Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

1,5 минг йилдан буён яшнаб турган тутлар айрим иримчилар томонидан зиён кўрмоқда

 1,5 минг йилдан буён яшнаб турган тутлар айрим иримчилар томонидан зиён кўрмоқда

        Навбаҳор тумани Тошмасжид, Қалқон ота ва Имом Бобо меъморий ёдгорликлари, Сармишсой петроглифлари ва бошқа тарихий қадамжолари, осори атиқалари билан ҳам маълуму машҳур. Учтут қишлоғи ҳам тилларга тушган. Шу томонларга йўли тушган киши, аввало, шундоққина йўл бўйидаги қадимий учта тутни зиёрат қилади. Мутахассисларнинг фикрича, бу дарахтлар 1,5 минг йилдан буён яшнаб турибди. Қариялар азим тутларнинг ўзгача сир-синоатга эгалигидан афсона ва ривоятлар сўйлайди.

       Афсуски, айрим иримчилар тарихий дарахтларга зиён етказмоқда. Шохларга мато-қийқимлар илиниб, чироқ ёқилгани боис ўт олиб, битта тутнинг бир ёни куйиб қорайди... Қисқаси, кўҳна оғочларни давлат муҳофазасига олиш тақозо этилмоқда. Шу ерда кўркам зиёратгоҳ барпо қилиш айни муддаодир. Маҳаллий аҳоли ва тадбиркорлар ҳомийлигида бир мунча ишлар ҳам бошлаб қўйилган.

– Аждодлардан мерос бу дарахтларни асраб-­авайлашга, келгуси авлодларга бус-бутун етказишга ҳаракат қиляпмиз, – дейди қишлоқ фаолларидан бири Бекмурод Тошев. – Бирқанча хайрия тадбирлари ўтказилди. Тутлар теварагини обод масканга айлантириш бўйича замонавий лойиҳа ишлаб чиқилди. Ташаббусимиз тегишли идоралар томонидан қўллаб-қувватланиб, эзгу истакларимиз амалга ошади, деган умиддамиз.

      Дарҳақиқат, қишлоқ аҳли ажойиб ташаббус билан чиқяпти. Депутат сифатида ҳам, шу юртнинг бир фарзанди сифатида ҳам учтутликларга хайрихоҳман. Оммавий ахборот воситалари орқали хайрли ташаббусга мутасаддилар эътиборини қаратмоқчи бўлаётганимиз боиси шунда. Мамлакатимизда ички туризм, хусусан, зиёрат сайёҳлиги ривожлантирилишига алоҳида эътибор берилаётган пайтда Учтут қишлоғи аҳли эзгу ниятига тезда етишига ишонаман.

Абдумажид ЖЎРАЕВ,

Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашидаги

O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси