Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИ ҳаётбахш ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб бермоқда

 

Президентимизнинг жорий йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилувчи энг муҳим ислоҳотларнинг янги даврини очмоқда, дейишга бизда тўла асос бор. Шу маънода мазкур ҳужжатнинг давлат ва нодавлат ташкилотлари, айниқса, O‘zLiDeP фаоллари, электорат вакиллари, қолаверса, аҳолининг барча қатламлари томонидан самимий кутиб олингани, эътироф этилаётгани мамлакатимиздаги демократик жараёнларнинг амалий кўринишидир. Зотан, улкан мақсад ва вазифаларни ўзида мужассам этган мазкур стратегиянинг бешта йўналиши давлат ҳокимиятининг демократик асосларини янада мустаҳкамлашга, халқимизнинг энг муҳим қарорлар қабул қилишдаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси замирида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида илгари сурилган вазифалар мужассамлигини партиядошларимиз, тарафдорларимиз алоҳида фахр билан эътироф этмоқдалар. Бу эса, албатта, партиямиз фаоллари зиммасига юксак масъулият юклайди. Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясининг “Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш” номли учинчи устувор йўналиши давлатимиз раҳбарининг “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” деган эзгу даъватини ҳаётимизга жорий қилишга қаратилган, десак янглишмаймиз. Мазкур йўналиш ана шу мақсад рўёбга чиқишини таъминлайдиган олтита аниқ вазифадан иборат. Улар орқали мамлакатимизда янада қулай, эркин ишбилармонлик муҳитини яратиш мақсади илгари сурилаяпти. Ушбу муҳим йўналиш соҳада мутлақо янги босқични бошлаб бермоқда.

O`zLiDeP тарихий аҳамиятга молик мазкур ҳужжатни ўз сиё­сий фаолияти учун ўзига хос дастуриламал сифатида қабул қилганлигини яна бир бор таъкидлаймиз. Шу мақсадда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, туманлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ташаббуси билан жойларда ўтказилаётган амалий мулоқот, ўқув-семинар ва давра суҳбатлари юқоридаги фикримизнинг ёрқин ифодасидир. Сафдошларимиз хусусий бизнес вакиллари орасига янада чуқурроқ кириб бориш, уларни ташвиш­лантираётган масалаларга теранроқ нигоҳ ташлаш, соҳадаги камчиликларни жадаллик билан ҳал этиш зарурлигини англаяптилар. Бундай масъуллик сиёсий куч барча бўғинларининг  бугунги саъй-ҳаракатларида, маслакдошларимиз ўй-фикрларида яққол намоён бўлаётир.

Юзма-юз мулоқотларда, жумладан, тадбиркорлик субъектларининг муҳандислик-коммуни­кация тармоқларига уланиш ҳо­лати таҳлилий-танқидий тарзда ўрганилаяпти. Шунингдек, саноат зоналари ҳудудида янги инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда тижорат банкларининг иштирокини кенгайтириш мавзуида савол-жавоблар ўтказилмоқда. Умуман, хусусий сектор фаолиятидаги муаммоларни аниқлаш ва уларни партия фракция­си, депутатлик гуруҳлари кўмагида ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги кичик саноат зонасида бўлиб ўтган мулоқотлар чоғида иситиш радиаторлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Foundry industry” масъулияти чекланган жамияти ходими Шамшод Атажанов айрим муаммолар ҳақида ҳам гапирди.

– Корхонамизнинг экспорт салоҳиятини ошириш учун маҳсулотларимиз сақланаётган омборни кенгайтириш ва қўшимча цех учун жой олиш олдимизда турган асосий масала. Партия кўмагида ушбу муаммо тезда ҳал бўлишига ишонаман,  – деди у.

Тадбирнинг иккинчи куни Адлия, Прокуратура, Солиқ, Марказий банк ва бошқа ташкилотлар вакиллари ҳамда тадбиркорлар кичик саноат зоналарида аниқланган муаммолар, умуман, ўрта синф фаолиятини ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш, уларнинг мақбул ечимларини топиш мақсадида йиғилишди.

Мулоқот аввалида Ҳаракатлар стратегиясининг иқтисодиётни либераллаштиришга доир йўналишлари мазмун-моҳияти хусусида муфассал сўз юритилди.

Сўнгра тадбиркорлар ўзларини қийнаётган саволлар билан бевосита мутасаддиларга мурожаат этдилар. Бунда хусусий сектор вакилларининг ўз ҳақ-ҳуқуқларини  яхши билиши, талаб қила олиши ҳам кўзга ташланди. Улар баъзи ташкилотларда ҳукм сураётган масъулиятсизлик, бюрократия, ишбилармонларга нисбатан беписандлик  ва бошқа нуқсонларни ҳам очиқ-ошкора, холисона баён этдилар. Табиийки, тилга олинган кўпгина масалаларни ҳал қилиш осонгина, тезда амалга ошмайди. Бинобарин, тегишли ташкилотлар вакиллари бу борада изчил иш юритишлари, мазкур жараёнда манфаатдор ишбилармонлар билан доимий алоқада бўлишларини таъкидладилар.

Мулоқот мобайнида ўрта қатлам вакиллари томонидан бир қанча асосли, аниқ таклифлар ҳам айтилди.

Беҳзод ИСРОИЛОВ, 
“XXI asr” мухбири

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН
РЕСПУБЛИКАСИ

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тахтакўпир туман Кенгаши томонидан ўтказилган ўқув семинари давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқадиган вазифалар ижросига бағишланди. Алоҳида таъкидланганидек, истиқлолнинг чорак асри давомида мамлакатимизда амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар, маънавий янгиланишлар Ўзбекистонни, унинг барча ҳудудларини мисли кўрилмаган кўлам ҳамда миқёсда тараққий эттиришга мустаҳкам пойдевор яратди. Айниқса, Орол денгизининг қуриши оқибатида сайёрамизда вужудга келган экологик ҳалокатлардан бири исканжасида қолган Қорақалпоғистонда барқарор макро ва микроиқтисодиётнинг негизи яратилди.

Ҳаракатлар стратегияси Оролбўйи ҳудудининг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратади, ўлка иқтисодиётини модернизация ҳамда диверсификация қилиш ҳамда аҳоли турмушининг барча соҳаларини либераллаштиришга кенг йўл очиб беради.  Тадбирда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурининг Ҳаракатлар стратегияси билан уйғунлаштирилганлиги  давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш имконини бериши алоҳида қайд қилинди. Партиянинг барча бўғинлари, бошланғич партия ташкилоти, партиядан юқори ва қуйи бўғинларга сайланган депутатлар, тегишли меҳнат жамоалари, фермер хўжаликлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ана шу беш йил давомида амалга оширадиган устувор вазифаларини белгилаб олиши шарт.

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,
“XXI asr” мухбири

 

ХОРАЗМ

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши томонидан ўтказилган тадбирда сўзга чиққан партия мутасаддилари мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича амалга оширилиши лозим бўлган галдаги амалий ишлар юзасидан ўз фикрларини билдиришди.

Ўқув-семинарда O‘zLiDeP вилоят Кенгаши ташкилий партиявий ишлар бўлими мудири М. Рўзметов партия қишлоқ жойларда, ёшларнинг банд бўлмаган қисмини тадбиркорлик ва оилавий бизнесга жалб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратиши лозимлиги ҳақида гапириб, давлатимиз раҳбарининг юқорида номи тилга олинган Фармони мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини янада мус­таҳкамлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Дурдона ҚОБУЛОВА,
O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши ҳузуридаги
Сиёсий таълим маркази раҳбари

БУХОРО

Бухоро шаҳридаги мусиқа ва санъат мактабида O‘zLiDeP вилоят Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида партия вилоят Кенгаши раиси Фармон Аминов мазкур Фармоннинг қабул қилиниши давлат ва жамият қурилишини янада  такомиллаштиришга қаратилган кенг миқёсли ўзгаришларни сифат жиҳатидан янги босқичга  олиб чиқишини алоҳида таъкидлади.

Айниқса, Ҳаракатлар стратегиясининг иқтисодиётни либераллаштириш борасидаги йўналишлари ижросига бугун ҳар қачонгидан кўра жиддий ёндашилиши зарур. Хусусан, қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, экспортга мўлжалланган маҳсулот ва материаллар ишлаб чиқариш учун илғор технологиялар, банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий принциплари ва механизмларини жорий этишни қамраб оладиган ва вилоят миқёсида амалга оширилиши кўзда тутилган комплекс вазифаларни амалга оширишга сезиларли ҳисса қўшиш ҳозирги кунда партиянинг барча бўғинлари, айниқса, маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари зиммасига жиддий масъулият юклайди.

Шунингдек, вилоятни 2017 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан 1 минг 990 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган, дея эътироф этилди тадбирда. Бундан ташқари 122 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 7 та йирик инвестиция лойи­ҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Мазкур лойи­ҳалар ижроси устидан самарали депутатлик назоратини  ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади.

O‘zLiDePнинг 2017 йилга мўлжалланган комплекс ҳаракат дастури ҳам   кенгайтирилган йиғилиш иштирокчилари диққат марказида бўлди.

– Мазкур дастур билан давлат ва жамият бошқаруви тизимини  такомиллаштириш, “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” концепцияси асосида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, макроиқтисодий  барқарорлик, изчил ўсиш суръатларини таъминлаш, кадрлар билан ишлаш тизимини  такомиллаштиришга қаратилган ташкилий-партиявий соҳадаги устувор вазифаларнинг белгилаб олинаётгани O‘zLiDeP барча бўғинлари фаолиятининг давр талаблари даражасида бўлишида муҳим аҳамият касб этади, – дейди Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Жасур Болтаев.

Кенгайтирилган йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Асхор ИСТАМОВ,
“XXI asr” мухбири

НАВОИЙ

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Навоий вилоят Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган ўқув-семинарда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги  O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари аъзолари, партиянинг туман (шаҳар) бўлимлари ходимлари, БПТ раислари, фаоллар, маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Анжуманга Ҳаракатлар стратегиясининг асосий тамойилларини йиғилганларга пухта ўргатиш ва улар орқали халқимиз орасида тарғиб-ташвиқ қилиш мақсадида  ушбу ҳужжатнинг ҳар бир йўналиши бўйича соҳага дахлдор мутахассислар, вилоятдаги мавжуд олий ўқув юрти профессор-ўқитувчилари, тарғиботчилар гуруҳи аъзолари жалб этилди.

Тадбирда сўз олганлар таъкидлаганидек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги, самарали механизм ва усулларини жорий этиш, мансабдор шахсларнинг аҳоли олдида ҳисобот бериши тизимини амалда татбиқ этиш, мурожаатларни кўриб чиқишда бюрократик тўсиқ ва ғовлар яратилишига, кампаниябозликка айланишига йўл қўймаслик, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар, ижодий ва илмий муассасалар вакилларининг кенг иштирок этишига жиддий эътибор қаратиш бўйича белгилаб берилган барча вазифалар партия фаолиятининг ҳам асосий йўналишига айланиши зарур.

– Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ушбу дастурни амалга оширишда нафақат ижро этувчи ҳокимият вакиллари, балки жаннатмонанд юртимизнинг ҳар бир фаол аъзоси жонбозлик кўрсатиши керак, – дейди Кармана туманидаги “Муҳаббат боғи” хусусий корхонаси директори Ориф Каримов. – Ўзим депутат бўлиб сайланган ҳудуддаги тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлаётган фуқароларга кредит олишларига кўмаклашибгина қолмасдан, улар иш фаолиятларини тўғри ташкил этишларига ҳам мутахассисларни жалб этаяпмиз.

Йиғилиш ҳар доимгидан кўра, баҳс-мунозараларга бойлиги билан қизғин ўтди.

Хислат ЗАЙНИДДИНОВ,
O‘zLiDeP Навоий вилоят ташкилоти
қошидаги Сиёсий таълим
маркази раҳбари

 

САМАРҚАНД

Самарқанд қишлоқ хўжалик институти мажлислар залида O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгашининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари масъуллари, депутатлар, БПТ етакчилари ҳамда бир қатор идора ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда асосий эътибор Ҳаракатлар стратегиясининг ҳар бир йўналиши партиянинг вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари, унинг депутатлик гуруҳлари, партия фаоллари олдида турган аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида пухта ўрганилиб, таҳлил қилинди.

– Ҳужжатнинг биринчи йўналиши давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган. Ушбу йўналиш мамлакатимизда мустақиллик йилларида босқичма-босқич амалга оширилган туб ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди, – дейди Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Рустам Қобилов. – Яъни, тавсифан айтадиган бўлсак, ривожланган ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, фуқароларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, ташаббусларини амалга ошириш, уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокини кенгайтиришни назарда тутади. Шунингдек, ушбу йўналиш давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг таъсирини ошириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳокимиятнинг вакиллик органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини назарда тутиб, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари фаолиятида сиёсий партиялар гуруҳларининг ролини кучайтириш, айниқса, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолиятини назорат қилиш борасидаги ваколатларини кенгайтиришни ўз ичига қамраб олади.

Партия электоратининг манфаатлари, тадбиркорлар ва фермерлар билан жойларда ўтказилган учрашувларнинг натижаларидан келиб чиқиб, йиғилишда Ҳаракатлар стратегиясининг иқтисодиётни либераллаштириш борасидаги вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди. Чунончи, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда хорижий инвесторлар учун инвестициявий жозибадорликни ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, экспортга мўлжалланган маҳсулот ва материаллар ишлаб чиқариш учун замонавий технологияларни, банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий принциплари ва механизмларини жорий этишни қамраб оладиган комплексли вазифалар кўриб чиқилди. Вилоятда келгуси беш йилда янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, мавжудларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш бўйича умумий қиймати 2 триллион 300 миллиард сўмлик 900 дан ошиқ лойиҳани амалга ошириш устидан самарали депутатлик назоратини ташкил этиш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Муҳаббат РАВШАНОВА,
“ХХI asr” мухбири

ҚАШҚАДАРЁ

Қаршида O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши фаоллари ва депутатлар иштирокида амалий мулоқот ташкил этилди.

– Йиғилишда хусусий мулк, молия бозорини ҳимоя қилиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, банк фаолиятини талаб даражасида ташкил этишнинг замонавий принциплари ва механизмларини жорий этиш каби масалалар иштирокчиларнинг диққат эътиборида бўлди, – дейди Халқ депутатлари Яккабоғ туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари Маҳмадали Қулбулов. – Айниқса, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси йиғилишида қабул қилинган Ўзбекистон тадбиркорлари ва фермерларига Мурожаати ва партиянинг 2017 йилга мўлжалланган ҳаракат дастури биз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Биз депутатлар тадбиркор, фермер, ҳунарманд ва косибларни фаолиятини янада жонлантириш учун уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этишда фаоллик кўратишимиз керак. Жойларда амалга ошириладиган инвестицион лойиҳалар ва тармоқ дас­турларини рўёбга чиқаришда депутатлик назоратини самарали ташкил этиш эса бандлик ва фаровонликни янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.

– Ҳаракатлар стратегияси нафақат мамлакатимизнинг яқин истиқболдаги тараққиётини, балки эл маъмурлигини таъминлашнинг ойдин йўлини белгилаб берди, – дейди O‘zLiDeP фаоли Исмигул Хушмуродова. – Мазкур муҳим ҳужжат барчамиздан ташаббускор ва ташкилотчи бўлишни, ҳаётга теран нигоҳ билан қарашни тақозо этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жонкуярлиги, барча тизимдаги раҳбарларни халқ дарди билан яшашга даъват этаётганлиги биз учун ибрат бўлиб хизмат қилиши керак. Одамлар ҳаётидан бохабарлик, ҳар бир хонадоннинг фаровонлигини оширишга кўмак­лашиш, қишлоқ аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари фаолиятини замон талаблари даражасида ташкил этишга кўмаклашиш партиявий фаолиятимизнинг асосий мезонига айланиши керак.

Йиғилишда O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгашининг навбатдаги режалари атрофлича кўриб чиқилди.

 Сайфулла ИКРОМОВ, 
“ХХI asr” мухбири


СУРХОНДАРЁ

Термиз шаҳрида бўлиб ўтган  Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сурхондарё вилоят Кенгаши йиғилишида ҳам Ҳаракатлар стратегиясидан келиб чиқувчи партиявий вазифаларни аниқ белгилаб олиш, унинг мазмун-моҳиятини ўрганиш ва электорат ўртасида кенг тарғиб қилиш ҳамда чуқур таҳлил этиш хусусида сўз юритилди.

– Бу борада биз депутатлар масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда, давлатимиз раҳбаридан шахсий намуна олиб, жойларга чиқиб, ҳар бир хонадоннинг фаровонлигини оширишга кўмаклашиш ва ҳар бир ҳудуд, маҳалла ва қишлоқлардаги, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларидаги, айниқса тадбиркор ва фермерлар муаммоларини ҳал этишга амалий ёрдам бериш ишларини янада кучайтиришимиз лозим, – деди O‘zLiDeP вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари Дилбар Сувонова.

Давра суҳбатида ушбу муҳим ҳужжатдаги долзарб вазифаларни бекаму-кўст амалга ошириш учун партия депутатлик гуруҳлари, фаол аъзолардан улкан масъулият, ҳамжиҳатлик ва жонбозлик талаб этилиши таъкидлаб ўтилди.

Муҳиддин ЖАББОРОВ,
“ХХI asr” мухбири

СИРДАРЁ

Гулистон шаҳрида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси биносида ўтказилган O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгашининг йиғилишида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси вакиллари, партиянинг вилоят, туман, шаҳар кенгашлари фаоллари, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Ўқув-семинар доирасида вилоят миқёсида Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган йўналишларни амалга ошириш учун ишлаб чиқилган 63 банддан иборат партиявий чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш вазифалари муҳокама этилди.

– Сирдарё вилоятидаги мавжуд 130 та қишлоқ врачлик пунктларининг 16 тасида олий маълумотли шифокорлар йўқ, ишлаётганларнинг 70 фоизини нафақа ёшидаги мутахассислар ташкил этади. Аҳолининг талаб-истакларидан келиб чиққан ҳолда депутатлар ҳам жойларда ушбу масала  билан қизиқишларини истардим. Таклифим, ушбу муаммони бартараф этиш учун  республикамиздаги тиббиёт олий ўқув юртларига квота асосида қабул қилиш тизимини ўрнатиш керак. Ўз навбатида турли соҳа вакиллари билан ҳамиша ҳамкорликда  ишлайдиган ОАВ  вакилларининг ижтимоий ҳимоясини янада мустаҳкамлаб, бир йилда бир маротаба  республикамиздаги сиҳатгоҳларда соғлигини тиклаш учун имтиёз беришни  қўшган бўлардим, – деди Халқ депутатлари Янгиер шаҳар Кенгаши депутати, тадбиркор Гулчеҳра Жонжигитова.

Норинисо ҚОСИМОВА 
“ХХI asr” мухбири

АНДИЖОН

Андижон давлат университетида O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқадиган ҳамда Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи депутатларининг ва  партия вилоят Кенгашининг 2016 йилдаги фаолияти якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган амалий ҳаракатлар комплекс мақсадли Дастуридан келиб чиқувчи устувор вазифалар муҳокамаси кун тартибидаги асосий масала бўлди.

Мажлисда сўз олган партия вилоят Кенгаши раиси З. Жумабоев мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий ҳаёт, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларини демократлаштириш ва либераллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамиятини шакллантиришда аҳоли фаоллигини ошириш йўлида кенг миқёсли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Партия электоратининг манфаатлари, тадбиркорлар ва фермерлар билан жойларда ўтказилган учрашувларнинг натижаларидан келиб чиқиб, Ҳаракатлар стратегиясининг иқтисодиётни либераллаштириш борасидаги вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу ҳаётий ҳужжатда қонун устуворлиги ва суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида кўзда тутилган чора-тадбирлар партия сайловолди Дастури ва электорати манфаатларига ҳамоҳангдир. Тадбирда партия ҳудудий ташкилотлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг халқ билан бевосита мулоқотини йўлга қўйиши, аҳоли уларга эркин мурожаат эта олишини таъминлашда бевосита иштирок этишлари лозимлиги қайд этилди.

– Жамиятнинг энг фаол қатламига айланиб бораётган тадбиркорларни ўйлантираётган муаммоларни ҳар томонлама ўрганиш ва қўллаб-қувватлаш энг долзарб масалалардан биридир, – деди “Капитал белла” хусусий корхонаси раҳбари М. Юлдашева. – Шу маънода илғор хорижий тажрибаларни таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасида бу мавзу алоҳида ўрин эгаллаган. Ушбу ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг изчил ижроси мамлакатимизда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган ҳаётий тамойилнинг рўёбини таъминлашга хизмат қилади.

Йиғилишда масаланинг барча жиҳатлари тилга олиниб, ушбу вазифаларни оғишмай амалга ошириш учун партия ва унинг шаҳар, туманлар кенгашлари, депутатлик гуруҳлари аъзоларидан масъулият, ҳамжиҳатлик ва фаоллик талаб этилиши таъкидланди.

Зилола РАҲМОНОВА,
“ХХI asr” мухбири

ФАРҒОНА

Фарғона давлат университетида O‘zLiDeP Фарғона вилояти Кенгашининг  кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Шуни қайд этиш лозимки, Ҳаракатлар стратегиясига давлатимиз раҳбари томонидан сайловолди жараёни, жамоатчилик, ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда давлат органлари билан учрашувлар чоғида билдирилган мамлакатни ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ривожлантиришнинг концептуал масалалари киритилгани партия фаоллари ва депутатлик корпуси зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Бинобарин, маърузачилар кун тартибидаги масалалар қаторида партиянинг Ҳаракатлар стратегиясидан келиб чиқадиган устувор вазифалари билан иштирокчиларни таништиришди.

Эътироф этилганидек, мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий ҳаёт, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларини демократлаштириш ҳамда либераллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамиятини шакллантиришда аҳоли фаоллигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Айни жараёнда сиёсий партиялар, шу жумладан O‘zLiDeP ҳам фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ҳамда сайловлардаги фаоллигини ошириш, ўз фикру иродасини эркин ифода этиш, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришдаги иштирокини кенгайтиришнинг муҳим воситасига айланди.

Йиғилишда Ҳаракатлар стратегиясининг ҳар бир йўналишини пухта ўрганиш баробарида партия депутатлик корпуси, туман ва шаҳар кенгашлари, партия фаоллари олдида турган аниқ чора-тадбирлар ҳам ишлаб чиқилди. Қолаверса, вилоят кенгашининг 2016 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи эшитилди. Ўтган йилда вилоят Кенгаши томонидан партиянинг дастурий мақсадларига мос келадиган 1 минг 449 та турли йўналишдаги тадбирлар ташкил этилиб, кенг кўламдаги тарғибот-ташвиқот ишлари, ҳамкор ташкилотлар иштирокида кўплаб лойиҳалар амалга оширилди. Натижада партиянинг сафи сон ва сифат жиҳатидан ўсиб, электоратнинг сиёсий кураш майдонида обрў-эътибори янада мустаҳкамланди. Буни жойларда бошланғич партия ташкилотлари сони ортгани ва партия сафига минглаб янги аъзолар қабул қилингани ҳам яққол исботлаб турибди.

Тадбир якунида санаб ўтилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Хуршид СУЛТОНОВ,
“ХХI asr” мухбири

НАМАНГАН

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида сўзга чиққанлар миллий иқтисодиётда рақобатбардошликни ошириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш, ҳудудлар, туман, шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига хорижий сармояларни фаол жалб этиш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш бўйича устувор йўналишлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Йиғилиш якунида наманганлик партия фаоллари, депутатлар, электорат вакиллари 2017-2021 йилларга мўлжаланган Ҳаракатлар стратегиясини ҳаётга кенг татбиқ этишда фаол  иштирок этиш ҳамда Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор йўналишларни амалга ошириш билан боғлиқ режаларни белгилаб олишди.

Комилжон ФАЙЗИЕВ,
O‘zLiDeP Наманган вилоят
Кенгаши Матбуот хизмати ходими

Joomla