Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ЖИЗЗАХ, СИРДАРЁ ВА ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ САЙЛОВЧИЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВИ

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат ­Мирзиёев 18 ноябрь куни Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашди.


Учрашувни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати –Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши раиси Э. Холматов очди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди.

Дастурда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида бошланган демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш ва чуқурлаштириш, тинчлик-осойишталик ва барқарорликни таъминлаш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, халқимиз учун муносиб турмуш шароити яратишга қаратилган асосий йўналишлар белгилаб берилган. Давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, ушбу соҳада тажрибадан ўтган бозор механизмлари ва корпоратив бошқарувнинг замонавий принципларини кенг жорий этиш, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш, қонунлар ижросини таъминлаш вазифаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси ривожи учун янада қулай шароит­лар яратиш, саноатни технологик янгилаш ва таркибий ўзгартириш, ерларнинг унумдорлигини ошириш ва қишлоқ хўжалигига замонавий агротехнологияларни жорий этиш, маҳаллийлаштириш дастурини кенгайтириш, инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, аҳоли ҳаёт даражасини изчил ошириш, барча давлатлар билан ҳамкорликни ва мамлакатимиздаги тинчлик-­осойишталикни мустаҳкамлаш бўйича муҳим йўналишлар ўз ифодасини топган.

Мамлакатимизнинг иқтисодий-ижтимоий тараққиёти Жиззах вилояти мисолида ҳам намоён бўлмоқда. Шаҳар ва туманларда янги корхоналар, замонавий инфратузилма объектлари барпо этилмоқда. “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси, Жиззах цемент заводи ва бошқа саноат комплексларида ички ва ташқи бозорларда харидоргир, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсиши 9,1 фоизни ташкил қилиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 18,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти 6,2 фоизга, қурилиш ишлари 12,5 фоизга ошди. Ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш чора-тадбирлари самарасида 1 минг 90 та янги кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, улар
9 минг 195 тага етди.

Жиззах шаҳрида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, қишлоқларда барпо этилаётган замонавий уйлар ва ижтимоий
объектлар вилоят қиёфасини бутунлай ўзгартирмоқда.

Видеоконференция тарзида ўтказилган йиғилишда вилоятнинг барча шаҳар ва туман марказларидаги сайловчилар билан очиқ ва самимий мулоқот бўлди.

Учрашувда “Жиззах овози” газетаси бош муҳаррири А. Иномов, Зомин туманидаги 60-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Л. Пак, меҳнат фахрийси А. Турдиқулов, Фориш туманидаги “FOR-TEX” хусусий корхонаси раҳбари Б. Тўраева, Мирзачўл тумани тиббиёт бирлашмаси шифокори М.Умаров ва бошқалар мустақиллик йилларида Жиззах вилояти саноатлашган ҳудудга айлангани, амалга оширилаётган улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари одамларнинг ҳаёт даражасини юксалтириб, дунёқарашини ўзгартираётганини фахр билан таъкидлади.

Дастурда илгари сурилган улуғвор вазифалар мамлакатимиз тараққиётида муҳим асос бўлишини қайд этди. Сайловчиларни 4 декабрь куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.

 

* * *

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демок­ратик партиясидан Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентлигига номзод Шавкат ­Мирзиёев 19 ноябрь куни Сирдарё вилоя­ти сайловчилари билан учрашди.


Учрашувни номзоднинг ишончли вакили
К. Оқбўтаев очди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди.

Дастурда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов белгилаб берган давлат сиёсати ва тараққиёт тамойилларини амалга ошириш, мамлакатимиз иқтисодиёти ва халқимиз ҳаёт даражасини янги босқичга кўтаришга қаратилган мақсад ва вазифалар ўз ифодасини топган. Давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш ва жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, маҳаллий бюджетлар даромадини кўпайтириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолини замонавий уй-жойлар билан таъминлаш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, тиббий ва маиший хизматлар сифатини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

“Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” концепциясини амалга оширишни давом эттириш, жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини ривожлантириш, маҳалла тузилмасининг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини янада ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоясини, одил судловнинг мустаҳкам кафолатини таъминлаш, коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларда қонунга ҳурмат, ҳуқуқбузарлик ҳолатларига муросасизлик туйғусини кучайтириш каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Учрашувда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Сирдарё вилояти ҳам изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. Биринчи Президентимизнинг 2015 йил 9 мартдаги фармойишига мувофиқ ишлаб чиқилган 2015-2019 йилларда Гулистон шаҳрида дренаж тизимини янада такомиллаштириш, мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ер ости сув сатҳини камайтириш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш дастури улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига асос бўлмоқда. Шаҳар ва қишлоқларда янги иншоотлар барпо этилиб, аҳолининг ҳаёт даражаси юксалмоқда.

Мамлакатимиз иқтисодиётида алоҳида ўрин тутадиган Сирдарё иссиқлик электр станцияси, “Жиззах” эркин иқтисодий зонасининг Сирдарё филиали, “Река мед фарм” қўшма корхонаси, “Бек” бирлашмасида ишлаб чиқариш ҳажми ортмоқда. Шу йилнинг 1 октябрида иш бошлаган “Гулистон медтехника” Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонасида импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар тайёрланмоқда.

Учрашув видеоконференция шаклида ўтказилди. Вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари марказларидан сайловчилар номзоднинг дастури юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Республика Маънавият тарғибот маркази Гулис­тон тумани бўлими раҳбари Ё. Мадаминов, меҳнат фахрийси Р. Абдураҳмонов, “Темур мед фарм” МЧЖ бош директори ўринбосари Ш. Зиёев, шахмат бўйича халқаро гроссмейстер С. Қурбонбоева, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси М. Абдурасулова, Мирзаобод ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Н. Мелибоева, Республика Маънавият тарғибот маркази Сирдарё тумани бўлими раҳбари А. Мирзааҳмедов ва бошқалар мамлакатимиздаги тараққиёт суръатлари изчил давом этаётгани, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ошиб бораётганини қайд этди. Сайловчиларни халқимизнинг юксак маданияти ва ҳуқуқий онгини намоён этган ҳолда 4 декабрь куни бўладиган Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти сайловида фаол қатнашишга чақирди.

* * *

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партия­сидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 22 ноябрь куни Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашди.

 

Учрашувни номзоднинг ишончли вакили, Ўзбекистон халқ шоири М.Тоир очди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди.

Дастурнинг пировард мақсади – мамлакатимизда ривожланган ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, одамларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, ҳаёт сифатини янада юксалтиришдир. Бунинг учун давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобидан унинг самарадорлигини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, маҳаллий бюджетларнинг молиявий мустақиллигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигини таркибий ўзгартириш, илм-фанни ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, тиббий ва маиший хизматлар сифатини ошириш бўйича кўплаб чора-тадбирлар белгиланган.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов белгилаб берган принципларга амал қилган ҳолда тинчликпарвар сиёсат юритиш, ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, барча давлатлар, биринчи нав­батда, қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш устувор йўналиш бўлиб қолиши қайд этилган.

Тошкент вилояти улкан иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятга, бой табиий ва инсоний ресурсларга эга вилоят сифатида Ўзбекистон ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг қарийб 15 фоизи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 12 фоиздан зиёди, иқтисодиётимизга жалб этилаётган инвестицияларнинг 10 фоизи, ялпи ички маҳсулотнинг 9,7 фоизи айни шу вилоят ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистон металлургия комбинати, Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, “Женерал моторс” компанияси билан ҳамкорликда барпо этилган автомобиль двигателлари заводи, Янги Ангрен ҳамда Тошкент иссиқлик электр станциялари ва бошқа йирик саноат корхоналари мамлакатимиз иқтисодиётининг локомотивлари ҳисобланади.

Учрашувда Тошкент вилоятининг ушбу улкан салоҳиятидан тўла фойдаланиш, уни янада ривожлантириш ҳақида ҳам сўз юритилди.

Видеоконференция шаклида ўтказилган учрашувда вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари марказидан сайловчилар номзоднинг дастури юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Меҳнат фахрийси У.Мирзақулов, “Максам Чирчиқ” акциядорлик жамияти қошидаги маданият саройи директорининг ўринбосари
Л. Филиппова, Ангрен шаҳридаги 14-умумтаълим мактаби директори Н. Ғафурова, Ўзбекистон корейс миллий маданият марказлари ассоциацияси раҳбари В.Пак, Олимпия ўйинлари чемпиони Ф. Ғойибназаров, Бўстонлиқ туманидаги “Бурчмулла” ўрмон хўжалиги директори А. Абдужамилов, Паркент туманидаги “Норчонтол” фермер хўжалиги раҳбари А. Абдуюнусов, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Бекобод шаҳар кенгаши раиси Р.Раҳмонов ва бошқалар мамлакатимиз ривожи ҳар бир соҳада намоён бўлаётгани, одамларнинг эртанги кунга ишончи мустаҳкамланиб бораётганини қайд этди. Сайловчиларни 4 декабрь куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол қатнашишга чақирди.

ЎзА

СЎЗ – САЙЛОВОЛДИ учрашувлари иштирокчиларига

Элимдор ИНОМОВ,

Жиззах  шаҳридаги  “Тоштепа текстиль”

масъулияти чекланган жамияти раҳбари:

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг O‘zLiDeP VIII съездида сўзлаган маърузаси ҳамда сайловолди дастурини биз – тадбиркорлар қунт билан ўрганиб чиқдик. Айниқса, у киши имзолаган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон хусусий сектор учун айни муддао бўлди.

Айтиш жоизки, бизнинг жамиятимиз Жиззах махсус индустриал зонасида жойлашган. Яқинда унинг Жиззах эркин иқтисодий зонасига айлантирилгани биз – ишбилармонларга янада улкан имкониятлар яратади. Корхонамизда ҳозирги кунда 98 нафар ишчи ва ходим фаол меҳнат билан банд, тайёр трикотаж маҳсулотларимизнинг 100 фоизи экспорт қилинмоқда. 2013 йилда 8 хил турдаги тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилиб, экспорт ҳажми 215 минг 500 АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, жорий йилда 32 хил турдаги тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилиб, экспорт ҳажми салкам уч ярим миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Насиб этса, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси остида экспорт қилинаётган маҳсулотларимиз жаҳон бозорида ўзининг муносиб ўрнини эгаллайди. Шундан келиб чиқиб, биз Ш. Мирзиёевнинг номзодини қўллаб қувватлаймиз ва дастурда илгари сурилган вазифаларни ҳаётга татбиқ қилиш учун бор куч-ғайратимиз, билимимизни аямаймиз.

Насиба Ғофурова,

Халқ депутатлари Ангрен шаҳар Кенгаши депутати,

O`zLiDeP Ангрен шаҳар Кенгаши раиси:

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашувида қатнашиб, номзоднинг сайловолди дастури билан танишар эканман, унинг кенг қамровлилиги, мамлакатимиз иқтисодий-ижтимоий ҳаётининг ҳеч бир соҳаси назардан четда қолдирилмагани менда катта таассурот уйғотди.

Айниқса, Тошкент вилоятининг иқтисодий ва ижтимоий салоҳияти, ҳали ўзлаштирилмаган ресурслардан оқилона фойдаланиш, ёшлар масаласи, тадбиркорлик, қишлоқ жойларида фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш масалаларига катта эътибор қаратилгани бу вилоятнинг эртанги порлоқ кунига ишорадир. Айтиш жоизки, вилоятимиз юртимиздаги саноат ва қишлоқ хўжалиги ривожланган ҳудудлардан ҳисобланади. Хусусан, республикамизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг салкам 15 фоизи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 12 фоиздан ортиғи, иқтисодиётимизга жалб этилаётган инвестицияларнинг 10 фоизи, ялпи ички маҳсулотнинг 9,7 фоизининг вилоят ҳиссасига тўғри келиши фикримизнинг далилидир.

Ҳудудда жойлашган Ўзбекистон металлургия комбинати, Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, “Женерал моторс” компанияси билан ҳамкорликда барпо этилган автомобиль двигателлари заводида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни дунё тан олаётгани ҳаммага маълум.

Ана шуларни ҳисобга олган ҳолда, номзод вилоятнинг ҳар бир ҳудудига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги, янги илм даргоҳларини очиш ва уларга ёшларни жалб этишни эртанинг муҳим вазифаларидан бири сифатида таъкидлади.

Ўйлайманки, дастурда келтирилган далил ва рақамлар, ҳаётий фикрлар, уларни амалиётга татбиқ этиш борасидаги мулоҳазалар ҳеч кимни беъэтибор қолдирмайди. Шу боис ҳам  истиқлолимиз меъмори, Биринчи Президентимиз бошлаб берган буюк келажакка элтувчи йўлнинг давомчиси бўлган муносиб номзод ва муносиб ворис  Шавкат Мирзиёевга овоз берамиз!

Сарвиноз ҚУРБОНБОЕВА,

Шахмат бўйича халқаро

гроссмейстер:

– Мен беш ёшимдан бошлаб спортнинг шахмат тури билан шуғулланаман. Шу кунгача 20 карра Ўзбекистон чемпио­ни бўлдим. Дунёнинг Греция, Франция, Бразилия, Хитой,  Ҳиндистон каби 20 га яқин давлатларида ўтказилган нуфузли халқаро мусобақаларда қатнашиб, Жаҳон ва Осиё чемпионатлари совриндори, ғолиби даражасига кўтарилишим ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Буни мен биринчи навбатда мамлакатимизда ёшларга кўрсатилаётган жуда катта меҳр ва эътиборнинг меваси деб биламан.

Рио-де-Жанейрода  бўлиб ўтган  Олимпиадада ўзбек  спортчилари  эришган ютуқлар халқимизга олам-олам қувонч олиб келди. Бир ой ўтар ўтмас, мен ҳам  Озарбойжоннинг Боку шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида иштирок этиб, халқаро  гроссмейстерлик  талабини бажаришга эришдим.

Мустақиллик туфайли, мендек иқтидорли фарзандлари бор қанчадан-қанча ота-оналарнинг орзулари ушалди, ушалмоқда.

Буюк саркардалар, таниқли давлат арбоблари ҳам шахматга катта эътибор беришган. Зеро, шахмат мантиқий фикрлашни, тўғри йўл танлашни, узоқни кўра билишни ўргатади.

Сирдарёда ҳам кичкинагина шахмат мактаби барпо этилса, нур устига нур бўлар эди. Чунки, мен ўзимга ўхшаган тенгдошларимнинг қобилияти, салоҳиятини яхши биламан ва ишончим комилки, бу хайрли иш амалга ошса, Сирдарёдан яна ўнлаб, юзлаб чемпионлар етишиб чиқади.

Мен ва менинг тенгдошларим 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўладиган сайловда Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини ёқлаб овоз берамиз!

Joomla