Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

АБИТУРИЕНТ УЧУН 35 ДАҚИҚА

АБИТУРИЕНТ УЧУН 35 ДАҚИҚА

Жанубий Корея қисқа муддатда Осиёнинг энг ривожланган мамлакатларидан бирига айланиб улгурди. Мамлакат ўзининг инновацион ғоялари, янги техналогияларни қўллаши, таълим сифатининг юқори даражада эканлиги билан бошқа кўпгина давлатлардан ажралиб туради. Бу муваффақиятга эришиш аввало, кадрларнинг ўз касбларини тўғри танлаши, малакали таълим олиши ва энг билимлиларнигина университетга қабул қилишига боғлиқ эканлиги кореяликлар томонидан эътироф этилган. Жанубий Кореядаги университетлар имтиҳони дунёдаги энг қийин тест синовларидан ҳисобланади. Шу сабабли, раҳбарият томонидан ҳар йили абитуриентларга “минимал” даражада қулайликлар яратиб берилади.

Ҳар йили 16 ноябрь Жанубий Корея учун ўзгача кун ҳисобланади. Айнан шу куни ўқувчилар университетларга имтиҳон топширади. Қизиқ жиҳати шуки, ўша куни “қайнаб ётган” Сеул кўчаларида пашша учганининг ҳам овози эшитилмайди. Барча электр поездлари тўхтайди, биржа савдолари кечиктирилади, самалётлар уча олишмайди.

Тестларни яхши ишлаш учун абитуриентларга ҳамма шароитлар яратиб берилади. Ҳар бир имтиҳон топширувчи материaллар, озиқ-овқат, иссиқлик, хавфсизлик ва албатта, тинчлик билан таъминланади. Бундан ташқари барча давлат ташкилотлари: Таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва бошқаларда махсус бўлимлар ташкил этилади. Булар ўқувчиларда содир бўлиши мумкин бўлган турли хил кўнгилсизликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Имтиҳонда барча фанлар бўйича бир вақтнинг ўзида блок тарзида тест китобчалари тарқатилади ва бир кун ичида топширилади.

Имтиҳон натижалари ўқувчиларга нуфузли университетлардан бирининг эшикларини очиши мумкин ва бу янада муваффақиятли ҳаётга эга бўлиш, янада фаровон турмуш тарзида яшаш учун имкониятдир.

Жанубий Кореяда одамлар имтиҳон куни ва унинг натижаси ёш йигит ёки қизнинг келажаги қандай бўлишида катта аҳамиятга эга деб ҳисоблашади.

Бундан ташқари, имтиҳон мамлакатдаги энг катта воқеалардан бири ҳисобланади: Ўтган йили Жанубий Кореяда 1 180 та имтиҳон топшириш марказига 593 минг ўқувчи ташриф буюрди. Улар ўзларини қулай ҳис қилиши учун барча шароитлар яратилди.

Синов кунидаги энг радикал-кескин чора – фавқулодда ҳолатлардан ташқари барча самолётларнинг учиш ва қўнишига қўйилган тақиқдир.

Бутун мамлакат бўйлаб 35 дақиқалик сукутга нима дейсиз?

Имтиҳоннинг ингилиз тилидаги “эшитиб тушуниш” босқичида барчадан сукут сақлаш қатъий талаб қилинади. Бу пайт давомида бутун мамлакат сув қyйгандек жим-жит бўлади.

Ҳар йили имтиҳон учун саволлар ва машқларни тайёрлайдиганлар ташқи дунёдан ажратиб турилади. Имтиҳон топшириқлари тузилган биноларнинг жойлашган жойи сир сақланади. Барча техник ходимлар ҳам имтиҳон тузувчилар билан биргаликда “қамалган” ҳолатда сақланадилар. Улар шу бинода овқатланадилар, ухлайдилар. Ахборот ташқарига чиқишини олдини олиш мақсадида имтиҳон материалларини тайёрлаш марказларида барча алоқа каналлари ўчириб қўйилади. Ҳатто, тозаловчи хоним ҳам бинони тарк эта олмайди. Ҳаттоки, ходим касаллик натижасида ўлим ёқасида қолса ҳам, унинг бир ўзини ташқарига чиқармайдилар, бундай вазиятда махсус агент шифохонага олиб бориб келади.

Мабодо йўлда бирор ўқувчи адашиб қолса, имтиҳонга кириш варақаси (ўқувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат)ни йўқотиб қўйса ёки уйида қолдирган бўлса, имтиҳондан аввал “имтиҳон полицияси” алоҳида ходим ва машина ажратади. Патруль ўқувчини уйидан ҳужжатни олиб келиб беради ёки адашиб қолган ўқувчини имтиҳон топшириш марказига элтиб қўяди.

Ҳар йили телевидения орқали, имтиҳон топшириш маркази томон полиция машинасидан тушиб югураётган ўқувчилар намойиш этилади. Қоида барча учун баробар – у эшик ёпилгунга қадар улгуриши керак, ҳукумат ҳам бунинг учун барча ёрдамни кўрсатади.

Мамлакатда абитуриентлар учун яратилган бундай қулайликлар имтиҳонларнинг сифатли ўтишини таьминлашга катта ҳисса қўшади.

Бизнинг мамлакатимизда ҳам ҳозирда имтиҳонларга тайёргарликлар бошлаб юборилди. Ҳар йили Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари биринчи август куни бўлиб ўтган бўлса, 2018 йилдан бу анъанага бироз ўзгартиришлар киритилди. Эндиликда барча университет ва институтлар имтиҳонлари бир кунда эмас, 15 кун давомида бўлиб ўтади. Қайси университетда имтиҳон қачон бўлиши бир неча кун олдин эълон қилинади. Бу абитуриентларга бир қанча қулайликларни яратади.  Авваллари имтиҳон куни узундан-узун тирбантликлар пайдо бўларди, Олий ўқув юрти биносига яқин бўлган кўчаларда автомобильлар қатнови тўхтатиларди. Бунинг натижасида имтиҳон бошланишига қарамасдан талабалар аудиторияларга тўлиқ жойлаштириб бўлинмасди. Бир кунда икки-учта университетда тест бўлиши бундай ноқулайликларнинг олдини олади. Бундан ташқари, имтиҳон жараёнини тўлиқ назорат қилиш, ҳар хил “ўйинларнинг” олдини олишга ёрдам беради. Яна бир яхши янгилик ота-оналар фарзандларини бутун имтиҳон давомида кузатиб ўтириши мумкин. Аудиторияга ўрнатилган камералар бундай имкониятни яратади. Улар online режимда ишлайди. Исталган киши компьютер ёки қўл телефони орқали тест жараёнини бемалол кузата олади. Бу имтиҳонларнинг 100% ҳаққоний ўтишини таъминлаб беради.

Кимга талабалик насиб этди-ю, кимнинг омади келмагани тест натижаларига боғлиқ. Жавоблар эълон қилинишини кутиш энг ҳаяжонли онлардир. Лекин бунинг узоқ муддатга чўзилиши дилни ғаш қиларди. Ҳатто, сўнгги йилларда тест натижаларини маълум қилиш муддати 20 кунга чўзилганди. Қарангки, бу йил имтиҳон жавобларини эртаси куниёқ билишингиз мумкин.

Тест синовларидаги бундай кичик ўзгаришлар ватанимиз келажаги ривожи учун катта қадамдир. Энди талаба номига муносибларгина сазовор бўлишига умид қиламиз.

Раҳматилла САИДВАЛИЕВ,
Миллий гвардия
Ҳарбий-техник институти
ўқитувчиси