Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

12 апрелдан «Тошкент – Олмаота – Тошкент» автобуси мунтазам қатнай бошлайди

12 апрелдан «Тошкент – Олмаота – Тошкент» автобуси мунтазам қатнай бошлайди
           “Ўзавтотранс” агентлиги Қозоғистон Республикаси инвестициялар ва ривожланиш вазирлигининг транспорт қўмитаси билан ҳамкорликда “Тошкент – Олмаота – Тошкент” халқаро автобус йўналишини очиш бўйича тайёргарлик ишларини амалга оширди.  Бу тўғрисида “Ўзавтотранс” агентлигининг маълумотига асосланиб, ЎзА маълум қилмоқда.

              Халқаро автомобиль қатнови масалалари бўйича Ўзбекистон-Қозоғистон қўшма комиссиясининг ўтган йили Остона шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида эришилган келишувларга мувофиқ, мазкур йўналишни очиш юзасидан зарур йўналиш ҳужжатлари тайёрланди. 

            Қайд этилган йўналишда хизмат кўрсатиш учун Ўзбекистон томонидан ташувчи сифатида «Эркин Эмина Экспресс Тоур» МЧЖ белгиланди. Корхона ўз навбатида, Қозоғистон томонидан ташувчи «Юг Транс Лайн» МЧЖ билан Қозоғистон Республикаси ҳудудида автобуслар техник кўриги, ҳайдовчилар тиббий кўриги, автобусларни қўриқлаш ва ювиш каби автобусларга хизмат кўрсатиш юзасидан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида шартнома тузди. 

           Йўналиш масофаси 818 километрни, йўлдаги вақт эса 16 соат 30 дақиқани ташкил этади. Жадвалларда “Ғишт кўприк” (Ўзбекистон) ва “Ипак йўли” (Қозоғистон) чегара ва божхона назорат пункти текширувидан ўтиш учун 30 дақиқадан вақт ажратилган. 

           Ташувчилар томонидан йўналиш бўйича йўл ҳақи нархи 100 минг сўм ва тегишли равишда 4000 тенге нарҳда ташилиши ташувчилар томонидан эълон қилинди. 

         Автобуслар ҳаракати жадвалига риоя этиш мақсадида, томонлар божхоначилари ва чегарачилари “Тошкент – Олмаота – Тошкент” халқаро автобус йўналиши бўйича ҳаракатланаётган автобуслар ва йўловчиларни “Ғишт кўприк” (Ўзбекистон) ва “Ипак йўли” (Қозоғистон) чегара ва божхона назорат пунктларидан ўтиш жараёнини устувор тартибда амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этди, бу эса йўловчилар учун муҳимдир. 

            “Тошкент – Олмаота – Тошкент” халқаро автобус йўналиши очилиши 11 апрель куни соат 16.00 да бўлиб ўтади ва мунтазам қатновлар 12 апрелдан бошлаб “Тошкент” автовокзалидан кунига учта (соат 16-00; 17-00 ва 18-00) қатнов амалга оширилади. 

           «Олмаота – Тошкент» йўналиши бўйича автобуслар қатновлари «Сайран» автовокзалидан амалга оширилади. 

         Қайд этилган мазкур йўналишда хизмат кўрсатиш учун Ўзбекистон томонидан ташувчи «Эркин Эмина Экспресс Тоур» МЧЖ «Ютонг» (Хитой) русумли автобуслардан, Қозоғистон томонидан ташувчи «Юг Транс Лайн» МЧЖ эса «Ванхол» (Бельгия) русумли автобусларидан фойдаланади