Monday, Feb 27th

Last update06:53:18 AM GMT

You are here:

САЙЛОВ – СИНОВ – САМАРА

Ўтмиши улуғ, эртаси ёруғ, келажаги буюк халқимиз яна бир тарихий воқеа арафасида турибди: 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини мамлакатимиз аҳли интиқ кутаётир. Ушбу муҳим сиёсий тадбирга барча юртдошларимиз  ўзгача руҳда, ҳамжиҳатлик, тотувлик ва жипслик билан пухта ҳозирлик кўрганлигига барчамиз гувоҳмиз. Бир сўз билан айтганда, чорак асрлик улуғ истиқлол даврида яшаб, машаққатли манзилларни босиб ўтган юртдошларимиз яна бир ўзига хос синов ҳисобланган умумхалқ сайловига ҳар томонлама тайёр эканлиги кишини қувонтиради.

Шу ўринда беихтиёр кўнгилдан яна бир ўй  кечади: хўш, демократик сайловларни инсон ҳуқуқлари, сўз ва ахборот эркинлиги, ошкоралик кафолатларисиз тасаввур қилиш мумкинми? Йўқ, албатта. Шу маънода юртимизда фаолият юритаётган тўртта партиядан Президентликка номзодлари кўрсатилган инсонлар салкам бир ойдан кўпроқ муддат давомида  мамлакатимизнинг барча ҳудудларида сайловчилар билан бевосита учрашдилар. Мулоқотлар самимий, ошкора, кўтаринки руҳда ўтганлигидан ҳаммамиз хабардормиз. Негаки,  миллионлаб фуқаролар иштирок этадиган сайлов кампаниясини оммавий ахборот воситалари мунтазам ёритиб бормоқда. Дарҳақиқат, журналистлар бу долзарб сиёсий жараённинг очиқлиги ва транспарентлигини таъминлаш билан бирга, номзодлар ва сиёсий партияларнинг сайловчилар билан амалга ошириладиган мулоқотларини жамоатчиликка тезкор суръатда етказиши табиийдир.

Эътиборли жиҳати, Президентликка номзодлар билан кечган учрашувлар ниҳоятда жонли, мазмунли ўтди. Оддий мисол: Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Президентликка номзоди кўрсатилган Шавкат Мирзиёев билан Қашқадарё вилоятининг қадим Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб ўтган сайловолди тадбири кўпчиликда унутилмас таассурот қолдирди. Тасаввур қилинг, расмиятчиликдан холи учрашувда аниқ ва равшан дастурий мақсадлар жуда оддий тилда, ишонарли тарзда баён қилиниши баробарида сайловчилар билан самимий диллашиш, фикрлашиш кўнгилларни чоғ этди. Яна бир муҳим жиҳати, номзоднинг учрашув ўтказилаётган ҳудуд аҳли билан самимий, чин юракдан гурунглашиб, йиллар давомида воҳада кўпчиликни ўйлантириб келаётган, турли соҳаларга оид долзарб масала ва муаммоларга асосли тарзда ечим излаётгани эътиборга молик.

Дарвоқе, Шавкат Мирзиёев мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ўз фао­лиятида унутилмас саҳифалар очган Қашқадарё замини ва ушбу вилоятнинг энг оғир дамларда ўзига елкадош, дилдош бўлган фидойи, мард,  меҳнатсевар инсонлари ҳақида ҳамиша фахру ифтихорга тўлиб сўзлаганини хотирлаб: “У кишининг бу гўзал ва саховатли заминга, айниқса, Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратлари таваллуд топган гўша – Шаҳрисабзга меҳру муҳаббати ниҳоятда баланд эди”, деганида ҳамманинг кўзлари ёшга тўлди...

Яна бир ибратли ҳолат: тўғриси, илгари бундай гап-сўзларни, айнан Президентликка номзоднинг ўзидан эшитмаганимиз учунми, ҳайратландик. “Биз энди 90-йиллар одамлари эмасмиз, кимга, қайси партия номзоди учун овоз беришни ўзимиз яхши биламиз. Эслайлик, авваллари бир киши тўрт-бешта паспортни кўтариб бориб, бемалол овоз бериб кетаверарди, тўғрими? Йўқ, бу жиддий синов, сайловдаги фаоллигимиз сиёсий маданиятимизни белгилайди. Шунинг учун бир киши битта овозга эга эканлигини юртдош­ларимиз орасида кўпроқ тарғиб қилайлик!”

Ана шу оддийгина туюлган даъват замирида ҳам бир дунё маъно-мазмун ётибди. Эътиборлиси, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятларда O‘zLiDePдан кўрсатилган номзод билан бўлиб ўтган сайловолди учрашувларида ҳам биз юқорида мухтасаргина тасвирлаётган халқона ҳолатлар ҳукмрон бўлди.

Эътибор беринг, ҳар бир ҳудуд сайловчилари ҳузурида ўша жойнинг мамлакат миқёсида тутган ўзига хос ижтимоий-иқтисодий ўрни, аҳолининг турмуш даражаси, маданий ва маърифий муҳитига имкон қадар алоҳида эътибор қаратилди. Масалан, Оролбўйи минтақасидаги ташвишли экологик вазиятдан тортиб, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари, буёғи Бухоро, Навоий, Самарқанд, шунинг­дек, Ўзбекистонимиз тараққиётида ўзига хос нуфузга эга бўлган водий вилоятлари – Андижон, Фарғона ва Наманганнинг истиқболли эртаси ҳақида, қолаверса, Жиззах ва Сирдарё вилоятидаги ишга солинмаган имкониятлар ҳамда Марказий Осиёдаги етакчи шаҳарлардан бири саналган пойтахтимиз – азим Тошкент шаҳрида яқин йиллар ичида бунёдкорлик соҳасида амалга оширилиши режалаштирилган (айрим режалар асосида аллақачон улуғвор ишлар бошланиб кетди!) ҳайратомуз ўзгаришлар юртдош­ларимизни қувонтириб юборди.

Биз таъкидлаётган бу каби айрим мисоллар, денгиздан бир томчи деганларидек, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Президентликка номзод этиб кўрсатилган Шавкат Мирзиёевнинг дастурида белгилаб берилган бешта устувор йўналишда атрофлича акс этган.

Эътиборимизга номзодимиз томонидан  тақдим этилаётган ушбу халқона дастур юртимиз кўркига кўрк, нуфузига нуфуз қўшишига, хонадонларимизга  мисли кўрилмаган файзу барака олиб келишига шубҳа йўқ.

Ушбу дастурдаги ҳар қандай фуқаронинг онгу шуури, қалби, ҳаётига дахлдор бўлган муҳим жиҳатларга яна бир карра эътибор берайлик:

“Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари”;

“Куч – адолатда”;

“Иқтисодий мустақилликка эришмасдан туриб, сиёсий мустақилликни таъминлаб бўлмайди”;

“Ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун”;

“Ўзбек халқига тинчлик ва омонлик керак!”

Сайлов – Синов – Самара...

4 декабрга ҳам саноқли кунлар, лаҳзалар қолаётир. Бу сана Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдиришига ишонамиз. Ўзимиз танлаган муносиб номзод учун овоз берайлик!

Норқобил ЖАЛИЛОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзоси

Joomla