Monday, Feb 27th

Last update06:53:18 AM GMT

You are here:

БАРҚАРОР ТАРАҚҚИЁТ ВА БАХТЛИ КЕЛАЖАК УЧУН ОВОЗ БЕРДИК!

Мамлакатимизда халқаро стандартларга мос миллий сайлов тизими шакллантирилиб, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш ҳуқуқи амалда таъминлангани халқимизнинг сиёсий ва фуқаролик фаоллиги, эл-юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси тобора юксалишида муҳим омил бўлмоқда. Айтиш керакки, демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг асосий белгиси бўлмиш сайловлар шундай муҳим жараёнки, бунда ҳар бир инсон юрт тақдири, ўз келажагининг ҳимояси учун қайғуради ва овоз беради. Бир неча ойдан бери интиқлик билан кутилган 4 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни ҳам юртдошларимиз қалбида ўзига хос юксак дахлдорлик туйғулари намойиши билан эсда қоладиган бўлди.


Қорақалпоғистон
Республикаси

Мустақил мамлакатимизнинг барча ҳудудида бўлгани каби Қорақалпоғистон Республикасидаги 591-сайлов участкасининг ҳаммасида Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти сайлови уюшқоқлик, очиқлик, ошкоралик тамойиллари, тобора гуллаб-яшнаётган ўлканинг юрт тараққиётига салмоқли улуш қўшаётган фидойи фарзандларининг фаол иштироки асосида бошланди.

Эрта тонгдан “Дўстлик” орденли – Нукус шаҳри, Тўрткўлдан тортиб Тахтакўпиргача, Элликқалъадан Қўнғиротгача, Манғитдан Мўйноққача бўлган аҳоли масканларида яшаётган фуқаролар юртимизнинг бугунги илғор тараққиёти, эртанги ёруғ истиқболи учун овоз беришга шошдилар. Сайлов участкаларида фуқароларнинг ўз конс­титуцион ҳуқуқларини тўла амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратилган.

172-сонли сайлов участкаси Беруний шаҳридаги 6-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабининг замонавий биносида жойлашган. Сайлов участкаси барча зарур алоқа воситалари, компьютер ва ташкилий техника, ҳуқуқий адабиётлар билан таъминланган. Участка сайлов комиссияси таркибида илгари сайлов комиссияларининг фаолиятида бевосита иштирок этган ва муайян таж­рибага эга фуқаролар бор.

– Мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги ушбу муҳим тадбирда иштирок этиши учун “Бўстон” маҳалласининг 1 минг 774 нафар фуқароси рўйхатга олинган, – дейди участка сайлов комиссияси раи­си Маҳмуджон Аметов. – Эрталабки соат 6 да сайлов участкаси эшикларини очганимизда биринчилардан бўлиб юзларидан нур ёғилиб турган икки нафар ёши улуғ оқсоқол кириб келишди. Ўзлари танлаган муносиб номзодга овоз бериш билан биргаликда юртимизнинг обрў-эътибори янада ошсин, халқимиз бунданда фаровон, айниқса, ёш авлоднинг келажаги порлоқ бўлсин, деб дуо­лар қилишди. Улардан кейин биринчи марта сайловчилар рўйхатига киритилган 44 нафар навқирон ёшлардан бири кириб келди!

– Озод, обод юртимизнинг Бош қонуни – Конституциямиз берган демократик ҳуқуқлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этаётганимдан беҳад бахтиёрман, – дейди 18 яшар Достонбек Ибодуллаев. – Мен бугун биринчи марта овоз беришда қатнашдим. Ва менинг тенгдошларимдан тортиб етмиш, саксон яшар отахон ҳамда онахонларгача барча-барчасининг бу сайловларга катта умид боғлаётгани, азиз Ўзбекистонимизнинг қадди янада тик, тенглар ичра тенг, турмушимиз ҳар томонлама фаровон бўлишига ишончи комил эканини юрак-юракдан ҳис қилдим. Энг муҳими бу юксалишга ҳар ким ўз улушини қўшиш иштиёқи билан яшамоқда!

Айтиш жоизки, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 27 минг 974 нафар навқирон авлод вакиллари биринчи марта овоз бериш бахтига муяссар бўлишди. Уларнинг кўпчилиги эртанги кунда Устюрт бойликларини ўзлаштириш, ҳудуд иқтисодини мустаҳкамлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришда фаол қатнашади.

Хоразм вилояти

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови истиқлол ва демократик ислоҳотлар боис ижтимоий тараққиётнинг юксак босқичига кўтарилган, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш борасида янги марраларни кўзлаётган Хоразм вилоятида ҳам ҳар қачонгидан уюшқоқлик, фаоллик билан бошланди. Мустақил мамлакатимизнинг энг гўзал шаҳарларидан бирига айланаётган Урганч, барча шаҳар ва қишлоқлар аҳолиси вакиллари мавжуд 463 та сайлов участкаларига ошиқди.

Бу сайловда Гурлан туманидан 91 минг 403 сайловчининг, шу жумладан, айни кунларда ўн саккиз ёшга тўлган 2 минг 678 йигит ва қиз фаол иштирок этди. Тумандаги  36 та сайлов участкаси  эрта тонгдан сайловчилар билан гавжум бўлди.

– Сайловда илк бор қатнашаётган ўн саккиз яшар йигит ва қизларнинг кўзларида чақнаган умид ва ишонч мени ҳаяжонга солди, – дейди 103-сайлов участкасида овоз берган қишлоқ мулкдори, тумандаги “Ҳайтиммат ота” фермер хўжалиги раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, O‘zLiDeP аъзоси Гулиммат Ҳайтимматов. – Бу бахтиёр ёшларни кўриб, ўзим тенги авлоднинг тоғни талқон қиладиган ўн саккиз яшар чоғимиз ёдимга тушди. Фақат истиқлолгина инсоннинг қадрига етди, унга ер ва мулк ҳуқуқини, мулкдорлик мақомини берди. Айниқса, фермер ва тадбиркорлар орасида ёшларнинг сони кўпаяётгани кишини севинтиради. Сайловда партиямиз аъзолари фаол иштирок этгани ҳам эътирофга лойиқ. Ўзбекис­тон Республикаси Президенти сайлови ҳам O‘zLiDePнинг нақадар уюшган, ўз фаолиятини мамлакат ҳаёти билан бирга қурган, наинки бугунги кун, балки келажак манфаатлари билан уйғун партия эканини кўрсатди. Бизнинг бугунги сайловда берган овозимиз, танловимиз мамлакатимиз равнақини сифат жиҳатидан янги довонга олиб чиқишига ишонамиз!

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,
“ХХI asr”мухбири
Бухоро вилояти

– Ўзбекистон  Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи  сайлов участкамиз  бўйича  муҳим сиёсий жараёнга пухта ҳозирлик кўрилгани бугун ўз амалий натижасини  берди,  – дейди Бухоро шаҳридаги  14-сайлов участкаси раиси Зиёда Ҳожиева. – Участкамиз таркибида “Навбаҳор” ва “Ойбек” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 26 та кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи 2 минг 935 нафар сайловчи, шу жумладан,   сайловда илк  маротаба иштирок этаётган 31 нафар йигит-қизлар  эрта тонгданоқ  сайлов участкаси жойлашган 13-умумтаълим мактаби биноси томон йўл олишди.

Таъкидлаш ўринлики, мамлакат тақдирини ҳал қиладиган муҳим сиёсий жараёндан ушбу ҳудудда яшовчи, сайлаш ҳуқуқига эга бўлган бирор киши четда қолгани йўқ. Кўзи  ожиз инсонлардан 2 нафари,  имконияти чекланган 20 нафарга яқин кишилар  учун ҳам  шароитлар яратилди. Сайлов куни турли сабабларга кўра ўз уйида бўлмайдиган 14 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз беришди.  Эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор қозонган, миллий сайлов қонунчилигимизни яхши биладиган 9 нафар  кишидан иборат  участка сайлов комиссияси аъзолари эътиборидан ҳудудда истиқомат қилувчи 89 ёшли  Виктор Каномоно, 86 ёшли  Клавдия Штирлова, 76 ёшли  Яҳё  ота Шамсиев,  61 ёшли  Солиҳа ая Шодиева каби юртдошларимиз четда қолишмади. Ўз уйларида овоз берган бу отахон ва онахонлар юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги учун беминнат хизмат қилишга тайёр бўлган, ўзлари танлаган  муносиб номзодни якдиллик  билан қўллаб-қувватлашди.

– Мен собиқ совет тузуми сайловларида ҳам иштирок этганман, – дейди Қоракўл туманидаги Пахтакор маҳалласида истиқомат қилувчи 95 ёшли  уруш ва меҳнат фахрийси Элмурод бобо Жўраев. – У пайтларда ҳаммаси кўр-кўрона амалга оширилар эди. Бугунги давр ёшу қаридан фаолликни талаб этаяпти.

Эрта тонгданоқ  ҳудудимиздаги  324-сайлов участкасига келиб, тенгқурларим,  уруш ва меҳнат фахрийлари Шукур Маматназаров, Жаббор Самадов, Бекмурод  Холмуродовлар билан бирга овоз бердик.

– Тўғриси, ўзим танлаган ва овоз берган номзоднинг сайловолди дастури билан танишганимдаёқ, юртимиздаги хотин-қизлар меҳнати ва яшаш шароити   бундан кейин ҳам ҳар доим эътиборда бўлишини ҳис этдим, – дейди Бухородаги оилавий корхона зардўзи Муқаддас Жумаева. – Зотан, асосий электорати тадбиркор, ҳунарманд ва фермерлардан иборат сиёсий партия номзоди халқимиз ишончини тўла  оқлаши, мамлакатимизни энг тўғри ва ёруғ йўлдан дадил олға олиб боришига ишонаман.

Асхор ИСТАМОВ,
“ХХI asr”мухбири

 

Навоий вилояти

– Украина Республикасининг Луганск вилоятида туғилганман, – дейди сайловчи Юлия Аллаева. – Миллатим украин. 1986 йилда Ворошиловоград давлат педагогика институтини тугатиб, ўзбек йигити Суръат Аллаев билан турмуш қургач, ҳаётимни жаннатмонанд замин – Ўзбекистон билан боғлаганман. Шундан буён ўзбек адабиётининг асосчиси, улуғ шоир Алишер  Навоий номи билан аталувчи гўзал шаҳарда ўзбек, тожик, қозоқ, рус, татар ва бошқа ўндан зиёд миллат вакиллари билан оға-инидек аҳил ва иноқ истиқомат қилиб келаяпман. Навоий шаҳридаги 13-ўрта умумтаълим мактабида мана 30 йилки, ёш авлодга тарих фанидан сабоқ бераман. Икки ўғил,  бир нафар қизим шу заминда дунёга келди. Мактаб ҳамда коллежларда ўқиб, касб ҳунар эгаллашди. Уй жойли, фарзандли бўлишди. Сен бошқа миллат вакилисан деб, биров бизга асло таъна қилган эмас. Аксинча қийналган пайтларимизда барча бизга ёрдам қўлини  чўзган. Ўзбеклардаги каттага ҳурмат, кичикка иззат сингари шарқона одоб мезонларини қаттиқ ҳурмат қиламан.

– Юртдошларимизнинг йилдан йилга ҳуқуқий  саводхонлиги ва сиёсий фаоллиги  ортиб бораётгани кишини қувонтиради, – дейди Кармана туманидаги 73-сайлов участкаси раиси Муҳайё Норқулова. – Ҳудудимизда рўйхатга олинган 2 минг 353 нафар сайловчининг 35 нафари биринчи марта сайловда иштирок этди. 19 нафар беморлар хонадонига борганимизда уларнинг боши кўкка етди. 18 нафар фуқаро эса муддатидан олдин овоз бериш учун сайлов участкасига келиб, овоз берди.

Мансур АСЛОНОВ,
“ХХI asr”мухбири

 

Самарқанд вилояти

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови Самарқандда ҳам байрамона, кўтаринки кайфиятда ташкил этилди. Эрталабдан вилоятнинг шаҳар ва қишлоқларида яшовчи фуқаролар сайлов участкаларига келди. У ерда сайловчилар ўзлари муносиб деб билган номзодларга овоз беришди. Самарқанд давлат чет тиллар институтида ташкил этилган 59-сайлов участкаси ҳам эрта тонгдан сайловчилар билан гавжум бўлди.

– Мен сайлов участкасига етти ойлик чақалоғим билан келдим, – дейди Ирина Воҳидова. – Она ва бола учун ташкил этилган хонадаги меҳрибон тарбиячилар боламга қараб туришди. Номзодлар ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор бўлганим сабабли, юртимиз, фарзандларимиз бахти-камоли учун курашадиган номзодга овоз бердим.

– Президент сайловида қатнашиш мен учун фахр ва Ватанга муҳаббат туйғусини янада оширди, – дейди Парвина Ғафурова. – Илк бор сайловда қатнашганимдан ғоятда бахтиёрман. Ҳозирда Самарқанд педагогика ва хизмат кўрсатиш коллежида таҳсил оляпман. Сайловларда яратилган шароитлардан кўнглимиз тўқ.

Вилоятда катта уюшқоқлик билан ўтказилган сайлов халқаро кузатувчиларнинг эътирофига сазовор бўлди. Улар фуқароларимиздаги сиёсий фаоллик, сайлов участкаларида яратилган имкониятларни бошқа мамлакатларда кузатмаганини таъкидлашди.

Эслатиб ўтамиз, вилоятда 1 минг 30 та сайлов участкаси бўлиб, сайловчилар сони 2 миллион 371минг 640 нафарни ташкил этади.

Муҳаббат РАВШАНОВА,
“ХХI asr”мухбири
Қашқадарё вилояти

– Бугун тонги соат олтидаёқ барча сайлов участкаларида овоз бериш кўтаринки кайфиятда бошланди, – дей­ди 13-Қашқадарё округ сайлов комиссияси раиси Исмоил Жўраев. – 884 та сайлов участкасида сайловни ҳамжиҳатлик ва юқори савияда ўтказиш учун барча шароитлар муҳайё этилди. Воҳамизда рўйхатга олинган 1 миллион 984 минг 42 нафар сайловчидан 55 минг 356 нафари биринчи марта овоз берди. Сайловчиларимизнинг, айниқса, илк бор овоз бераётган ёшларимизнинг қувноқ кайфияти, уларнинг мамлакат тақдири, эл-юрт равнақи, осойишта ва барқарор ҳаёт учун овоз беришганидан қувондик.

– Сайловда овоз берган одам ўз бахтли келажагини яратади, – дейди Миришкор туман озиқ-овқат саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Муяссар Қораева. – Мамлакатимизда биз ёшларнинг баркамол бўлиб ўсишимиз учун барча  шароит яратилгани пухта билим олишимизда муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Фермерлик ҳаракати мамлакатимиз тараққиётида муҳим ўрин тутади, – дейди Касби туман “Шавкат” фермер хўжалиги раиси, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Шавкат Турсунов. – Шу боис озиқ-овқат хавфсизлигимизни таъминлаш,  қишлоқ келажаги ва тараққиёти бизнинг зиммамиздалигини юракдан анг­лаймиз.

Истиқлол шарофати туфайли фермер хўжалиги ташкил этиб,  қишлоқдошларимнинг бандлигини таъминлаш бахтига эришдим. Тадбиркорликни ривожлантириш орқали ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, аҳоли ҳаёт даражасини юксалтириш борасидаги ислоҳотларнинг бардавомлигини таъминлашга қодир муносиб номзод учун овоз берганимдан бахтиёрман.

Гувоҳи бўлдикки, сайлов вилоятнинг барча туманларида сайлов қонунчилигига, умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларга тўла мувофиқ ҳолда ўтказилди. Вилоят аҳолиси юртимиз равнақи ва халқимизнинг бахтли истиқболи учун даҳлдорликларини дилдан ҳис этиб, бу жараёнда юксак уюшқоқлик, кўтаринкилик, ҳамжиҳатлик билан иштирок этишди.

– Сайловда туманимиз аҳолиси фаол иштирок этди, – дейди O‘zLiDeP Муборак тумани Кенгаши раиси Панжи Жалилов. – Сайловни юқори савия­да, демократик тамойиллар асосида ўтишини таъминлаш мақсадида жойларда партиямиз электорати ва аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб борганимиз ҳам бу борада муҳим омил бўлди.

Сайфулла ИКРОМОВ,
“ХХI asr” мухбири
Сурхондарё вилояти

9-Сурхондарё округ сайлов комиссиясига қарашли 734 та сайлов участкасида овоз бериш жараёнлари юксак демократик талаблар асосида ўтди. Рўйхатга олинган 1 миллион 581 минг 214 нафар сайловчининг 37 минг 824 нафари биринчи марта овоз бераётган ёшлар, 119 нафари 100 ёшдан ошганлар, 3 минг 812 нафари биринчи гуруҳ ногиронлари, 2 минг 315 нафари эса кўзи ожиз ногиронлардир.

Шеробод туманидаги 8-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби Галагузар маҳалласидаги кўркам масканлардан бири ҳисобланади. 66-сайлов участкаси жойлашган ушбу муассаса кеча ҳар доимгидан-да гавжум бўлди. Субҳи дамдан юрт истиқболига, унинг равнақига ўзини даҳлдор деб билган маҳалладошлар овоз бериш учун шошилдилар.

– Эрталаб соат 6.00 да давлатимиз мадҳияси янгради ва тегишли тартибда сайлов қутилари муҳрланиб, ҳужжатлар расмийлаштирилгач овоз бериш бошланди. Ушбу жараёнда сайлов участкаси аъзоларидан ташқари сиёсий партиялар, маҳаллий ҳамда халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди, – дейди участкаси раиси Панжи Саидқулов.

Ушбу маҳалла ҳудудида жойлашган Шеробод туман тиббиёт бирлашмасида стационар даволанишдаги сайловчиларга участка аъзолари томонидан гувоҳлар иштирокида овоз бериш имкония­ти яратилди. Бемор Сожида Чориева ҳам ана шу имкониятдан фойдаланди.

– Сайлов куни шифохонада бўлсам-да, сайлаш ҳуқуқимдан тўлиқ фойдаландим.   Бу борада мен участкамиз аъзоларига миннатдорчилик билдириш баробарида мамлакатимизда фуқароларимизни ижтимоий муҳофаза қилишга катта эътибор қаратилганидан мамнунлигимни ҳам таъкидламоқчиман, – деди у.

70 ёшли Ҳалима ая Халиловага эса уйда овоз бериш учун шароит яратилди. Онахон ўз фуқаролик ҳуқуқидан фойдаланар экан, юрт тинчлигини тилаб дуо қилди. Сайлов кунида 66-сайлов участкаси сайловчилари рўйхатидаги Ҳалима ая сингари 70 ёшдан ошган 43 нафар кексалар ҳам овоз беришди. Айниқса илк бор овоз бераётган ёш ўғил-қизлар учун бу кун қизиқ ва ҳаяжонли бўлди. 66 нафар тенгдошлари қаторида Фарангиз Абдухалилова ўзи танлаган номзодга овоз берди:

– Тўғриси, участкага кириб келишим билан улғайганимни ҳис эта бошладим. Ҳамма жараёнлар тегишли қонунчилик талаблари асосида кечди. Ўзбекистонда Президент сайлови ҳақида шу пайтгача назарий билимга эга бўлган бўлсам, бугун мазкур жараённинг бевосита иштирокчисига айландим, – хурсандлигини изҳор қилди у.

Халқ депутатлари Шеробод туман Кенгашига O‘zLiDePдан сайланган депутат Бўри Омонов партия кузатувчиси сифатида мазкур сайлов участкасида фаолият кўрсатди:

– Қонунийлик, ошкоралик, холислик ва тартиб-интизом ҳамда тенглик сайловолди тарғибот пайтида қандай таъминланган бўлса, бугун ҳам шу даражада бўлди. Участкада қонунда белгиланган ҳуқуқларимдан тўла фойдаландим. Жараён давомида қонунбузилиши ҳолатлари кузатилмади.

Дарҳақиқат, мазкур эътирофлар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фуқароларимизга очиқлик ва ошкоралик принциплари асосида конституциявий ҳуқуқларидан тўла фойдаланиш имконияти берилганининг ҳаётий тасдиғидир.

Муҳиддин ЖАББОРОВ,
“XXI asr”  мухбири

 

Жиззах вилояти

– Сайлов билан боғлиқ муҳим жараёнлар, тадбирлар, сайлов қонунчилигига оид тарғибот ишлари оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчилик эътиборига мунтазам етказиб борилди, – дейди Президент сайловини ўтказувчи 4-Жиззах округ сайлов комиссияси матбуот маркази раҳбари  Парда Холматов. –  Вилоятда 466 та сайлов участкаси тузилиб, уларда 814 минг 919 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлса,  шундан 21 минг 30 нафари илк бора овоз беришди.

Улардан 5 минг 435 нафари ўз ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда муддатидан олдин овоз беришди. Улардан бири – Жиззах шаҳрининг Турон маҳалласида истиқомат қилувчи Лайло Сатторова хорижга кетаётгани сабабли муддатидан олдин ўз фуқаролик бурчини адо этди.

– Мазкур сиёсий жараёнда фуқароларнинг фаол иштирок этаётганини уларнинг сайловга оид ҳуқуқий билимлари ошгани билан изоҳлаш мумкин, – дейди Жиззах шаҳридаги Турон маҳалласида жойлашган 15-участка сайлов комиссияси раиси Дилфуза Шокирова. – Участка сайлов комиссиясида 2 минг 770 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 42 нафари сайловда илк бор иштирок этди. Уларнинг аксари қисми ҳудуддаги Жиззах енгил саноат касб-ҳунар коллежида таҳсил олади. Шу сабабли сайловга тайёргарлик жараёнида участка сайлов комиссияси аъзолари мазкур коллежда бўлиб, ёшлар ўртасида сайлов қонунчилиги тарғиботига қаратилган бир қатор тадбирлар ўтказишди. Бундай тадбирлар вилоятдаги мавжуд барча сайлов участкаларида олиб борилди.

Таъкидлаш жоизки, жойларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини амалга ошириши учун барча шароитлар яратилган. Турон маҳалласида истиқомат қилувчи 24 нафар кекса, ногирон ва беморлар учун кўчма сайлов қутилари олиб борилди. O‘zLiDeP Жиззах вилояти Кенгаши қошида ташкил этилган ҳудудий сайлов штабида ҳам сайлов участкаларига қўйилган 466 нафар кузатувчилар, депутатлар, партия фаоллари ўзларига ажратилган ваколатлар доирасида жараёнда иштирок этишди.

Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,
“ХХI asr”мухбири

 

Сирдарё вилояти

Сирдарё вилоятининг барча сайлов участкалари эшиги давлатимиз мадҳияси жарангига ҳамоҳанг очилиб, юраклар ажиб фахру ифтихор ҳисси билан тўлиб тошди. Нуроний отахон ва онахонлар  сайлов участкаларида эл тинчлиги ва омонлигини тилаб дуога қўл очишди ва биринчилардан бўлиб овоз беришди. Чўлни бўстонга айлантиришга муносиб ҳисса қўшган кекса отахону онахонлар, бунёдкорлик ишларида азму шижоатни қўлдан бермай келаётган навқирон кишилар, илк марта фуқаролик  бурчини бажариш учун ҳаяжон билан қадам ташлаётган йигит-қизлар, Ўзбекис­тоннинг янги Президентини сайлаш учун белгиланган сайлов участкаларига етиб келишди.

Айтиш керакки, Президент сайловини ўтказувчи 8-Сирдарё округ сайлов комиссияси томонидан  271 та сайлов участкасида сайловолди тарғибот-ташвиқот ишлари – семинар-тренинг, учрашув, турли акцияларнинг ташкил этилгани бундай фаолликка замин ҳозирлади.

– Сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида вилоят халқ таълими, касб-ҳунар таълими бошқармалари ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда вилоятдаги барча таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари иштирокида ўтказилган “Менинг овозим – Ватаним келажаги” мавзусидаги иншолар танлови ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ошишига туртки бўлди, – дейди 8-округ сайлов комиссияси раиси Солижон Қудратов. – Жумладан, Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимлари билан ҳамкорликда жойларда ўтказилган “Мен шахсан ўзим учун овоз бераман”, “Менинг оиламда ҳар бир аъзо ўз овозига эга”, “Сайловчилар рўйхатида бормисиз?” мавзуларидаги тарғибот-ташвиқот  ишлари ўз самарасини  кўрсатди. Республика Маънавият-тарғибот маркази вилоят бўлими  ва миллий-маданият марказлари фаоллари билан ҳамкорликдаги “Ягона оилада” мавзусида тарғибот ишлари турли миллат вакилларининг янада жипслигини, аҳиллигини таъминлашга хизмат қилди.

Ўз навбатида, округ сайлов комиссияси ҳузуридаги Матбуот маркази вилоятдаги мухбирларни ва маҳаллий журналистларни тегишли тартибда аккредитациядан ўтказиб, сайлов жараёнини кенг ёритилишида муносиб ҳисса  қўшди.

– Президент сайловини ўтказиш учун ташкил этилган сайлов участкалари ўртасида “Энг намунали тайёрланган сайлов участкаси” кўрик-танловининг ўтказилиши айни муддао бўлди, – деди  округ сайлов комиссияси раиси муовини Сайёра Удаева. – Унда Сирдарё туманидаги 11-сонли мусиқа ва санъат мактабида ташкил этилган 206-сайлов участкаси биринчи ўринга муносиб деб топилди. Сайлов жараёнида илк марта овоз бераётган  ўғил-қизлар, уй бекаларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Сайловда 4 минг 143 нафар сайловчи  муддатидан аввал овоз берди, биринчи марта овоз берган ёшларимиз эса 15 минг 300 нафарни ташкил этди. Ўз навбатида округ ва участка сайлов комиссиялари фаолияти билан танишган Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотлари вакиллари, Мустақил  Давлатлар Ҳамдўстлиги кузатувчилари сайловчиларнинг  эмин-эркин ўз ҳақ-ҳуқуқидан тўла фойдаланган ҳолда овоз беришгани, сайловчилар учун тенг шароит яратилганини эътироф этишди.

– Ёшим  етмишда, мустақиллик давридаги тарихий сиёсий  воқеага яна бир карра гувоҳ бўлаётганимга шукр қилдим, – дейди Гулистон шаҳридаги Намуна маҳалласидаги 11-сайлов участкаси сайловчиси Муҳаммадлойиқ ота Абдулҳаев.

– Юртимизда Президент сайлови муносабати билан ташкил этилган барча тадбирларда биз кўзи ожизлар ҳам тўлақонли иштирок этдик, – дейди Кўзи ожизлар жамияти Сайхунобод туман бўлими раиси  Жуманазар Бобобеков. – Аввало, биринчи марта бизга шунчалик эътибор қаратилиб, ўзимиз танлаган номзодни мустақил сайлаш имкони берилганидан мамнун бўлдик. Аввалги сайловларда сайлов қоғозини ўқий олмаганимиз учун кузатувчи ёрдамида овоз берар эдик. Бу галги сайловда  барча сайлов участкаларида кўзи ожиз сайловчилар учун брайль ёзувида бюллетенлар чиқарилгани бизни ғоят мамнун этди.

Норинисо ҚОСИМОВА,
“ХХI asr” мухбири

 

Андижон вилояти

Халқимизнинг ўз тақдирига бефарқ эмаслиги Андижон вилоятида бўлиб ўтган сайловда ҳам яққол намоён бўлди. Эрта тонгдан ҳамма – кекса-ю ёш қўлларида сайлов учун берилган таклифнома ва фуқаролик паспорти билан сайлов участкаларига келишди.

Ана шундай мамнунлик ва жўшқинлик овоз бериш учун сайлов участкаларига келаётган ҳар бир фуқаронинг юз-кўзида акс этган. Улар нафақат фуқаролик бурчларини адо этаётганидан, балки ҳар бир одамнинг хоҳиш-иродаси инобатга олиниб, ҳақ-ҳуқуқлар ҳимоя қилинадиган мамлакатда яшаётганидан хурсанд.

– Сайлов участкаларида она ва бола хоналарининг ташкил этилгани айни муддао бўлди, – дей­ди Андижон вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти биносида жойлашган 13-сайлов участкасига келган Нозимахон Сиддиқова. – Бу, айниқса, аёлларга қулайлик яратди. Сайлов участкасига келган ҳар бир аёл яратилган шароитдан хурсанд бўлди. Фарзандини она ва бола хонасига қўйиб, алоҳида кабинада ўзи, оиласи ва фарзандининг эртаси учун овоз берди.

Таъкидлаш жоизки, Андижон вилояти бўйича 1 миллион 851 минг 256 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 44 минг 622 нафари илк бор овоз бериш бахтига муяссар бўлди. Вилоят бўйича 773 та сайлов участкаси изчил фаолият кўрсатди.

Аъзам ҚОДИРОВ

 

Наманган вилояти

Қиш фасли бўлишига қарамай гуллар, фавворалар ҳамда тадбиркорлар шаҳри бўлган Наманган кўчалари тонг қоронғусида ҳам ранг-баранг чироқлар ёғдусидан янада тароватли ва файзли бўлди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, вилоятда 690 та сайлов участкаси бўлиб, Президент сайловида иштирок этувчи сайловчилар сони 1 миллион 635 минг 939 нафарни ташкил этди.

Вилоят маркази бўлган Наманган шаҳрининг барча ҳудудларида катта сиёсий тадбир шукуҳи кечгача ҳукмрон бўлди.

Бобур шоҳ кўчасидаги Наманган хизмат кўрсатиш коллежи биноси. Бу ерда 79-сайлов участкаси жойлашган. Ёруғ ва шинам фойеда 2 минг 998 нафар сайловчи учун барча қулайлик яратилди. Овоз бериш кабиналари, она ва бола, тиббиёт хоналари намунали ташкил этилди.

Эрта тонгда сайлов участкасига юзларидан нур ёғилиб турган отахон-онахонлар ўз конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиш учун муҳим бўлган сиёсий жараёнда қатнашиш учун келишди.

Биринчилардан бўлиб “Қадамжо” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли, фахрий педагог Маҳмуджон Камолов овоз берди. 80 ёшни қаршилаган отахон аввало Биринчи Президентимизни дилдан ёд этиб, у киши амалга оширган буюк ишларни тилга олди. У киши асос солган фаровон кунлар давомли бўлишини истаб, эзгу ният билан Президентликка муносиб номзодга овоз берди.

– Сайлов куни асосли сабабларга кўра шу ҳудудда бўла олмайдиган фуқаролардан 13 нафари 24 ноябрь – 2 декабрь кунлари муддатидан олдин овоз беришди, – дейди Наманган шаҳридаги 79-участка сайлов комиссияси раиси Дилдора Раҳимова. – Шунингдек, бугун саломатлиги яхши эмаслиги ва бошқа сабабларга кўра сайлов участкасига кела олмайдиган 14 нафар кексалар, ногиронлар, бетобларнинг уйларига бориб, кўчма сайлов қутида овоз беришни ташкил қилдик. 2 нафар кўзи ожиз сайловчиларимиз брайль алифбосида ёзилган бюллетенлар билан таъминланди.

– Ўттиз йилдан бери инглиз тили фани ўқитувчиси  бўлиб ишлайман, – дейди Нурия Пузанова. – Бугунги сайловга фарзандларим  билан бирга келдим. Миллатим татар, фарзандларим рус миллатига мансуб. Лекин оиламизда ҳаммамиз ўзбек тилини, урф-одатларини яхши биламиз ва ҳурмат қиламиз. Биз шундай тинч ва фаровон Ватанда, 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари худди бир оила фарзандларидек яшаётган жонажон юртда яшаётганлигимиздан фахрланамиз.

Кичик бизнес соҳасида эришаётган натижалари билан тенгдошлари ҳавасини тортаётган ёш тадбиркор – “Imron Textile Group” корхонаси раҳбари Исломбек Қутфиддинов Наманган муҳандислик-технология институти биносида жойлашган 5-сайлов участкасида  овоз берди.

– Ёшим 25 да, мустақиллик тенгдошиман ва мен бундан фахрланаман, – дейди Исломбек. – Институтни иқтисодчи мутахассислиги бўйича битирганимга беш йил бўлди. Талабалигимда тадбиркорлик ва маркетинг сирларини қунт билан ўргандим. “Ёш тадбиркор – юртга мададкор”, “Юрт келажаги”, “Менинг бизнес ғоям”, “Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам” танловларида ўз бизнес лойиҳаларим ва ишлаб чиқарган маҳсулотларим билан қатнашиб, ғолиб бўлдим. 2011 йилда “Водий ёғоч савдо” хусусий корхонаси қошида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи кичик тикувчилик цехи ташкил этдим. Ўтган йилларда тежалган маблағлар ҳисобидан 244 миллион сўмга хориждан замонавий тикув машиналари келтириб ўрнатдик. Корхонада дастлаб 4 киши ишлаган бўлса, бугун ишчиларимиз 70 тага етди. Ҳозир 20 дан ортиқ турдаги тайёр трикотаж маҳсулотларини экспорт қилмоқдамиз. Мен сайловда тинчлик ва тараққиёт учун овоз бердим.

Комилжон ФАЙЗИЕВ,
“ХХI asr”мухбири

 

Фарғона вилояти

Фарғона вилояти сайловчилари ҳам Ўзбекис­тон Республикаси Президенти сайловини кўтаринки кайфиятда уюшқоқлик билан ўтказишди. Ушбу сайлов жараёни донишманд халқимизга хос бўлган каттага ҳурмат, кичикка иззат, аёлга эҳтиром каби азалий қадриятларимиз руҳида бўлиб ўтди. Вилоятда
2 миллион 417 минг 891 та сайловчи рўйхатдан ўтган бўлиб, улардан 74 минг 492 нафари илк маротаба бу муҳим сиёсий жараёнда қатнашдилар.

– Юртимизда ўтказилган бундай жиддий жараёнга ватандошларимнинг катта қизиқиш билан иштирок этганликларини кўриб, демократик тамойиллар, қонун устуворлиги асосий мезонга айланган мамлакатда яшаётганлигимдан яна бир бор фахрландим, –  дейди Нодир Ҳайдаров.

– Тадбиркорлик ривожини янги босқичга кўтариш ҳамда унинг давлатимиз тараққиётига қўшаётган улушини янада оширишга катта эътибор қаратилмоқда, – дейди бағдодлик тадбиркор Ғайратжон Йўлдошев. – Мен ёқлаб овоз берган номзоднинг сайловолди дастурида ҳам мамлакатимизнинг халқаро майдондаги иқтисодий жиҳатдан нуфузини ошириш, бунда ишлаб чиқариш салоҳиятини янада ошириш зарурлиги, пировардида эса фуқароларимизнинг фаровон турмушини таъминлаш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш лозимлиги яққол белгилаб қўйилган. Мен бугунги сайловда айнан мана шундек халқпарвар ва жонкуяр инсонга овоз берганимдан мамнунман.

O‘zLiDeP Фарғона вилоят Кенгаши
Матбуот хизмат

Тошкент вилояти

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови Тошкент вилоятида ҳам демократик тамойиллар – очиқлик, ошкоралик асосида бўлиб ўтди. Вилоятнинг 18 та шаҳар ва туманида ташкил этилган 878 та сайлов участкасида сайловчилар учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Участкалар зарур жиҳозлар, алоқа воситалари, турли  ахборот ҳамда маълумотлар билан таъминланди. Айниқса, сайловда биринчи марта иштирок этаётган ёш сайловчиларга овоз бериш тартиби, ушбу сиёсий жараённинг моҳияти, аҳамияти тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилди. Сайловда вилоятдан 1 миллион 911 минг 666 киши иштирок этиб, ўзлари танлаган номзод учун овоз беришган бўлишса, шулардан 45 минг 355 нафари илк марта қатнашган ёшлардир. Бу муҳим сиёсий тадбир мобайнида сайловчилар билан мулоқотда бўлар эканмиз, фуқароларимизда юрт келажагига даҳлдорлик ҳисси юқори эканлигига гувоҳ бўлдик.

– Тадбиркорлик фаолиятимни 1993 йилда бошлаганман, – дейди Фурқат Абдуазимов. – Истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ биз тадбиркорлар  давлатимиз, ҳукуматимизнинг доимий эътиборидамиз. Эркин фаолият юритаман, ишлаб чиқарган маҳсулотимни ўзим эркин сотаман. Бугунги кунда шу даражада имконият ва имтиёзлар яратиб берилганки, буларни юрт кезган, бошқа давлатларда бориб қиёслаш имконига эга бўлган тадбиркор янада кенгроқ англаб етади. Иш юзасидан дунёнинг бир қатор давлатларига қилган сафарим чоғида ҳамкорларим билан суҳбатлашиб, уларга юртимизда ишбилармонлар учун яратилаётган шароитлар ҳақида гапириб берганимда, юртимизга ҳаваслари ортар эди. Буларнинг барчаси, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов бошлаб берган ва бугунги кунда оғишмай давом этаётган одил сиёсат натижасидир.

– Сайловда O`zLiDePдан кузатувчи сифатида  иштирок этаяпман, – дейди  O`zLiDeP фаоли, 352-сайлов участкаси кузатувчиси Дилфуза Эгамназарова. – Аҳолимиз эрта тонгдан фуқаролик бурчларини адо этиш мақсадида ўзлари танлаган номзодга овоз бергани келишди. Участкамизга хорижлик халқаро кузатувчилар ташриф буюриб, одамларимиздаги фаоллик, уюшқоқлик, мамлакат келажагига бефарқ эмасликларидан кўнгиллари тўлди.

– Германия, Хитой, Қозоғистон ва Корея Респуб­ликаларидан келган хорижлик халқаро кузатувчилар туманимиздаги 66 та сайлов участкасининг айримларида бўлишди, – дейди O`zLiDeP Қибрай тумани Кенгаши раиси ўринбосари Зарофат Муҳамедова. – Туманимизда сайловда иштирок этаётганларнинг 2 минг 472 нафарини 18 ёшга тўлган ёшлар ташкил этади. Уларнинг фаоллиги, хорижлик кузатувчилар билан  инглиз тилида эркин мулоқотда бўлиши меҳмонларни ҳайратлантирди. Айниқса, ёшларнинг кекса сайловчилар, ёш болали ота-оналарга ўзбекона ҳурмат-эҳтиромининг гувоҳи бўлган  халқаро кузатувчилар бундай бағрикенглик, одоб-ахлоқ фақат бизнинг юртдошларимизга хослигини, бундан ўрнак олса арзишини таъкидлашди.

– Ёшим 80 дан ошди, – дейди Мамлакат ая Абдуазимова. – Кўп йиллар деҳқончилик қилганман. Шу кунларга етказганига шукур, замонадан айланай. 8 нафар фарзандимнинг барчаси уйли-жойли, топарман-тутармон. Бири ишчи, бири тадбиркор. Фарзандларим ва 18 ёшга тўлган 27 нафар набираларим эрта тонгданоқ сайлов участкаларига бориб, овоз бериб келишди. Соғлигим туфайли сайлов участкасига чиқа олмадим, шу боис уйимдан туриб мен ҳам ўз бурчимни бажардим.

Шу куни вилоятдаги мавжуд 812 та сайлов участкасида Президент сайлови кўтаринки руҳда ўтди. Вилоят сайлов комиссияси томонидан келтирилган маълумотлар бўйича жами 18 та шаҳар ва туманлардаги сайлов участкаларида сайловни ўтказиш билан боғлиқ қонунбузилиши ҳолати қайд этилмади.

Зиёдулла МЎМИНОВ,
“XXI asr”  мухбири

Joomla