Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

50 НАФАР ЙИГИТ-ҚИЗ ИШЛИ БЎЛДИ

50 НАФАР ЙИГИТ-ҚИЗ ИШЛИ БЎЛДИ
Уйчи туманида O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши томонидан вилоят меҳнат бош бошқармаси ва Уйчи туман ҳокимлиги ҳамкорлигида семинар ва  меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди. Унда 28 та корхона ва ташкилотлар 130 та бўш иш ўрни билан иштирок этди. 50 нафар йигит-қизга ишга жойлашиш учун йўлланма берилди.
Президентимизнинг 2017 йил 24 майдаги “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ёшларни ишга жойлаштиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда. 
– Вилоятда жорий йилнинг ўтган беш ойи мобайнида 22 минг 900 кишининг бандлиги таъминланган. Жумладан, 6 минг 500 янги иш ўрни яратилди, 1 минг 300 киши фаолияти қайта тикланган корхоналарда иш бошлади, – дейди O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Иброҳим Саттаров. – Хусусий тадбиркорлик соҳасида 3 минг 200, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қурилиш, пахта ва буғдой йиғим-терими, пиллачилик соҳаларида 5 минг 200 киши мавсумий ишга жалб этилди. Шахсий ва деҳқон хўжаликлари, ҳунармандлик ва оилавий тадбиркорлик йўналишларида 11 минг 400 киши, жумладан, аёллар, ногиронлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами иш билан таъминланди. Иш билан банд бўлмаган 8 минг 800 дан ортиқ ёшлар, жумладан, 4 минг 700 нафар касб-ҳунар коллежи ва олий ўқув юрти битирувчиларини иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Янги иш ўринлари яратишда тадбиркорлар, кичик бизнес корхоналарининг ҳам ўз ўрни бор. “Учқўрғонтекс” қўшма корхонаси, “Фирдавс енгил саноат” корхонаси ва “Тўқимачи саноат текстиль” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган 350 дан ортиқ янги иш ўрнига асосан ёшлар жалб этилди.
Тадбир давомида ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришда O‘zLiDeP олдида турган вазифалар ва уларнинг ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар, партиявий ло­йиҳалар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
– Бугун партия лойиҳалари билан танишиб чиқдим, – дейди иштирокчи Мадина Гулматова. – Келгусида уларда қатнашиб, банкнинг имтиёзли кредити асосида тадбиркорликни бошламоқчиман.
 
Мусохон ЮСУФЖОНОВ,
O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши
ёшлар билан ишлаш бўлими мудири