Monday, Apr 24th

Last update01:59:47 AM GMT

You are here:

O‘zLiDeP СИЁСИЙ КЕНГАШИНИНГ VII ЙИҒИЛИШИДА ПАРТИЯНИНГ ЯНГИЛАНГАН РАМЗИ ТАСДИҚЛАНДИ

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг мамлакатимиз сиёсий саҳнасига кириб келганига бу йил 14 йил тўлади. Ана шу давр мобайнида партия мамлакатимизда тадбиркорлиги, ташаббускорлиги, ўз ишини ташкил қилиш, ғоя ва лойи­ҳаларини амалга ошириш эвазига шахсий, оилавий фаровонликка ҳамда умуман жамият фаровонлигига интилувчи барча фуқароларни ўз атрофида бирлаштирди. Уларнинг чинакам ишончини қозонди.


Шу боис O`zLiDePга мамлакатимиз аҳолисининг барча қатламларида қизиқиш кучаймоқда. Бу эса партиянинг нуфузини оширишга хизмат қилаётир. Энг муҳими, асосий электоратимиз бўлган ишбилармон, тадбиркор ва фермерлар партиямизни ўзларига чинакам суянч ва таянч деб билади. Улар партия фаолиятига бефарқ эмас.
Маълумки, айни пайтда мамлакатимиз ривожланишнинг янги босқичига кириб бормоқда. Узоқни кўзлаб амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар барча соҳаларда шиддатли тус олган. Демак, O`zLiDeP фаолияти ҳам ана шу ислоҳотлар жараёнига ҳамоҳанг, монанд бўлиши керак, албатта. Шундагина партия аҳоли орасига янада чуқурроқ кириб боради, ўз хайрихоҳлари сафини кенгайтиради, унга бўлган ишонч ортади. Бу борада гап кетганда, нафақат партиявий фаолият йўналишлари, балки ушбу сиёсий кучнинг рамзи ҳам шу олиб борилаётган ишларга мос бўлиши лозим десак, муболаға бўлмайди. Негаки, рамз партиянинг асосий тарғибот воситаси, бошқача айтганда, унинг юзи ҳисобланади. Шу боис партия раҳбар органи бўлмиш Сиёсий Кенгашнинг навбатдаги йиғилишида партия рамзини бугунги кун талаби даражасида янада такомиллаштириш борасида сўз юритилди. Бу борада билдирилган кўплаб таклиф ва тавсиялардан келиб чиқиб, партия рамзига ўзгартиришлар киритиш зарур деган хулосага келинди ҳамда тегишли қарор қабул қилинди. Янгиланган рамз Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан қайта рўйхатдан ўтказилди.
Келинг, шу ўринда киритилаётган ўзгартиришлар таснифи, уларнинг асосий мазмун-моҳияти ҳақида қисқача тўхталсак.
Аввало шуни айтиш керакки, партия рамзининг марказий қисмида йирик ҳарфлар билан ёзилган “O`zLiDeP” ёзуви эндиликда олтин ранг билан битилганлигини кўриш мумкин. Ушбу ранг тўкин-сочинлик, мўл ризқ-рўз, фаровон ҳаёт, одамларнинг йўлини ёритувчи қуёш ёғдусини, эртанги кунга бўлган қатъий ишонч, қолаверса, она юртга садоқатни англатади.
Рамзнинг пастки қисмида эса Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг контури яшил рангларда тасвирланган. Бу ҳам бежиз эмас. Зеро, ушбу ранг навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади.
Сиёсий Кенгаш қарорига кўра партиянинг барча ҳудудий кенгашлари 31 мартгача ишлатилаётган партия рамзи туширилган нишонлар, белгилар, байроқ ва бошқа тарғибот воситаларини янгиланган рамзга мос тарзда ўзгартиришлари лозим.
Партиянинг ғоя ва мақсадларини аҳоли орасида кенг тарғиб қилишда унинг сиёсий нашри ҳисобланган
“XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси муҳим ўрин тутади. Шу боис партия рамзида юз бераётган ўзгариш газетада ҳам ўз аксини топади. Газета номи эндиликда рамздаги асосий рангларни ўзида акс эттириб, аниқроғи, рим рақамларида акс эттирилган “XXI” ёзуви олтин рангда, “аsr” cўзи эса яшил рангда битилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, партиянинг янгиланган рамзи мамлакатимиз тараққиё­тининг ҳозирги даврида олиб борилаётган ислоҳотларга
ҳамоҳанг бўлиб, аҳоли орасида партия нуфузини бунданда оширишга хизмат қилади.

Joomla