXI asr” мухбири

Joomla