Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Агроинновация: ҚУМДА БАЛИҚ БОҚИШ СИНОАТИ ВА САНОАТИ

Агроинновация: ҚУМДА БАЛИҚ БОҚИШ СИНОАТИ ВА САНОАТИ

Сувнинг қумга сингиши ва зумда ғойиб бўлиши билан боғлиқ тасаввурлар қачон ўзгаради? Болта шўро нега Болтабой оқсоқолга айланди? “KHARROT VIET”нима дегани? Пирнахос қаерда жойлашган? Кимнинг кўзини бойлик кўр қилди? Бир сонияда бир дона тайёр маҳсулот чиқариш мумкинми? Ўнқир-чўнқир йўлларда нафақат транспорт воситалари, балки уларнинг ичидаги инсонларнинг ичи тўкилганини кўрганмисиз?

Хива туманида Отабой Аллаберганов деган замондошимиз бор. Партиямизнинг ташаббус­кор аъзоларидан. “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби. Отаҳаррот номи билан танилган бу фермернинг инновацион балиқчилик мактабини Вьетнаму Хитойда ҳам яхши билишади. Энди исроилликлар ҳамкорликда ишлаш таклифи билан келиб кетишяпти. Хорижий мутахассислар чўлда атиги бир йилда бунёд этилган консерва заводи, кўллар орасидаги замонавий сайёҳлик мажмуаси, ўтовлардаги офисларни кўриб чинакамига ҳайратланишмоқда.

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Жуманазар Қурбонов етказган шу хабар сафарга отланишга туртки бўлди. Том маънодаги агроинновация­ни ўз кўзим билан кўриш истаги 1100 километрлик масофани ёз жазирамасида босиб ўтиш машаққатидан устун чиқди. Ҳатто ана ўша йўлнинг 300 чақирими адоғи кўринмайдиган барханлараро ўтиши олдиндан маълум бўлса ҳам...

Қум шунчалик қизиганки, юзасига кўмилган картошка-ю тухум беш дақиқада пишади. Таъмини айтинг – бундай тановулдан сўнг сувда қайнатилганини егингиз келмай қоларкан. Қобиғини арчиётганда бармоғингиз куйиши-да завқ бағишлайди. Анчадан буён дангасаликни касб қилган сезги органларингиз гўё фавқулодда вазиятлар тартибида ишлаётгани, иммун тизими қуёш тафтига тезкорлик тарзида мослашаётганини ҳис қиласиз.

Диққатингизни жамлаб, нигоҳингизни қумга қадасангиз, шиша зарраларини кўрасиз. Инъом этилган неъмат – жуда катта бойлик бу. Ҳисобсиз ҳажмдаги ойналар, турфа шакллардаги шиша идишларнинг тайёр хомашёси қайта ишловчи кимёгар-муҳандислар, ишбилармонлар инвесторларни кутиб ётибди.

Киприкларингизни юмиб, астойдил қулоқ тутсангиз, инновацион ғоялар негизида яратилган самарали технологиялардан оқилона фойдаланиш мақсадида қумда барпо этилаётган ўхшаши йўқ саноат корхоналарининг ёқимли шовқинини эшита оласиз. Салоҳиятли сармоядорлар топилажагидан дарак бу. Ким билсин, айни лаҳзаларда Бухоро ё Навоий вилоятининг, Хоразм воҳаси ёхуд Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳару қишлоқларида улғаяётган навқирон авлод вакиллари синоатлар қулфини очиб, истиқболли саноат йўналишига айлантириш лойиҳасини ниҳоясига етказиш арафасидадир.

Президентимиз фармони билан тасдиқланган “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастурини амалга ошириш орқали яратилаётган қулай шароитлар туфайли ҳозирча исми-шарифи номаълум ўша новатор йигит-қизларни кашф қилиш онлари тобора яқинлашаётгандир. Ёшларнинг бизнес ташаб­буслари, стартаплари, креатив ғоя ва лойиҳаларини ўз вақтида молиялаштиришнинг аниқ механизмлари белгилаб берилган мазкур дастур “пул бўлса чангалда шўрва”ни тутишини айтадиганлар учун ажойиб имкониятлар майдонидир.

Яна бир гап: O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти”нинг ҳам отни қамчилайдиган вақти келди. Чунки замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга қодир, мақсадга интилувчи ва серғайрат ёшлар юртимизда жуда кўп. Фақат партиямиз уларнинг олдига бошқа давлат ва жамоат ташкилотларидан олдин етиб бориши, режаларини рўёбга чиқаришга амалий жиҳатдан кўмаклашиши зарур. Шундагина етакчи сиёсий куч мавқеи сақлаб қолинади, келаси йилги сайловлардаги муваффақият замини янада мустаҳкамланади.

...68 яшар Отабой ота қум бағрида балиқ боқишнинг уддасидан чиқади-ю, компьютер технологиялари ёрдамида қилни қирқ ёрадиган бугунги ёшлар инновацион ривожланишга ҳисса қўшолмайдими? “Истеъдодлар орамизда, лекин биз уларни кўролмаяпмиз”, деган гапни аввалги замондагилар ўзини оқлаш учун ўйлаб топишган. Модомики, бугун партиянинг олдида ўзаро боғлиқ иккита долзарб вазифа турибди: биринчидан, “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастурида назарда тутилаётган ёшларни излаб топиш ва иккинчидан, уларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш!

Алоҳида таъкидлаш жоизки, бу вазифани бажаришни бир кунга кечиктирган сиёсий инс­титутлар истиқболдаги фаолиятида ўн кунлик депсинишга рўбарў бўлади. Ўн кун кечикиш эса... Хуллас, ҳозир вақтнинг қадрига етмаган эртага нақдидан – юз минглаб сайловчи-ёшларнинг овозидан айрилади.

 

Ичонқалъагача яхши,
нарёғи жуда “яхши”

“Хива вақти билан соат етти” номли фильм-концерт бўларди. ТВда тез-тез намойиш этиларди. Муқаддимаси аниқ эсимда қолган. Иштирокчилар Хива шаҳри атрофидаги манзиллардан пиёда, от ёки эшакда тош­ли-тупроқли йўллардан Ичонқалъага етиб келади. Ижодкорлар юмор ёрдамида реал ҳолатни усталик билан кўрсатишган.

Урганчдан Хива томон равон йўлда ҳаракатланиш давомида фильм-концерт қаҳрамонлари ана шундай манзараларни орзу қилган бўлса керак, деган фикр ўтди хаёлимдан. Фахрланишнинг ўзи бир роҳат. Атроф ободонлаштирилган. Замонавий бинолар тарихий иншоотларга уйғунлаштирилган. Шундай кайфиятда кўҳна шаҳарга етиб келиб, “Собир арқончи” меҳмонхонасига жойлашдик. Бироз танаффусдан сўнг яна йўлга тушдик. Навбатдаги манзил – Пирнахос қишлоғи. Лекин...

Беш дақиқадан кейин баланд кайфиятдан асар ҳам қолмади. Биз сизга мақтаган равон йўл Ичонқалъагача экан, холос. У ёғи дабдала. Шаҳардан чиқибоқ шунчалик “текис” йўлга тушдикки, таърифлашга тил ожиз – ҳолига маймунлар йиғлаётгани кемтик ўхшатиш. Йигитчанинг мана бу хиргойиси балки мос тушар: “Барча текис ва равон йўллар Урганчу Хивага бўлсин, ҳамма ўнқир-чўнқирлар ва чангу тўзонлар бизга”.

Хизмат сафаримиз давомида Урганч-Гурлан, Янгибозор-Хива йўлларидаги ноқулайлик­лар сабаб аҳолининг фиғони фалакка чиққанига ҳам гувоҳ бўлдик. Айтишларича, мазкур йўллардаги таъмирлаш ишлари бошланганига анча бўлган. Бироқ, мана неча йилдирки, унинг якунига етишини назорат қиладиган фидойи топилмаяпти.

Бу танқидий мулоҳазалар мутасаддиларга таъсир қилиш-қилмаслиги бизга қоронғу. Аммо эни беш-олти метрлик “тош-сўқмоқ”ларда ҳаракатланаётган транспорт воситалари эгалари худди жаҳон тажрибасида бўлгани сингари моддий-маънавий зарарни қоплашни сўраб йўлсозларни судга берса – оқибати аянч­ли бўлиши аниқ. Яхшиямки, одамларимиз бағрикенг. Йўл солиғини вақтида тўлаб қўйганимдан кейин нима учун сифатли йўлда юрмаслигим керак, дея шикоятбозлик қилишни ўзига ор билади. Қийналса-да чидайди. Аммо бу бағрикенгликни суиистеъмол қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Давлат органлари халққа хизмат қилиши даркор, деган даъватнинг ҳикмати ҳам шунда.

Олти ойлик текшир-
текширлар асорати

Йўлдаги азоблар сабаб агроинновациялар асосчиси, бир неча фермер хўжаликлари ва МЧЖлар таъсисчиси Отабой Аллаберганов ҳузурига келишилган вақтдан кечикиброқ бордик. Саломлашиб-сўрашганимиздаёқ бу кечикиш ёқмаётгани яққол сезилди. Устига устак икки нусхада шартнома кўтариб келиб, рекламага пул сўрайдиган, нақди унмаган тақдирда бепул тушлик қилиб кетадиган нав­батдаги  сайёр “мухбир”лар, дея ўйлаганини ҳам яшириб ўтирмади. Мақсад-муддаомизни тушунгачгина очиқ мулоқотга рози бўлди. Гурунгимизнинг бир соати шийпонда, кейинги олтмиш дақиқаси автомобилда, қолгани қумлар орасидаги кўллар бўйида, консерва заводида кечди...

Қаҳрамонимизнинг аждодлари балиқчи ўтган. Шунингдек, таъмирчи-уста сифатида эл корига яраган. Ҳаррот нисбатининг берилиши ҳам боболарига ишора. Отасини Болта шўро деб чақиришган. Замона зайли-да. Ватан истиқлолидан уч йил илгари 84 ёшида вафот этган. Саккиз фарзандни дунёга келтирган Пош­шажон эна табаррук 93 ёшида. Отабой ака фарзандларнинг иккинчиси. Машарип оғасига ини, ука-сингилларига ғамхўр ака бўлиб, урушдан кейинги оғир йилларда вояга етган.

Ҳарбий хизматга чақирув қоғозини олганда “Хоразмбалиқ” комбинатида ишларди. Йигитлик бурчини ўтагач, яна тўғри шу ёққа келди. Пешона тери унинг чизиқларида акс этгани шуки, аввал уста-балиқчи (мастер), кейин участка бошлиғи лавозимига ўтказилди. Интилувчан мутахассис Тошкент давлат педагогика институтининг биология факультетида сиртдан ўқиди. Россиянинг Дмитров балиқчилик институтида малака оширди. Муайян фурсат ўтиб, хўжаликка раҳбар бўлди.

Бироқ 80-йиллар охири эмасми, иқтисодий муносабатлардаги парокандалик, қотиб қолган эскича бошқарув тизими, назария ва амалиёт ўртасидаги жарлик балиқчилик тармоғини ҳам касодга учратаётганди. Соҳа олимларининг ўнлаб диссертациялари архивлардан жой олаверарди. Игна билан қудуқ қазилгандек илмий янгиликлар ҳозирги инновацияларнинг ўзгинаси эди бўлмаса. Ғарбда йилт етган ташаббус фаол қўллаб-қувватланиб, уни реал ҳаётга татбиқ қилишга маб­лағлар ажратилган бир пайтда бу ёқда “ура-ура”чилик авжига чиққанди.

Натижада О.Аллаберганов ҳам бир-икки йил “аросат”да юрди. Бироқ балиқчилик илмини ўрганишдан тўхтамади. Анъанавий ва замонавий бошқарув тизимини қиёсий мулоҳаза чиғириғидан ўтказди. Мулкчилик шаклларини танқидий нуқтаи назардан таҳлил қилди. Яъни, етти ўлчаб бир кесди: балиқ етиштиришга ихтисослашган “Болта шўро” фермер хўжалигига асос солди.

Йигирма гектарлик кўлда, беш нафар ишчи-ходим билан фаолият бошлаган тадбиркорлик субъектида менежмент ва маркетинг­нинг тўғри йўлга қўйилгани, жониворларни емиш билан таъминлаш ва урчитишда ўзига хос усулнинг қўлланилиши самарадорлик омили сифатида қайд этилди. Дастлабки мавсумдаёқ икки-уч турдаги 8 тонна балиқ сотилди. Бу 1996 йилдаги кўрсаткичлар. Лекин шугинасиям ҳасадгўйларга етарли бўлди. “Болта шўро” фермер хўжалигига тегишли кўлни тортиб олиш жараёнига “старт” берилди...

Роса олти ойлик текшир-текширлар Отаҳарротнинг соғлиғига таъсир кўрсатган бўлса-да, иродасини бука олмади. Барибир адолат қарор топди. Ҳасадгўйлар карвонга қараб қолаверишди.

Маълум муддатдан кейин “Болтабой оқсоқол” номида қайта ташкил этилган кўп тармоқли фермер хўжалигининг эндиликдаги фаолиятига оид рақамларни ўзингиз аввалгиси билан солиштириб кўришингиз мумкин: 400 гектарлик кўл, 20 турдаги балиқлардан 2000 тоннадан ортиқ маҳсулот, 200 нафардан зиёд ишчи-ходим. Даромад ва соф фойда эса... Бировникини ҳисоблагунча, агроинновацияларни ҳавас билан ўрганишда давом этганимиз маъқул, назаримда.

 

Отаҳарротнинг
“йўлтанламас”ида қум
сайри...

Ишчи-ходимларга оғир-босиқлик ва ўзига хос салобат билан кўрсатма бераётган кишининг хатти-ҳаракати эътиборимизни тортди. Унинг балиқчиликда тажрибаси катта эканлиги шундоқ билиниб турарди. Омонбой Мейлиев дея таништирилган бу мутахассис Отаҳаррот билан 38 йилдан буён бирга экан.

Омонбой ака билан қисқа суҳбатимиз давомида О.Аллабергановнинг 2005 йилда муборак ҳаж зиёратига бориб келгани, Ҳурматбек ва Ҳайдарбек исмли ўғиллар отага яқин кўмакчи, қизлари ўқитувчи эканини билиб олдим. Ҳурматбек Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологиялари институтини тугатгандан кейин Вьетнамда инновацион балиқчилик йўналишида малака ошириб келган. Ҳайдарбек Қорақалпоқ давлат университетининг юридик факультетини тамомлаган. “Эшонравот” ва “Пирнахосзамин” фермер хўжаликлари раҳбарлари. О.Мейлиев эса “Хоразмбалиқагросаноат” МЧЖни бошқаради.

Ниҳоят шийпонда хорижда ишлаб чиқарилган “йўлтанламас” ҳаракатга келди. Рулда Отабой отанинг ўзи. Мени қумдаги инновация­ларга сайрга таклиф қилди. Ўзи шу мақсадда келмаганманми, дарров машинага чиқдим.

Тош йўллар ортда қолиб, қумга етиб келдик. Нарироқда катта-кичик кўллар, ундан ҳам олисда эса замонавий иншоотлар кўзга ташланиб турарди.

– Тасаввур қилолмайсиз, – деди ота автомобилни тўхтатиб. – Ҳозир консерва заводига олиб бораман. Бир йил олдин ўша жой ҳам бийдай чўл эди.

Жипнинг “start” тугмаси босилди. Қум йўлда қанча масофа юрдик билмадиму, лекин чиндан ҳам замонавий саноат корхонасининг ёнидан чиқдик.  3 миллион АҚШ долларлик инвестиция шартномаси асосида қисқа муддатда бунёд этилган завод. Хитойдан келтирилган иккита технологик линия ўрнатилган. Бири, табиийки, балиқ гўштини консерва қиладиган ва уни қадоқлайдиган линия. Иккинчиси эса ана ўша қадоқни – тунукадан консерва банкаларини ишлаб чиқарадиган ускуналар жамланмаси. Отанинг айтишича, бунақа автоматик станок­лар яқин атрофда йўқ. Ҳар сония битта банка тайёрланади.

 50 та янги иш ўрни яратилган “KHARROT VIET” қўшма корхонасининг афзалликлари билан танишиб, ташқарига чиққанимизда отанинг 5-синфда ўқийдиган Суҳроб исмли невараси югуриб келиб саломлашди. Бўлажак тадбиркорнинг қизиқишлари билан қизиққанимда арифметик амаллар устаси эканини айтишди. Синаб кўрдик ва амин бўлдик. Ҳақиқатан ҳам ҳар қандай уч хонали сонларни зудлик билан ёддан кўпайтириш ва бўлиш илмини эгаллабди. Энди тўрт хонали сонларни ўрганаётган экан...

Нигоҳим ҳамон қум ичидаги кўллар ва улар орасидаги биноларда эди. Яқинлашган сайин ҳавасим ортарди. Ниҳоят, мана ўша чўлдаги замонавий сайёҳлик мажмуаси. Туристлар учун мўлжалланган 24 ўринли икки қаватли, уч юлдузли меҳмонхона, атрофдаги ўтовлардан бирининг ичида замонавий офис, иккинчисида конференц-зал. Учинчи-тўртинчиси миллий анаъналарга мос ҳордик масканлари. Ажойиботлар шу билан тугамайди. Беш метр баландликдаги, 50 киши бемалол жойлашадиган усти ёпиқ айвонга кўтарилсангиз қумдаги кўлларнинг бутун жозибаси кўз олдингизда намоён бўлади. Айвоннинг орқа томонидаги ям-яшил сунъий қопламали футбол майдони, оққушу ёввойи ғозлар парваришига мўлжалланган микроҳуддудлар таассуротларингизни янада оширади.

 

Нигоҳлар жавоби:
бизнес сири

Болаликда сувнинг бир зумда қумга сингиб, ғойиб бўлишини кўриб катта бўлганмиз. Хўш, бу ердаги қумда сув кўл бўлиб турганининг синоати нимада экан, атрофи бетонланмаган бўлса? Ўзи, умуман, барханлар орасига шунча сув қаердан келди? Айни шу саволлар билан Отаҳарротга юзландим. У эса менга ярим жилмайиб қараб қўйди. Бу қарашда биринчи саволнинг жавоби мужассам эди: бизнес сири...

– Яна 8 километр қум ичига киришга рози бўлсангиз, иккинчи саволингизнинг жавобини ўз кўзингиз билан кўришингиз мумкин, – деди машинага чиқишга ишора қиларкан. – Юқоридаги электр токи симларини 8 километр узоқликдаги катта каналдан электронасослар ёрдамида сув олиш учун тортиб борганмиз.

Жипда қум-кўллараро юришда давом этдик. Кетаяпмизу чўлда саргузашт-фильм суратга олишга тайёргарлик кўраётган режиссёр мисоли ҳис қилдик ўзимизни. Зеро, дунёга машҳур Кусто ҳам  шунақа жойлар ҳақида қанчадан-қанча лавҳалар тайёрлагани ёдимизга тушди.

– Ҳув-анави белгиларни кўраяпсизми, – дея гурунгни давом эттирди қаҳрамонимиз. – Қўшни давлат чегараси...

Машина барханлар устидаги текисликка келиб тўхтади. Вертолётлар қўналғасига ўхшайди. Бу ерга “темир қуш”лар эмас, ота-бола Аллабергановлар ҳар куни келиб кетишидан шу табиий майдонча ҳосил бўлган. Ўз кўзим билан кўрдимки, қум бағридаги 400 гектарлик сунъий кўллар 8 чақиримдан сув келтириш эвазига яратилган. Тасаввур қиляпсизми, бу кўллар кўл бўлгунича эҳ-ҳе қанча узоқ муддатли ва машаққатли меҳнат сарфланган. Ҳовлисидаги бир сотихлик, таёқ суқса кўкарадиган томорқани эплолмайдиган эркакларни йиғиб, Пирнахосга саёҳатга олиб борсакмикан-а?..

 

Сўнгги сўз ўрнида:

Ҳавасга не етсин. Бироқ ҳасад ҳам ундан узоқ кетмаслиги ёмон-да. Баъзан худди ёнма-ён юришадими-ей? Барибир ҳавасмандлар кўплиги кўнгилга чироқ ёқади. Отаҳарротга ҳам ҳавас қилишади. Чунки у бугун муваффақият қозонган тадбиркор. Ҳозир у таниқли ишбилармонлар сингари қимматбаҳо машиналарда юради. Яхши уйларда яшайди. Шийпонлари ҳам уйдан кам эмас. Гиламчилик цехи, чойхоналари бор. Лекин бу ютуқларга осонликча ёки қисқа фурсатда эришгани йўқ-да. Не-не уқубатларни енгиб ўтишга, шу уқубатларнинг асоратлари билан курашишга тўғри келмади дейсиз? Яна денг, республика кардиология марказида юрак қисмида ўтказилган мураккаб жарроҳлик амалиётининг ўзи инсон сабрини синовдан ўтказган оғриқли жараёндир...

Эсласа, хотирласа арзирли, унутилмас қувончли-ташвишли воқеалар бисёр. Уларнинг қай бирини эсласин?

Лекин ҳаётнинг аччиқ, аламли синовларини мардона енгиб келаётган қаҳрамонимиз Отабой Аллабергановга тан бермасдан иложимиз йўқ. Нега десангиз у эртага ё келажакда эмас, балки бугун ўзининг заҳматли меҳнатлари мевасини тотаётир. Демак, савобли амаллари мукофотини бугун олаяпти – ана шулар ўзининг умр йўлларини ёритмоғига, безамоғига чин дилдан ишонади у!

Озод РАЖАБОВ,

“XXI asr” махсус мухбири