Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Афсун билан бахт қайтмайди

Афсун билан бахт қайтмайди
          ...Гуллола туни билан
ухлолмади. Ойнага боқиб
кўрдики, бедорлиги юзида ҳам акс этибди: қовоқлари
салқиган, териси шишинқираган. Ахир қандаям ухласин,
тижорати касодга учради,
қолган уч-тўртта молиям сотилмай ётибди. Авваллари ҳар ойда икки марта Туркияга учиб бориб, энг сара кийим-кечак, ётоқхона тўпламларини олиб келарди. Аксига олгандек, бир неча кунки, эри уйига келгани йўқ...

       Нонушта ҳам қилмай, бироз чалғиш илинжида таниш косметологи – Комила ҳузурига отланди. Боз устига, у ҳам мижозининг ўзига ўхшамай қолганини айтдики, шундоғам тўлиб турган Гуллола юзига малҳам суртилганига қарамай, дув-дув кўз ёши тўкканча, дардини достон қилди.

       – Э, шунгаям сиқиласизми, ҳаммасини ортга қайтарса бўлади, – таскин берди Комила. – Фақат эринмасдан айтганларини қилишингиз керак. Ўзимнинг ҳаётимни изга тушиб кетишига сабабчи бўлгани учун тавсия қиляпман сизга ҳам.
– Қанақасига?
– Кучли фолбин-да!
 
“Ҳожатбарор”ни
излаб...

         Чўкаётган одам чўпга ёпишганидек, Гуллола Комиладан манзилни олди-да, яқин дугонаси, Элмирага ҳам бу ҳақда хабар берди. Чунки уй олди-сотдиси билан шуғулланувчи бу аёл ҳам айни кунларда муаммолар гирдобида: бозори юришмаяпти, яккаю ягона ўғли оғир касал.
Эртасига икковлон саҳармардонлаб Оққўрғон тумани сари йўл олишди. Керакли уйнинг дарвозаси олдига келишгач, билдиларки, фолбин ҳақиқатан ҳам жуда “кучли”га ўхшайди, акс ҳолда, шунча одам навбат кутиб ўтирмасди.
Гуллола “ҳожатбарор”га бошидан ўтган воқеаларни айтгач, ундан ёрдам сўради. Лена фолбин ўзидан мададталаб шаҳарлик жувонга аввал бошдан оёқ разм солгач, алланималарни ўқиди.
– Сиз яқинда ўласиз! Чунки эрингизни илинтирган аёл бир қўғирчоққа исмингизни айтиб ўқитган ва уни мозорга осиб қўйган. Совуқ шамолда қўғирчоқ, яъни сиз у ёқдан бу ёққа тебраниб кетяпсиз, шунинг учун ҳам кечалари ухлолмайсиз. Юрагингиз оғрийди, шу касаллик билан секин-аста...
– Айтинг, нима қилай, олдини олса бўладими? – кўзларини катта-катта очиб ялинишга тушди Гуллола.
– Э, бу жуда мушкул иш...
– Нима десангиз, қиламан, фақат ҳаммасини ортга қайтариб беринг!
– Бунга менинг кучим етмайди. Қари устозим бор, фақат у эплайди буни, – Лена бироз сукут сақлагач давом этди. – Бунинг учун менга 1 000 доллар берасиз, устозимга олиб бораман. У пулни серия рақамига қараб қирқ кун давомида ўқийди. Кейин пулингизни қайтариб беради...
Элмира ҳам ромчининг ёнидан кўзлари ола-кула бўлиб чиқди. Ахир, ўз ўғлининг ўлаётгани, бунга келини – унинг хотини сабабчи эканини эшитган она қандай аҳволда бўлиши мумкин? Агар Ленага минг доллар келтирса... ўғлиям соғаяди, бозориям юришиб кетармиш...
Хуллас, икки дугона: “Ўйлаб кўрайлик”, дея ромчига телефон рақамларини қолдиришди ва уйларига қайтишди...
 
Тузоқ

              Икки кундан сўнг азонда Гуллоланинг қўл телефони жиринглади:
– Бу мен, Ленаман, келиб-кетганингиздан бери тушимга киряпсиз, одамларим тезроқ ўқишни бошлашимизни, уйингизни тозалашимни айтишди. Тағин ўзингиз биласиз.
– Пу-пу-пулим йўқ-да.
– Менга уй манзилингизни айтинг-да, қарз олиб туринг, унгача мен етиб бораман.
Гуллола розилик берди-ю, ён қўшнисикига чиқди. Ўн беш кунда қайтариб бериш шарти билан 1 000 АҚШ доллари олди. Сал ўтмай, Лена ўғлининг машинасида етиб келди. Гуллоладан бир пачка пулни олгач, уй “тозалаш”га киришди. Исириқ тутатганча хоналарни бирма-бир кезаркан:
– Ваҳ, ваҳ, сизни кўра олмайдиганлар жуда кўп экан, назарланиб кетгансиз, ўргулай, назарланиб. Дуолар жуда кўп бу ерда, – дея башорат қила бошлади у. – Бир таклифим бор, аммо рози бўлиш-бўлмаслик ихтиёрингиз. Менга яна 1 500 доллар берсангиз, шу ердаги ҳамма қулфларингизни ечиб бераман. Эрингизнинг ўзи ялиниб келади, ғанимларингизнинг кучи йўқолиб, ишингиз юришиб кетади. Аввалгиданам бой-бадавлат бўлиб кетасиз. Ҳа, айтгандай, манов молларингизнинг ҳар биридан бир жуфтдан беришингиз керак.
– Нега?
– Ахир сизнинг нонингиз савдодан келади-ку, уларни уйга обориб қирқ кун ўқийман, харидорларингиз кўпаяди қайтадан...
Гуллола гўё қармоққа илинган балиқдек эди. Типирчилар, аммо ундан чиқиш учун ўзини чорасиз сезар эди. Шу боисми, лом-мим демасдан Ленага ки­йим-кечак, ётоқ ўрин кўрпаси ҳамда қимматбаҳо атирлар – жами 2 миллион сўмлик молини қўшқўллаб топширди-қўйди.
Воқеа шу билан тугади, десангиз адашасиз. Фирибгар фолбин Гуллоланинг соддалигидан чунонам фойдаландики, асти қўяверасиз. У қармоғидаги “тилла балиқча”ни осонликча қўйиб юбормас, аксинча, вақти-вақти билан унинг ҳолидан хабар олиб туришни унутмасди. Бу ёғини сўрасангиз, эр бермоқ жон бермоқ, деганлари рост бўлса керак-да, акс ҳолда, Гуллола 5 300 АҚШ долларини “эрини қайтариб берувчи”га тутқазмаган бўларди...
 
* * *

          Элмира-чи, дерсиз? Лена Гуллоланикига келган куни унгаям қўнғироқ қилган, тушига кираётгани, уйини “тозаламаса” ўғли узоққа бормаслигини айтиб қўрқитган эди. Онаизор нуридийдасини асраб қолиш илинжида ромчини уйга киритди. Лена ётоқхонани “тозалаётиб”, қаттиқ қичқирди:

      – Мана, мана топдим!!! Ўғлининг кароватининг тагидан занглаб кетган кичкинагина қулфни чиқарди. Энди буни олиб кетаманда, ўқийман. Қулфингиз очилиб кетади. 1 000 доллар берсангиз... 
 
           – Ҳозирча мана шуни олиб туринг, қолганини етказаман, – дея 360 минг сўмни “ҳожатбарор”нинг қўлига тутқазди Элмира.
Аммо Лена уни “овора” қилиб қўймади, икки кундан сўнг қолган маблағни олиб кетди.
Бироқ... илоннинг ёғини ялаган фолбин ваъда қилган фаровон кун иккисигаям келмади. Қўшнилар қарзга берган пулларини сўраб келишганида кеч эди...
 
Айб кимда?

             Шу ўринда кичкинагина мулоҳаза, яъни, товламачининг қилмишини қоралашдан олдин ўзимизни бир ойнага тутсак. Сабаби, фирибгарлик содир этилишида фирибгар ва алданувчи бўлади. Иккинчи томоннинг алданишга мойиллиги, сабрсизлиги, муаммолари сабабларини тўғри таҳлил эта олмаслиги ва ҳоказолар бу турдаги жиноятга йўл очади. Иккинчидан, бундай одамлар ўз-ўзидан жамиятда алдоқчиларнинг, фолбинларнинг фаоллашишига йўл очиб беришади.
Фикри ожизимизча, ромчиларни тарғиб қилган, “Менга фойдаси тегди, шунга бор”, дея билиб-билмай рек­лама қилаётган кимсалар учун ҳам амалдаги қонунчилигимизда тегишли жавобгарликни акс эттирувчи меъёрлар киритилса, айни муддао бўларди. Тўғри, муқаддам судланганига қарамай, хатоларидан тўғри хулоса чиқармасдан, яна жиноят йўлига кирган Лена Бакирова тегишли жазога тортилди. Аммо косметолог Комила сингарилар ўзлари билмаган ҳолда бундай фирибгарларнинг тегирмонига сув қу­йиб тургани, фолбиннинг эшиги олдида тумонат одам йиғилса-да, на маҳалла мутасаддилари, на маҳалла нозири, э қўйингки, қўни-қўшнилар “кўрмаган”ини қандай тушуниш мумкин?!
Кўпчилигимиз гувоҳи бўлганмиз: метрога кириш жойларида, бозорларда айримлар “фол очаман” деган эълонни бўйнига осиб, қўлида карта ёки қуш қўндириб туришади-ю, биз ҳам, ҳатто милиция ходими ҳам кўриб кўрмасликка оламиз. Буларнинг барчасининг ортида лоқайдлик, сен менга тегма қабилида иш тутиш ётгани, жамоатчилик назоратидек институтга ҳалигача эришолмаётганимизни қачон англаймиз? Ахир фолбинлар ва уларга ишонган кимсаларнинг касофатига не-не оилалар пароканда, фарзандлар етим, дўстлар, қариндошлар юзкўрмас бўлиб бормоқда. Бунинг олдини олишнинг ягона йўли ҳам унга қарши бир ёқадан бош чиқариб курашишдир.
Зоир КАМОЛОВ,
Жиноят ишлари бўйича
Тошкент шаҳар
Мирзо Улуғбек туман суди судьяси
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,
“XXI asr” мухбири
(Мақоладаги исм-фамилиялар ўзгартирилган)