Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Абитуриентлар учун тест синовларида кутилаётган ўзгаришлар: одамлар нима дейди?

Абитуриентлар учун тест синовларида кутилаётган ўзгаришлар: одамлар нима дейди? Жорий йилнинг 15 февралида regulation.gov.uz сайтига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Шу кунга қадар ўзгариш ва янгиликларга бефарқ бўлмаган юртдошларимиз томонидан кўплаб таклифлар билдирилмоқда.

Қарор лойиҳасига кўра 2019–2020 ўқув йили қабулидан бошлаб, олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовларини июль-август ойларида ўтказилиши белгиланган. Энг юқори баллнинг 30 фоизи ва ундан юқори баллни тўплаган абитуриентларга фанлар бўйича тест синовлари натижалари акс этган, 3 йил муддатга амал қиладиган сертификат бериш ҳамда уларга учтагача таълим йўналишида танловда иштирок этиши учун имконият яратиш ҳам кўзда тутилган.

Хусусан лойиҳада абитуриентларнинг олий таълим муассасаларини танлашда имтиҳон фанлари блоки ва кетма-кетлигининг мослиги эътиборга олинган. Қарор лойиҳасида 2020–2021 ўқув йили қабулидан бошлаб, тест фанлари мажмуасини икки бўлимга ажратиб, 1-бўлимга барча тест топширувчилар учун мажбурий 3 та фан — она тили, математика ва Ўзбекистон тарихи, 2-бўлимга даъвогарлик қилинаётган таълим йўналишига мос иккита фанни киритиш ҳам кўзда тутилган. Қуйида қарор лойиҳасига юртдошларимиз томонидан билдирилган муҳим фикр-мулоҳазлалар, таклифлар билан танишиб чиқамиз. (Таҳрирсиз)

Педагог Ситора Абдуқаҳҳорова:

Она тили ва адабиёт фанида тестлар сонини 30 та эмас, балки 15 та қилиш керак. Қолган 15 та савол ўрнига ёзма имтиҳон олиш лозим. Мисол учун, бу йилги тест синовларида адабиётдан бадиий асарлар бўйича савол тузилиши белгиланган. Саволнинг ўрнига ушбу бадиий асарлардан иншо олса мақсадга мувофиқ бўларди. 5 та фандан тест топшириш абитуриентларга оғирлик қилади, шунингдек, бу нарса мактаб, лицейлардаги давоматга таъсир қилиши мумкин. Абитуриентлар бу фанларни ўзлаштираман деб дарсдан қолишлари эҳтимоли катта. 2-бўлим бўйича таълим йўналиши юзасидан 2 та фанни топшириши белгиланган. Савол туғилади: агар абитуриент инглиз тили филологияси факултетига ҳужжат топширадиган бўлса, 1 тасини инглиз тили фанидан топширади, 2-фанни қайси фандан топширади? Бундай ҳолатларни физика, география ва бошқаларда ҳам юз бериши мумкин.

Азиза Тўрақулова:

Мен педагогика соҳасида 20 йилга яқин иш тажрибасига эга ўқитувчиман. Мажбурий фанларда она тили ва Ўзбекистон тарихи бўлгани айни муддао, лекин математиканинг қўшилиши мақсадга мувофиқ эмас, негаки, гуманитар йўналишни танлаган абитуриентга бу фанни ўрганиш учун қўшимча куч, меҳнат ҳамда вақт сарфлаш деганидир.  Сон жиҳатдан фанларни кўпайтириш сифатдан ютқазиб қўйишга олиб келмайдими? Масалан, 5-синфдан 11-синфгача ҳар бир фандан 7 та дарслик ўзлаштирилиши керак. Бу 5 та фандан 35 та дарслик дегани. Математекада геометрия, она тили таркибида адабиёт ҳам борлигини ҳисобга олсак, ўзлаштириш зарур бўлган дарсликлар сони 50 дан ошишини кўрсатади. 

Улуғбек Абидов:

...Менда битта кичик таклиф бор эди: мажбурий фанлардан Ўзбекистон тарихини олиб ташлаш керак. Тарихимиз дарсликлари тез-тез ўзгариб туради, шу нуқтаи назардан келиб чиқиб ёзилади, сиёсатга боғлик тарзда ўзгаради. Шу сабаб, ёшларда тарихий билимлар турлича бўлиб қолмаслиги учун Ўзбекистон тарихи фанини фақат гуманитар йўналиш бўйича китиришни таклиф қиламан.

Алишер Салиев:

...Асосий фанларга чет тилини ҳам қўшиш тўғри бўлади, деб ўйлайман ва 2-бўлимга деган жойни кенгроқ ёритиб қўйиш керак, "иловага мувофиқ" деб, ҳар бир йўналиш бўйича фанлар мажмуасини кўрсатиш керак ва 2та фан эмас камида 3та қилиш керак.

Жамшид Ҳакимов:

Жуда яхши ўзгаришлар бўлиши кутиляпти экан. Шу ўринда бир таклиф билдирсам: мажбурий фанлар рўйхатидаги тарих фани ўрнига чет (инглиз) тилини киритиш керак, деб ўйлайман. Ҳозирда исталган мутахассислик учун, хоҳ информатика, хоҳ муҳандислик, хоҳ ҳуқуқшунослик ёки тиббиёт бўлсин, жаҳон тажрибасини ўқиб-ўрганиш, уни юртимизда тадбиқ этиш ва ҳорижлик ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатиш учун чет тилини билиш жуда муҳим саналади. Шу сабабли чет тилини мажбурий фанлар рўйхатига киритиш мамлакатимиз келажаги учун жуда фойдали бўлар эди.

Мажид Мавлянов:

1-бўлимга эътироз билдираётганлар учун: 1) Она тили ҳамма йўналишларда бўлиши шартлиги: ҳозирда ўқиётган талабаларанинг жуда кўпчилигида ёзувини тушунмаслик, имло хатоликлари, сўз туркумларидан фойдаланишдаги хатоларни кузатиш мумкин. Бу ҳолат 75-80 фоиз талабада кузатилади. Агар Она тилидан мажбурий тестлар киритилса, бу ҳол кескин камаяди.

2) Математика ҳамма йўналишларда бўлиши кераклиги:  Математикани яхши ўзлаштирган ўқувчи бошқа фанларни ўзлаштиришда қийналмайди, мантиқий фикрлаш қобилияти юқори бўлади, кенг дунёқараши шаклланади. Бу ижтимоий, филология, табиий йўналишлар учун ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан иложи йўқ.

3) Ўзбекистон тарихининг ҳамма йўналишларда бўлиши шарти: Бу кундай равшан-ку! Ўзбекистон тарихини билмаган инсондан қандай буюк келажак кутиш мумкин?!

Ундириладиган энг кам иш ҳақининг бир баробарига тенг миқдорида йиғим жуда кўп ҳисобланади, 1 оиладан 2-3 киши ҳужжат топшириши мумкин. Сумма жуда катта бўлиб кетади, айрим оилалар қийналиб қолади. Таклифим ушбу суммани энг кам иш ҳақининг камида 4/1 ёки 2/1 қисми сифатида ўзгартириш керак ёки 3-5 гача ОТМларга ҳужжат топшириш мумкин бўлганда 1 дан ортиқ ҳар бир қўшилган кейинги ОТМ учун йиғим миқдорини 25 фоизга ошириб бориш (масалан 1 ОТМ учун 50 000 сўм, 2-ОТМ учун 75 000 сўм, 3 ОТМ учун 100 000 сўм ва ҳоказо тариқасида)мумкин.

Маҳмуд Хайруллаев:

Қуйидагилар ҳисобга олинса, жуда яхши бўлар эди: - вилоятларда шундай оилалар борки, Тошкентга келиб ҳужжат топшириш у ёқда турсин, вилоят марказидаги ОТМ га боришга қурби етмайди — имтиҳон топшириш пуллик эмиш, деб боласини "ўқитмаганим бўсин" деган оилалар кўпайишиничи? Албатта ҳақли савол туғилади, ДТМ фаолияти ёки тест жараёнларининг объективлиги қайси маблағлар ҳисобидан таъминланади? Таклифим қуйидагича, тўланаётган суперконтрактларнинг маълум бир қисмини шу ишга йўналтириш, ихтиёрий равишда қўшимча тўлов тўлаган ҳолларда ҳужжатларни қабул қилишни тезлаштирувчи механизмлар, давлат бюджети маблағларидан фойдаланиш мумкин.

Алишер Умидов:

Тест синовларида иштирок этиш учун тўлов жорий этилиши яхши ҳолат деб ўйлайман. Шунда мақсадсиз тарзда шунчаки бир ҳужжат топшириб кўрайчи, мендан нима кетди, деб борадиганлар камайса керак. Лекин тўлов 1 ЭКИҲга тенг бўлиши қиммат. Ўзбекистон шароити учун қиммат! Менимча, ЭКИҲнинг 0,5 фоизи белгиланиши етарли. Тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар, I ва II гуруҳ ногиронларидан тўлов ундирилмаслигига эса тўлиқ қўшиламан.

Аввало бу қарор лойиҳаси ҳали расман тасдиқлангани йўқ. Тўғри, тан олиб айтишимиз керакки, муҳокамада иштирок этаётган юртдошларимизнинг айримлари лойиҳани тўлиқ тушуниб улгурмаганини гувоҳи бўламиз. Масалан, фанларга киритилган ўзгаришларни давлат тест имтиҳонларига озгина қолганда киритиш керакми, деган фикрлар ҳам учраган. Аслида қарорда фанлардаги ўзгаришлар 2020-2021 ўқув йилидан амал қилишини батафсил айтиб ўтилган.

Эскартиш: Қарор лойиҳасининг муҳокамаси шу йилнинг 2 мартига қадар давом этади. 

Фаёза АВЛАЕВА
тайёрлади.