Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

18 йиллик “стаж”га эга абитуриентга ректор кўмак берди

18 йиллик “стаж”га эга  абитуриентга ректор кўмак берди Шунча муддатдан буён талаба бўлмоқни орзулаб келган самарқандлик Анвар Бекмуродов ўтган йили Самарқанд давлат университетининг мусиқа факультетига ҳужжат топширган эди.
Шундан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 июлдаги 588-сонли қарорига илова тарзда келтирилган “Алоҳида иқтидор талаб этиладиган бакалавириат таълим йўналишларига кириш тест синовларисиз, касбий (ижодий) имтиҳонлар орқали қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан ўтказилган ижодий имтиҳонда абитуриент  22 балл олиб яна ўқишга кира олмаган.

Университет қабул комиссиясидан ўқишга кира олмаган абитуриентлар,  оширилган тўлов-контракт миқдори тўлаб талаба бўлиш мумкинлигини эшитгач, Анвар Бекмуродов Самарқанд вилоят ҳокимига ариза билан мурожаат қилган.

Унда оширилган тўлов контракт асосида ўқишга киришга ёрдам беришларини ва “супер-контракт” учун пул тўлашга имконияти йўқлиги сабаб, узоқ муддатли таълим кредити олишда кўмак сўраган. Мазкур аризани ўрганиш, мурожаатни ҳал этишни эса вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ­СамДУ ректори Рустам Холмуродовга топширган.

Мурожаатни ҳал этиш юзасидан университет раҳбари вилоят ҳокимига йўллаган жавоб хатида, “Ўзбекистон Респуб­ликаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат қабул комиссияси мажлисининг 2018 йил 17 августдаги 6-сон баёнида 2018/2019 ўқув йили қабули бўйича кириш имтиҳонлари натижаларига кўра, энг юқори баллнинг 30 фоизи (56,7) дан кам балл тўплаган, ўқиш истагини билдирган абитуриентлар учун оширилган тўлов-контракт асосида амалдаги тўлов контракт миқдорининг 20 баробарини тўлаб ўқиши мумкинлигини билдирган. Шунингдек, фуқаро А. Бекмуродов, агар истаса, 2019-2020 ўқув йилида олий ўқув юртига кириш имтиҳонларига тайёргарликни университетнинг мусиқа кафедрасида ҳафтада уч маротаба бепул қўшимча дарс олиш шаклида давом эттириши мумкинлигини” қайд этган.

Айни пайтда Анвар Бекмуродов оширилган тўлов-контракт миқдорини тўлашга имконияти йўқлиги сабаб, иккинчи таклифни қабул қилиб, мазкур тайёрлов курсида бепул дарс олмоқда.

       – Мушкулимни осон қилгани учун вилоят ҳокими ҳамда университет ректорига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Тайёрлов курсида кўп нарсаларни ўрганяпман. Булар  сирасида, ўзбек халқ куйларини чалишни ўргатаётган мусиқа факультетининг ўқитувчилари – Жаводбек Козимов ва домла Раҳматов, қолаверса, менга тор чолғу асбоби совға қилган Самарқанд шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимовга ҳам самимий раҳматларимни айтаман. Насиб этса, мени қўллаётганлар ишончини шу йил оқлашга ҳаракат қиламан! – дейди биз билан суҳбатда 18 йиллик “стаж” соҳиби.

Бахтигул ҚАРШИЕВА,
журналист