Thursday, May 25th

Last update04:49:24 AM GMT

You are here:

ИШОНЧЛИ ВАКИЛЛАР САЙЛОВЧИЛАР ҲУЗУРИДА

Мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига ҳам саноқли кунлар қолди. 4 декабрь куни халқимиз мамлакатимиз тараққиётини муносиб давом эттиришга қодир номзодга овоз беради. O‘zLiDePдан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг жойлардаги ишончли вакиллари сайловчилар билан учрашувларида ана шу муҳим сиёсий жараёнда фаол иштирок этиш ва партиядан кўрсатилган номзодга овоз беришга чақирмоқдалар.

– Юртимизнинг иқтисодий-ижтимоий тараққиётини Қорақалпоғистон Республикаси мисолида ҳам кўриш мумкин, – дейди Ш. Мирзиёевнинг ишонч­ли вакили, Қорақалпоқ давлат университети ректори Мурат Жуманов. – Улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси бутунлай ўзгармоқда. Янги завод ва корхоналар, замонавий уй-жойлар барпо этилиши истиқлолимиз билан узвий боғлиқ. Биринчи Президентимиз раҳнамолигида Қўнғирот сода заводи, дунёдаги энг йирик лойиҳалардан бири, Сурғил кони негизида Устюрт газ-кимё мажмуасининг қад ростлаши Қорақалпоғистоннинг иқтисодий салоҳиятини янада оширди. Номзодимизнинг сайловолди дастурида бундай ислоҳотларни муносиб давом эттириш, энг муҳим устувор вазифаларни амалга оширишга қаратилган аниқ ва ҳаётий таклифлар илгари сурилган.

Таъкидлаш жоиз, дастурдан ўрин олган тўртинчи йўналишдаги мақсад-вазифалар қорақалпоғистонлик сайловчилар эътиборини тортди. Унда бугунги кунда ўз ечимини кутиб турган ижтимоий масалаларни ҳал қилиш учун кенг миқёсда қатор мақсадли дас­турларни амалга ошириш, айниқса, соғлиқни сақлаш соҳасига ҳам катта эътибор қаратилган. Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилашда тез тиббий ёрдам хизмати, қишлоқ врачлик пункти ва тиббиёт бирлашмалари ишини ривожлантириш бўйича аниқ чоралар белгилаб қўйилган.

* * *

Тошкент шаҳар Яшнобод туман меҳмонхона хўжалиги коллежида O‘zLiDePдан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили, Респуб­лика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Абдуҳаким Ҳожибоев билан бўлиб ўтган учрашувда ҳам номзоднинг сайловолди дастурида илгари сурилган мақсад-вазифалар муҳокама этилди.

– Номзодимиз Тошкент шаҳри учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган йирик дастур – Сирғали туманида яқин истиқболда 500 та кўп қаватли замонавий уй-жой барпо этиш лойиҳасини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурмоқда, – деди ишончли вакил. – Бу эса қарийб 30 минг хонадонни, биринчи навбатда кам таъминланган оилаларни янги уй-жой билан таъминлаш имконини беради. Шаҳарнинг барча туманларида янги маданият ва истироҳат боғлари барпо этиш, яшил майдон ва ҳудудларни янада кўпайтириш, коммунал ва савдо хизматлари сифатини яхшилаш, янги транспорт-коммуникация тармоқлари ва замонавий хизмат турлари, маданий-маиший объектлар бунёд этиш, ер устидан ўтадиган тезюрар метро йўналишларини қуриш масалаларига устувор аҳамият берилади.

Тошкент темир йўл муҳандислари институтида бўлган учрашувда ҳам ишончли вакил Ш. Мирзиёевнинг темир йўл соҳасини ривожлантириш бўйича аниқ ва ҳаётий таклиф-тавсиялари ҳақида сўз юритди. А. Ҳожибоев дастурда темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида Бухоро – Мискин темир йўл тармоғи қурилишини якунига етказиш ва электрлаштириш, Қарши – Термиз, Поп – Наманган – Андижон – Қўқон темир йўлларини электрлаштириш ишлари ҳам назарда тутилаётганини таъкидлади.

– Олдимизда турган муҳим сиёсий воқеа – сайловга бўлган қизиқиш, айниқса, ёшлар орасида жуда юқори, – дейди ишончли вакил билан Тошкент ирригация ва мелиорация  институтида ўтказилган учрашув иштирокчиси, талаба Шаҳзод Нормуродов. – Номзодимизнинг сайловолди дастурида “Ёшларимиз қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини камол топтириш, уларни соғлом турмуш тарзи руҳида тарбиялашга қаратилган тарғибот ишларини кучайтирамиз”, дея ёшларнинг манфаатлари эътиборга олингани, ўсиб келаётган ёш авлод келажаги йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом эттирилишидан далолатдир.

* * *

Номзоднинг Бухоро вилоятидаги ишончли вакили Самойдин Ҳусеновнинг Бухоро шаҳри сайловчилари билан ўтказган учрашуви ҳам ғоят қизғин ва савол-жавобларга бой бўлди. Унда Ш. Мирзиёевнинг сайловолди дастурида мамлакатимизнинг аксарият ҳудудлари қатори Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ ишлар ҳам ўз ифодасини топганига эътибор қаратилди. Жумладан, номзоднинг Ғиждувон туманида эркин иқтисодий зона ташкил этиш ҳақида илгари сурган таклифи бухороликларни қувонтириб юборди.

– Бугунги кунда Бухоро шаҳрида 735 та тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда, – деди С. Ҳусенов. – 2017-2021 йилларда биргина саноат соҳасида 358 та лойиҳа асосида яна 10 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича 26 та, хизмат кўрсатиш билан боғлиқ 325 та истиқболли лойиҳалар ижроси ҳам қўшимча 2 мингдан зиёд иш ўрни яратиш имконини беради. Ҳудуддаги 16 километрдан иборат ички йўлларни таъмирлаш, 10 километр узунликда ичимлик суви қувури ва 272 километр масофага электр тармоқларини тортиш, 16 километрдан иборат газ қувурларини янгилаш, 170 га яқин ижтимоий объектларни барпо этиш ҳам муҳим вазифалар сифатида белгиланган.

Ишончли вакил сайловчилар билан учрашувда шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга тааллуқли бошқа бир қатор вазифалар ва уларнинг келгусидаги ижроси ҳақида ҳам тўхталди. Мазкур вазифалар O‘zLiDePдан Президентликка номзод  Ш. Мирзиёевнинг сайловолди дастурида илгари сурилган таклиф-ташаббуслар билан уйғун ва ҳамоҳанглиги таъкидланди.

* * *

Ш. Мирзиёевнинг дастурида баён қилинган хусусий мулк ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, саноатга замонавий технологияларни жорий этиш орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва экспортбоп маҳсулотлар тайёрлашни кўпайтириш каби долзарб вазифалар қашқадарёлик сайловчиларнинг ҳам эътиборини қозонди. Бу номзоднинг Қашқадарё вилоятидаги ишончли вакили, Олий Мажлис Сенати аъзоси Исломиддин Аброровнинг Касби ва Миришкор туманлари сайловчилари билан бўлган учрашувларида яққол кўзга ташланди.

– Номзоднинг сайловолди дастури билан танишиб, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти бошлаб берган нурли йўл – туб ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилишига амин бўлдим, – дейди Касби туманидаги “Юрт ризқи” корхонаси директори Насрулло Худойбердиев. – Истиқлол шарофати билан юртимизда фермерлик ҳаракатининг йўлга қўйилиши одамларнинг ерга, хусусий мулкка бўлган муносабатини тубдан ўзгартирди. Уларда ўз меҳнатидан манфаатдорлик, завқланиш туйғулари шаклланди. Ушбу сайловолди дастури билан танишгач, тадбиркор сифатида келажагимга бўлган ишончим янада мустаҳкамланди. 4 декабрь куни ислоҳотларнинг муносиб давомчиси бўлган Ш. Мирзиёевга овоз бераман.

 

 

* * *

Сирдарёлик сайловчиларнинг номзод ишончли вакили Камолиддин Акбутаев билан бўлган учрашувида Ш. Мирзиёевнинг ижтимоий соҳада илгари сураётган аниқ ва ҳаётий таклиф-тавсиялари муҳокама этилди. Учрашувда таъкидланганидек, жамиятнинг хотин-қизларга муносабати, ҳурмати миллатнинг маънавий камолотини белгилайди. Мамлакатимизда аёлларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки фаоллашиб бораётгани уларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликдан далолатдир. Зотан, ҳар бир аёл учун тинч ва фаровон юртда яшаш, оила ва жамият эъзозида бўлишу соғлом фарзандларни камолга етказишдан ортиқ саодат йўқ. Эътиборлиси, партиядан Президентликка кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёев ҳар бир чиқишида, сайловчилар билан учрашувларда опа-сингилларимизнинг бетакрор фазилатлари – латофати ва нафосати, вафо ва садоқатини алоҳида қайд этиб ўтади.

– Номзоднинг сайловолди дастури билан танишар эканмиз, долзарб масалалар қаторида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳуқуқлари, нуфузи ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилганидан қувондим, – дейди Оқолтин гидромелиорация ва хизмат кўрсатиш коллежи ўқитувчиси Насиба Раҳмонова. – Бу уларнинг турмуш фаровонлигини янада оширади. Шунингдек, номзоднинг ичимлик суви тармоқларини модернизация қилиш, электр таъминотини яхшилаш, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни тубдан яхшилаш каби мақсад-вазифалари ҳам биринчи навбатда хотин-қизларнинг, хусусан, қишлоқда яшаётган аёлларнинг оғирини енгил қилади. Шу боис бўлажак сайловда ушбу номзод учун овоз бераман.

* * *

“Ёшларимиз қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини камол топтириш, уларни соғлом турмуш тарзи руҳида тарбиялашга қаратилган тарғибот ишларини кучайтирамиз. Бу борадаги сиёсатимиз янги қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун талаблари асосида қатъий давом эттирилади.

Биз 2017–2021 йилларда олий ўқув юртлари тизимини янада ривожлантиришдаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга, олий таълим тизимини янги сифат босқичига кўтаришга қаттиқ бел боғлаганмиз.”

Ш. Мирзиёевнинг сайловолди дастурида белгиланган ана шу мақсад-вазифа наманган Вилояти ёшларини ҳам тўлқинлантириб юборди. Буни Наманган давлат университети ва Наманган муҳандислик технология институтида номзоднинг ишончли вакили билан учрашган  ёшларнинг юз-кўзидан билиш мумкин эди.

– Ш. Мирзиёевнинг сайловолди дастурида ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, бизнесларини бошлаш учун тижорат банкларидан имтиёзли кредитлар ажратилишига алоҳида эътибор қаратилган, – деди номзоднинг Наманган вилоятидаги ишончли вакили Икромхон Нажмиддинов. – Шунинг­дек, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларга арзон нархдаги намунали уй-жойлар қурилиши каби масалалар ҳам эътибордан четда қолмаган. Сайловда иштирок этувчиларнинг 7 миллион 500 мингдан ортиғини ёшлар ташкил этишини инобатга олсак, номзодимизнинг мақсад-вазифалари аҳамиятини янада теранроқ тушуниш мумкин.

Сўзга чиққанлар номзоднинг сайловолди дас­турини бир овоздан қўллаб-қувватлашди. Талаба ёшлар бу муҳим сиёсий жараёнда фаол иштирок этиш ва Ш. Мирзиёевга овоз бериш даъват этилди.

Вилоят мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.

Joomla