Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

2026 йилги қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларига — Италия мезбон

2026 йилги қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларига — Италия мезбон

2026 йилга қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларини Италиянинг Милан ва Кортина-дʼАмпеццо шаҳарлари қабул қилади. Бу яқинда Лозанна шаҳрида бўлиб ўтган ХОҚнинг 134-сессиясида маълум бўлди, деб ёзади ТАСС.

XXV қишки олимпиада ўйинларини қабул қилишга Стокгольм шаҳри ҳам даъвогарлик қилганди. Овоз бериш якунларини ХОҚ президенти Томас Бах айтиб ўтди.

Итальян шаҳарларига 47 киши овоз берган бўлса, Швеция пойтахтини 34 киши қўллаб-қувватлаган, яни бир киши бетараф қолган.

“Биз қишки спорт турлари бўйича бой анъанага эга бўлган давлатда мисли кўрилмаган Олимпиада ўтказилишидан умидвормиз —, деди Бах. — Итальян ишқибозларининг эҳтироси ташкилотчилар тажрибаси билан биргаликда дунёнинг энг яхши спортчилари учун идеал муҳит яратиб беради”.

Эслатиб ўтамиз, Италия Олимпия ўйинларини 4-бор қабул қилади. 1956 йилда Кортина-дʼАмпеццода ва 2006 йилда Туринда қишки, 1960 йилда эса Римда ёзги Олимпиада мусобақалари бўлиб ўтган.

Стокгольм эса 1912 йилда Олимпия пойтахтига айланганди. Шундан сўнг 2004 йилда ёзги Олимпиадани қабул қилишга даъвогарлик қилган, аммо якунда Афинага бу борада омад кулиб боққан эди. Умуман олганда, Швеция 1912 йилдан сўнг саккиз маротаба Олимпия ўйинларини ўтказишга даъво қилган, лекин ҳаммаси муваффақиятсиз якунланган.

Манба: "Халқ сўзи" online нашри.