Tuesday, May 30th

Last update07:38:55 AM GMT

You are here:

ҲАЯЖОНЛИ ДАҚИҚАЛАР ОРТДА ҚОЛДИ

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Республика Маънавият тарғибот маркази ва Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамкорлигида “Энг фаол либерал ғоялар тарғиботчиси” тақдимот-танловининг якуний республика босқичи бўлиб ўтди.

Унда вилоят, шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган 14 нафар иштирокчи 3 та шарт бўйича ўзаро баҳс олиб бориб, ўз билим ва малакаларини синовдан ўтказишди.

Салоҳиятли, истеъдодли, ташаббускор ва ташкилотчи тарғиботчиларни аниқлаб бераётган мазкур танлов ниҳоятда кўтаринки руҳда ўтди. Бинобарин, танлов қатнашчиларининг чиқишларини кузата туриб, шунга амин бўлдикки, фаол тарғиботчиларгина аҳолининг турли қатламлари, айниқса, ёшлар онгига давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсати мазмун-моҳиятини, сиёсий партиялар дастурий мақсад ва вазифаларини чуқур сингдира оладилар.

Тақдимот-танлов ғолиб ва совриндорларининг фикр-мулоҳазалари билан танишиб, бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз.




Сирожиддин ХАЛИЛОВ,
Биринчи ўрин,
Самарқанд вилояти:

– Тўғрисини айтсам, гарчи ич-ичимдан истасам-да, биринчи ўринни оламан, деб сира ўйламагандим. Ахир якуний босқичга фақат кучлилар етиб келишади. Шуни инобатга олиб, ўз устимда тинимсиз ишладим. Тақдимот-танловнинг сўнгги босқичида ҳаяжонни енгиб, бор иқтидоримни намоён этишга ҳаракат қилдим. Катта маҳорат синови бўлган мазкур танлов менда жуда илиқ таассурот қолдирди.

Мен учун муҳими, ғолиб бўлиш эмас. Асосийси, мазкур тақдимот-танлов сабаб бўлиб, сиёсий-ҳуқуқий билимларим янада ошди, дунёқарашим кенгайди, ўз устимда ишлаш кўникмаларини шакллантирдим. Дўстлар орттирдим. Улардан кўп нарса ўргандим. Шу боис мазкур танловни ташкил этишга бош-қош бўлган мамлакатимиздаги етакчи сиёсий партия ҳисобланган O‘zLiDeP мутасаддиларига алоҳида миннатдорлик билдирмоқчиман.


Комилжон ПАЙЗИЕВ,
Иккинчи ўрин,
Наманган вилояти:

– Танлов жуда ҳам ишчан, жонли, баҳс-мунозараларга бой бўлди. Унда ҳар бир иштирокчи ўз тажрибаси, тарғибот усуллари ва самаралари ҳақида сўз юритди. Мен ҳам Наманган вилоятида либерал ғояларни қандай йўл ва усулларда тарғиб қилаётганимиз, бунда ҳамкор ташкилотлар, ОАВ имкониятларидан фойдаланиш афзалликлари ҳақида тўхталиб ўтдим. Умуман олганда, танлов фаолиятимизда эътибор қаратишимиз зарур бўлган муҳим масалалар, иш услубларимиз бўйича ўзаро фикр, тажриба алмашиш имконини берди. Билмаганларимизни ўргандик, камчиликларимизни аниқлаб олдик.

Яна бир гап. Танлов иштирокчиларининг асосий қисмини ёшлар ташкил этяпти. Бу жиҳат мени жуда қувонтирди. Ўзингиз кўрдингиз, билимга чанқоқ, дунёқараши кенг, замонавий билимларга эга ёш иштирокчилар билан беллашиш осон кечмади.



Шерзодбек СУЮНОВ
Учинчи ўрин,
Сурхондарё вилояти:

– Ёш авлодни  эзгу ғоялар атрофида бирлаштириш, қизиқиш ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, салоҳиятларини жамият равнақи йўлида сафарбар этишга рағбатлантириш партиянинг ёшлар сиёсати йўналишидаги устувор вазифаларидан саналади. Шундан келиб чиқиб, жорий йилда партия вилоят Кенгаши томонидан  коллеж битирувчилари, айниқса, уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш борасида самарали ишлар олиб бордик. Бундан кўзланган мақсад вилоятда аҳолини бандлик масалаларини тўлиқ ҳал этишдан иборат. Бугунги танловда эса қатор таклиф ва ғояларим билан қатнашдим ва мутахассислардан тегишли маслаҳат олишга муваффақ бўлдим. Албатта, бу келгусидаги фаолиятимда муҳим ўрин тутади.



Баҳодир КЎЧАРОВ,
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши
Ижроия қўмитаси масъул
ходими:

– Танлов самимий мулоқот ва соғлом рақобат муҳитида ўтди, деб ўйлайман. Гувоҳи бўлганингиздек, барча иштирокчилар унга яхши тайёргарлик кўришган. Улар шунчаки танловда иштирок этиш учунгина келишмаганини ҳар томонлама исботлашди. Айниқса, асосий шартларга ўтишдан аввал барча иштирокчиларнинг дўстона суҳбат асносида фикр алмашиб, ҳатто баҳс-мунозарага киришиб кетишгани бизни беҳад қувонтирди. Фикрдан фикр унади деганларидек, айнан мана шундай муҳокамалардан янги ғоялар ўсиб чиқади. Демак, партиямиз ташаббуси билан илгари сурилган тақдимот-танловдан кўзланган мақсадга озми-кўпми эришилди.

Танловнинг яна бир самарали жиҳати шундаки, унинг тафсилотлари, мамлакатимиз радио, телевидение, газета ва интернет сайтларида кенг ёритилмоқда. Бу эса жойларда партиямиз лойиҳаларига бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилади. Фикримни давом эттириб, яна шуни айтмоқчиманки, биз ҳам тарғибот ишларида фаол бўлишимиз керак. Яъни, бунда ОАВ имкониятларидан, унинг кучидан унумли фойдаланган ҳолда ёшларни партиявий лойиҳа ва танловларга жалб этишимиз лозим. Ана шунда сафимизда худди бугунгидек, фаол либерал тарғиботчилар ўз-ўзидан кўпаяди. Партиямиз ғоя ва мақсадлари ҳам аҳоли орасида кенг ёйилади.





“XXI asr” мухбири
Акбар МУЗАФФАРОВ тайёрлади.
Солижон ЗОИРОВ (суратлар)

Joomla