Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

8 мартга 8 та велосипед

8 мартга 8 та велосипед

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан партиямизнинг “Соғлом оила – мустаҳкам оила” лойи­ҳаси доирасида Урганч тумани Чаккашоликор қишлоғида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан аёллар ўртасида югуриш мусобақаси ўказилди. Унда маҳалла хотин-қизлари, 2-, 4-, 12-умумий ўрта таълим мактабларининг ўқитувчи ва ўқувчилари, тадбиркор аёллар иштирок этишди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, аҳолининг репродуктив саломатликка доир маданиятини юксалтириш, хотин-қизларни жисмоний тарбия ва спортга янада кенгроқ жалб қилишдан иборатдир.

Марафон олдидан ташкилотчилар бугунги кунда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини янада ошириш борасида қилинаётган ишлар,  ишбилармон аёллар эришаётган ютуқларга тўхталишди. Марафонда қатнашиш тартиб-қоидалари, баҳолаш тизими тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Иштирокчилар 8 тоифага бўлиниб, 5-10 синф ўқувчилари, мактаб ўқитувчилари, маҳалла хотин-қизлари ёш тоифаси бўйича 13 ёшдан 17 ёшгача, 25 ёшдан 45 ёшгача ҳамда 45 ёшдан катта аёллар алоҳида беллашдилар. Таъкидлаш жоизки, мазкур мусобақадан бир кун олдин O‘zLiDeP томонидан ташкил этилган бепул тиббий кўрикда барча иштирокчиларнинг жисмоний ҳолати текширилганди.

– Баҳорнинг илк кунларида, қолаверса, 8 март байрами арафасида ўтказилаётган ушбу мусобақада партиямиз фаоллари ва уй бекалари катта қизиқиш билан қатнашдилар, – дейди “Оқ ариклар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муҳаббат Аминова. – Партия билан ҳамкорликда мунтазам тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказиб турамиз. Мазкур беллашув аёлларнинг ўз саломатлигини яхшилаши, спортга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилади.

 Ҳакамлар ҳайъати ғолибларни аниқлагунга қадар спорт байрамига йиғилганлар эътиборига таниқли санъаткор ва ёш ижрочилар, бадиий жамоалар иштирокидаги концерт дастурлари намойиш этилди. Совринли ўринларни эгаллаган 24 нафар қатнашчи O‘zLiDePнинг махсус дипломи, ҳомийларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

­– Биринчи ўринни қўлга киритиб, велосипед билан мукофотландим, – дейди маҳалла фаоли Камола Йўлдошева. – Оиламизда мунтазам равишда спорт билан шуғулланамиз ва буни барча хотин-қизларга тавсия қиламан. Бугун менга ўхшаган яна етти нафар хотин-қизга велосипед тақдим этилди.

Барча иштирокчилар учун байрам дастурхони ёзилиб, партияга янги қабул қилинган тарафдорларимизга аъзолик гувоҳномалари топширилди.

Мушарраф РАҲИМОВА,
O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши бўлим мудири