Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Агар инсон жаҳд этса

Агар инсон жаҳд этса

Ажойиб инсоний фазилатлар соҳиби Машариф Бекчановни нафақат Хивада, балки Хоразм вилоятида ҳам кўпчилик яхши танийди, ҳурмат қилади. Ёши етмишга яқинлашаётган бўлса-да, ғайрати, ташаббускорлиги билан кўпчиликка ибрат. У O‘zLiDePдан Хива туман Кенгаши депутатлигига сайланган. Машариф Бекчанов Кенгаш раиси ўринбосари, депутатлик гуруҳи раҳбари ҳамдир.

Очиғи, тадбиркорликка қўл уришга айрим ёшлар ҳам журъат қилолмаяпти. Машариф ака эса яқинда ўз бизнесини йўлга қўйди.

– 2017 йилнинг 24 январи ҳаётимдаги унутилмас кунлардан бири бўлди,  – дейди депутат. – Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифи чоғида Хивада бир гуруҳ фаоллар, тадбиркорлар билан ҳам учрашиб, мулоқот ўтказдилар. Юртимизда ишбилармонлик фаолияти учун яратилаётган шарт-шароитлар, имкониятлардан фойдаланган ҳолда олдимизда турган вазифаларни бажаришга астойдил киришиш лозимлигини алоҳида таъкидладилар, ҳаммамизни  фаолликка ундадилар.

Учрашувдан кейин руҳиятимда бир тетиклик пайдо бўлди, ўзимни ёшаргандек сездим. “Юртбошимиз халқни ўйлаб, мамлакат ривожи учун жонбозлик кўрсатаётган бир пайтда унга елкадош, кўмакдош бўлиш учун нима қилсам бўлади?” деган савол менга кечаси ҳам уйқу бермади. Бир неча кун компьютер олдида ўтириб, режа туздим. Атрофлича ўйлаб, ҳисоб-китоб қилиб, қатъий қарорга келдим. Шу тариқа ўтган йил март ойида “Соёт автомобилчи” масъулияти чекланган жамиятига асос солинди.

Нафақат ўзимиз истиқомат қилаётган ҳудуд, балки қўшни туманлардаги имкониятларни ҳам ўрганиб чиқдик. Бу жараёнда Янгиариқ тумани марказидаги анча йиллардан буён фаолият кўрсатмаётган машина-трактор паркига қарашли омборхона ва бошқа бинолар ташландиқ ҳолда бекор турганини аниқладик. Биноларни 145 миллион сўмга биржа орқали сотиб олдик. Режа асосида бу ерда қурилиш, таъмирлаш олиб борилди. Бир йил давомида 264 миллион сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Қисқа вақт ичида 100 тонна  сиғимга эга совутгич омборхона, 1 000 бошга мўлжалланган қуёнхона, 50 бош зотдор эчки боқиш мумкин бўлган чорвачилик биноси, 200 кв. метр майдонда эса иссиқхона барпо этилиб, ишга туширилди. Асаларичилик ҳам йўлга қўйилди. Шунингдек, нон ва кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган бино ҳам ишга тушди. Бугунги кунда бу ерда тайёрланаётган маҳсулотлар аҳолига, шунингдек, мактабгача таълим муассасаларига шартнома орқали етказиб берилмоқда.

Тадбиркор фаолиятини изчил кенгайтиришда давом этди: “Халқ банки”нинг имтиёзли кредити ҳисобига Австриянинг “Варан” компаниясидан кунига 21 тонна мева-сабзавотни қайта ишлайдиган замонавий русумдаги технологик мажмуа сотиб олинди. Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги арафасида ушбу тармоқ, шунингдек, сутни қайта ишлаш цехи ҳам иш бошлади. Машариф аканинг тадбиркорлиги  туфайли доимий иш билан банд бўлганлар  бугунга келиб 57 кишига етди. Улар орасида коллеж битирувчилари, аёллар, иш излаб чет элларга кетиш ташвишидан халос бўлган оилали йигитлар бор.

– Иш жараёнида қийинчиликларга ҳам дуч келган бўлсангиз керак? – дея савол бердик тадбиркорга.

– Юртимизда хусусий сектор вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида катта ишлар амалга ошириляпти. Лекин давлатимизнинг ана шу оқилона сиёсатига ҳамоҳанг қадам ташлай олмаётганлар, афсуски, учраб турибди.  Масалан, 2017 йил март ойида хориждан мева-сабзавотларни қайта ишлашга мўлжалланган технологияларини харид қилиш учун кредит олиш мақсадида “Миллий банк”ка мурожаат қилгандик. “Эрта-индин” қабилидаги ваъдалар билан неча ойлар ўтиб кетди. Кейин эса кутилмаганда, “ресурс тугади” дея менга кредит ажратмади.  Икки ўртада россиялик ҳамкорлар олдида юзим шувит бўлди – улар билан тайёр маҳсулот етказиб бериш муддатларини келишиб қўйгандик-да. Сўнгра ҳужжатларни “Халқ банки”га топшириб, дастгоҳларни шу йил 15 январда олиб келдик. Бироқ қишда мева-сабзавот маҳсулотлари тақчил эди. Линия 18 июлдан ишга тушди. Ишлаб чиқарилаётган мева шарбатларига тегишли ташкилотлардан сертификат олиш учун ҳам анча овора бўлдик – бунга бир ярим ой вақт кетди...

Тадбиркор эришилган натижалар билан чекланиб қолмай, янги-янги режалар тузаяпти. Жумладан, йил охиригача мева-сабзавотларни қайта ишлашдан ҳосил бўлган чиқиндилардан омухта ем тайёрлайдиган цех, 8 та иссиқхона барпо этиш, жўжа етиштирадиган инкубация цехи қуриш мўлжаллан­япти.

“Агар инсон жаҳд этса бирам, ерга олиб тушгай олис осмонни ҳам”, деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Рост, иш бор жойда қийин­чилик ва муаммолар ҳам бўлади. Лекин астойдил меҳнат, изланиш билан ҳар қандай тўсиқни енгиб ўтиш мумкин.  Машариф Бекчановнинг тадбиркорлик фаолияти бунинг амалий тасдиғидир.

Отабек ИСМОИЛОВ,

Хива туман Кенгашидаги O‘zLiDeP

депутатлик гуруҳи аъзоси