Thursday, May 25th

Last update04:49:24 AM GMT

You are here:

АМАЛИЁТ ИШОНЧГА УНДАЙДИ

Ўтган йили O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан ташкил этилган 92 та тадбирда 3846 нафардан ортиқ партия асосий электорати вакиллари иштирок этди. Йил давомида 3345 та тадбиркорлик субъекти ўрганилиб, улар фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. 2016 йили “Мулкдор оила” лойиҳаси иштирокчиларининг 641 миллион 200 минг сўмлик лойиҳалари тижорат банклари томонидан молиялаштирилиб, 53 нафар касб-ҳунар битирувчисининг бандлиги таъминланди.
Вилоятда озиқ-овқат саноати соҳасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари ҳолати бўйича мониторинг ўтказилиб, уларнинг ижроси бўйича назорат депутатлик гуруҳига юклатилди. Бу ишлар эса вилоятда 8 миллиард 961 миллион сўм қийматидаги инвестиция лойиҳаларининг ҳаётга татбиқ қилинишига сезиларли ҳисса қўшди.
–  Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида партиямиз электорати – тадбиркор ва фермерлардан 8 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг барчаси ижобий ҳал этилди, – дейди мазкур бўлим мудири Азиз Пирназаров.
Дарҳақиқат, шундай. Масалан, қаршилик Азамат Қурбонов ёшлигидан тикувчилик билан шуғулланади. У касб-ҳунар коллежини битиргач, эркаклар кос­тюм-шими тикиш цехини ташкил этиш учун банкдан кредит олмоқчи бўлди. Аммо гаров таъминоти йўқлиги боис унга маблағ ажратилмади. Бўлим ушбу масала билан таниқли тадбиркор, депутат Саъдулла Бобоқуловга мурожаат этди. Унинг кўмаги ва ташаббуси билан “Санам” хусусий корхонаси қошида эркаклар либосларини ишлаб чиқарадиган янги цех ташкил этилди. Унга А. Қурбонов раҳбар этиб тайинланди.
Яна бир мисол. Шерали Бўронов ўз тасарруфидаги “Нурмат бобо набираси Шерзод” фермер хўжалиги билан “Қарши Агросервис” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги машина-трактор парки ўртасида шартнома тузилиб, ғалла ўрим-йиғими даврида “КЛААС” комбайни ижарага берилганини, аммо бунинг учун белгиланган 27 миллион сўм маб­лағни ҳанузга қадар ундира олмаётганидан шикоят қилганди. Бу масала билан Халқ депутатлари Қарши туман Кенгашидаги партиямиз депутатлик гуруҳи шуғулланяпти. Депутатлар муаммо тез орада ижобий ҳал қилинишини билдираяпти.
Шуниси ҳам диққатга сазоворки, бўлимда чет эл технологиялари етказиб берадиган компанияларнинг 20 мингдан ортиқ техника, махсус техника ва ишлаб чиқариш технологиялари ҳақидаги маълумотлар базаси шакллантирилган. Савдо-саноат палатаси ва вилоят Фермерлари кенгаши билан ҳамкорликда ҳар йили вилоят маркази ҳамда туманларда ўттизга яқин давра суҳбати, мулоқот ва учрашувлар ташкил этилмоқда. Ҳозирга қадар 279 та тадбиркорлик субъекти ва фермер хўжалиги фаолияти ўрганилиб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун замонавий минитехнологиялар, ускуна ва махсус техника олиб келишларига амалий ёрдам берилди. Партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш, аҳолини тадбиркорликка йўналтириш борасида ҳам кенг кўламда ишлар олиб борилмоқда. Ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, кичик  бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга асосий эътибор қаратиляпти. Тўққиз юзга яқин тадбиркор ва фермерлар иштирокидаги ўн иккита тадбир давомида тадбиркорлар манфаатини ифодаловчи ўнга яқин таклифлар ишлаб чиқилди.
Шунингдек, қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, соҳага доир қонун ҳужжатлари, Давлат дастури ижроси юзасидан  жамоатчилик назоратини олиб бориш, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг давлат бошқаруви идоралари, назорат, хизмат кўрсатиш тузилмалари билан ўзаро муносабатларини янада такомиллаштириш ва соддалаштириш ҳамда инновацион технологияларни кенг жалб қилиш йўналишида бир қанча тадбирлар ташкил этилди.
Вилоятдаги хусусий корхоналарнинг саноат салоҳиятини ҳамда замонавий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, модернизациялаш ва диверсификациялаш мавзуларида ўтказилган тадбирларда икки юзга яқин тадбиркор ва фермер иштирок этиб, ишлаб чиқаришни замонавийлаштириш борасида яқин ҳамкорлар топишганини алоҳида қайд этиш жоиз.
Амалга оширилаётган ишлар воҳада тадбиркор оилалар сонини ортишида муҳим аҳамият касб этаяпти. Эндиликда ёш ишбилармонлар хорижда тажриба алмашиш ва кўргазмаларда қатнашиш имконига эга бўлаётгани юртимизда  амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини бераётганлигининг яққол исботидир.
Жорий йилда ҳам вилоятдаги тадбиркорларнинг чет элдан замонавий технологиялар олиб келишлари учун кўмак берилади. Техника ва технологияларини етказиб берувчи хорижий компанияларнинг Ўзбекистондаги расмий дилерлари билан вилоятда фаолият юритувчи тадбиркорлар, фермерлар иштирокида тақдимотлар ташкил этиш режалаштирилган. Қашқадарёда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг саноат салоҳиятини кенгайтириш мақсадида вилоят Фермерлари кенгаши билан ҳамкорликда қишлоқ мулкдорларининг ҳуқуқий-иқтисодий, сиёсий билимларини ошириш учун турли мавзуларда давра суҳбатлари ва семинарлар ташкил қилинади. Асаларичилик, балиқчилик, паррандачилик, чорвачилик ва лалми деҳқончиликни ривож­лантириш орқали касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш мақсадида дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Шу билан бирга Китобда картошкачилик, Қамашида лимон етиштириш, Касбида кулолчилик ва Қарши тумани Сахтапиёз қишлоғида кўчатчилик мактабларини ривож­лантириш мавзуларида семинарлар ўтказилиши мўлжалланмоқда.
Сайфулла ИКРОМОВ,
“ХХI asr” мухбири

Joomla