Thursday, May 25th

Last update04:49:24 AM GMT

You are here:

МУКАММАЛ БОШ ҚОНУН

порлоқ келажагимизнинг мустаҳкам пойдеворидир

Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга.
Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади.
Мактаб ишлари давлат назоратидадир.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 41-модда

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш. Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги нутқида қайд этганидек, замонавий Ўзбекистоннинг тарихи – бу мамлакатимизнинг ҳақиқий мустақилликка эришиш йўлида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида олиб борилган ўта мураккаб ва оғир курашлар тарихидир. Буюк Йўлбошчимиз ҳақли равишда демократик талаблар ва халқаро мезонларга тўлиқ жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳам асосий муаллифи эди. Конституциямиз негизида яратилган пухта қонунлар, шунингдек, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ҳокимият институтларини шакллантириш ва уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, мулкчиликнинг барча турларини, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги фаол иштирокини таъминлади.

Дарҳақиқат, истиқлолнинг чорак асрлик тараққиёт йўлида Бош қомусимиз асосида таълимни ривожлантиришнинг янги, мақбул ва истиқболли модели яратилди. Бу йўналишда жаҳоннинг икки юз ўттиздан ортиқ мамлакатлари орасида ўнинчи ўринга чиқди. Халқаро фан олимпиадаларида ўзбекистонлик ёш билим эгаларининг ғолиб бўлиши одатий ҳолга айланди.

Томчида қуёш акс этади, дейдилар. Бугунги кунда Элликқалъа туманидаги 22 та мактабгача таълим муассасаси, 64 та умумтаълим ва 5 та ихтисослашган мактаб, 1 та академик лицей, 6 та касб-ҳунар коллежи, “Баркамол авлод” маркази, болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 18-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби, 13-сонли давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларида 29 минг 663 нафар ўғил-қиз таълим олмоқда. Ушбу таълим муассасаларида чуқур билим олган ёшларимиз бугунги кунда илм ва технологияда, спортда янги чўққиларни забт этаётганини алоҳида эътироф этиш лозим.

Оддий бир мисол – таниқли спортчимиз, элликқалъалик Расулбек Болтабоев қўлга киритаётган натижалар ҳар қандай кишига ўзгача фахр бағишлайди. Ўтган йили у Грециянинг Афина шаҳрида эркин кураш ҳамда юнон-рум кураши бўйича жаҳон чемпионатида шунингдек, Қозоғистоннинг Тарас шаҳрида бўлиб ўтган эркин кураш бўйича халқаро турнирда ғолиблар қаторидан ўрин олди. Куни кеча карате-до бўйича ёшлар ва катталар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон кубоги баҳсларида элликқалъалик ёшлар 3 та олтин, 4 та кумуш ва 6 та бронза медалига сазовор бўлишгани айниқса қувонарлидир.

Туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабида спортнинг 12 та тури бўйича 60 та спорт гуруҳи ташкил қилинган бўлиб, бу гуруҳларда 750 нафар ўғил-қиз севган машғулоти билан шуғулланмоқда. Шунингдек, жорий йилнинг 1 июнь куни Сарабий овули ва Бўстон шаҳрида иккита сунъий қопламали кичик футбол майдончалари фойдаланишга топширилди. Мазкур спорт мактабининг Медеу Ерназаров, Абзалбек Жумабоев, Собиржон Бекжонов каби ўқувчилари турли мусобақаларда совринли ўринларни эгаллашмоқда. Ҳар қандай кишининг қалбини ифтихорга тўлдирадиган бундай қувончли воқеаларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, мустақил мамлакатимизнинг мукаммал Бош қомуси ҳаётимизнинг барча жабҳалари қатори бугунги кун ва истиқболнинг ишончли таянчи ҳисобланган таълим-тарбия тизимида ҳам тараққиётни таъминлаётган “ўзбек модели”нинг яна бир ёрқин жиҳатини жаҳонга кўз-кўз қилиб, порлоқ келажагимиз учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.

Неъматулла ХУДОЙБЕРГАНОВ,

Элликқалъа тумани ҳокими,

O`zLiDeP аъзоси

Joomla