Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“АКА, МЕНИ УРМАНГ, БУЛУТ БЎЛИБ ҚОЛАМАН...” (Инсон сийрати)

“АКА, МЕНИ УРМАНГ, БУЛУТ БЎЛИБ ҚОЛАМАН...” (Инсон сийрати)

“Мени ёмон кўрсангиз ҳам айтаман, бўлмаса виждоним қийналади. Мен учта сигирини сотиб ўқишга кирган одамман”. Бу гапни фақат у айтиши мумкин. Ҳар йили қанчадан қанча талаба олий ўқув юртига қинғир йўллар билан ўқишга киради ва илмталабга айланади. Аммо улар ўз донолигини рўкач қилиб, сен билан баҳс бойлашга шайлаганда,  сурбетроқлари туҳматинг учун қонун олдида жавоб беришингни талаб қилиб турган шароитда фақатгина “Ҳазрати курсдош” қаршингга келиб, ҳаётнинг сен кўрмаган машаққатлари тушган бошини  хиёл олдинга эгиб, доим хавотирли кўзларини катта-катта очиб шу сўзларни айта олади. Мен унга “Сиз тақдирнинг хатосисиз”, дейман. У мени “шеъриятнинг заволи” дейди.

Журналга йўқлама қилинётганда унга қараб “305”да ҳам ҳамма бор” деб қўяман (аслида гуруҳлар 304гача). У кулади. Бундайлар бошқалар билан бир гуруҳ бўлолмайди. Бундайларнинг ўз олами бор. У оламда нима бор, ўзи-да, бошқалар-да билолмай ўтади. Ҳаммаси худога аён. Ҳа, “Ҳазрати курсдош” шундай одам. Бу номни ҳам унинг ўзи топиб берган.

Бир куни гурунглашиб ўтирганимизда “Эҳ-ҳ, мен қўшиқ айтардим. Ҳамма артистларнинг овозини ўхшатардим. Қишда сув кечиб юра-юра овозимни олдириб қўйганман.  Шифокор бўлишни орзу қилардим. Икки марта ТошМИ топшириб йиқилганман”, деб қолди. “Яхшиям, йиқилган экансиз”, дедим қитмирлик билан. “Ие, нима деганингиз бу? Дўхтир бўлсам, қанча одамнинг ҳаётини сақлаб қолардим. Одамларни даволардим”, дейди акамиз. “Сиз дўхтир бўлмаслик билан қанча одамнинг ҳаётини сақлаб қолганингизни биласизми?” дейман. У менга эътибор бермай гапида давом этади. “Мен бошқача бўлишим мумкин эди. Мен ҳам кўп нарсани билишим мумкин эди. Мени... мени шунақа қилиб қўйишган. Дўстим, сизга бир илтимосим бор, “Ҳазрати курсдош” деган нарса ёзинг”. “Ҳазрати курсдош ким?” дейман. “Билмадим”.

Бу кишининг хаёлларига нормал ақлга сиғмайдиган фикрлар келишини айтмайсизми? Баъзи ёзганларини ўқиган дўстимиз “Сизнинг ёзганларингизни тушуниш мумкин. Фақат бунинг учун одам 2-3 йил фикрлашдан тўхташи керак”, деб ҳазил қилганди. Акамиз хафа бўлмайди. “Тўғри-тўғри” дейди. Уни ҳаёт шунга ўргатган. Ҳаёт қийинчиликлари олдида ҳам “Тўғри-тўғри” деб ўтаверганлар. Бизга ўхшаган сиркаси сув кўтармайдиганлар озгина ноҳақликка қарши исён қилиб, “нега бундай?” деб дунёни остин-устун қилиб юрганда Ҳазрати курсдош ҳаётга “Ака, мени урманг, бўлут бўлиб қоламан” деб ёлворади. Индамай яшайди.

Эй тақдири норасо, бағрингда шундай бандалар юрсаю  кимларнинг бошини силаб турибсан? Дунё дорулфунунида томоқлари йиртилгунча бақираётганлар юқори баҳо олади. Улар ораларида бировга озор бермай ўтаётган курсдошларини назарга илмайдилар.  

Сизга баҳо йўқдир, Ҳазрати курсдош!

Мисол учун, унга ёнингиздан 10 000 пул чиқмайдими, денг. Чиқариб беради. Сизнинг мушкулингиз ҳал бўлади. Ҳазрати курсдош эса ёнидаги бор пулни сизга бериб юборадию, уйига яёв йўл олади. Акамиз шунақа. Худо уни ўзини ҳам уйлашдек шарофатдан маҳрум қилган.

“Биламан, Одамлар мени аҳмоқ деб ўйлайди. Мен ҳаммасини биламан. Индамайман, холос. Индамайман-да”.

Бир устозимиз унга қараб “Сиз бу аҳволда умуман баҳо ололмайсиз”, дебдилар.

“Биламан”.

“Мен билан ўчакишманг”.

“Устоз, сиз билан қандай ўчакишаман? Сиздан баҳо ололмаслигимни биламан. ”

У кишининг ёзганларини ўқиганмисиз ўзи? Мен ўқиганман. Биринчи бўлиб ўқиганман. Унинг севгисини эшитганмисиз? Мен эшитганман. Ҳаммасини. Акамизни уйлантириб қўйишимизга ҳам оз қолганди. У кишим нима қилибди денг?  Келинликка номзод бўлмишнинг севгани борлигини билиб, совчиларни қайтарибди. Кейин ўша йигитни топиб, одам юбориши кераклигини тайинлабди. Шундай қилдим, жўра, энди нима бўлади, деб қўяди. “Мен сизга худоманми, нима бўлишини айтадиган” дейман. Ичимдан эса “Жаннати бўласиз”, деган иқрор ўтади.

Ёзмишларини-ку, қўяверинг. Кафкаю Камюлар “Жараён” билан “Бегона”ни кўтариб тирилиб келганда ҳам “Ака, мени урманг, булут бўлиб қоламан”, деган мисранинг олдида бош қашлаб қолади. Севги ҳақида шеърнамо бир нарса қоралабдилар. “Кўчангдан ўтишга итинг қўймагур”, деб қўядилар Жумагул аталмиш сулувга қараб. Бир жумлада севги, ҳижрон, рақибу тўсиқлар – ҳаммаси бор. Орада “қўймагур” деб эркалаб хушомад ҳам қилиб қўядилар.

Акамизни менинг сўзларимдан кейин дарвешга чиқариб қўйманг тағин. Аҳён-аҳёнда факультетнинг энг билимдон талабасининг ҳам хаёлига келмаган фикрларни ўртага ташлайди. Бир марта шунга гувоҳ бўлгандим. Касб этикаси ҳақида гапира туриб, озон қатламини мисол қилиб қолдилар. Биз икковининг боғлиқлигини топгунча ўзлари айтди-қўйди. “Озон қатлами қуёшинг ултрабинафша кунларини Ерга қўймайди. Бу – унинг касб этикаси”. Ана сизга. Озон туйнуги эса касб этикасининг бузилишига мисол. Энди айтингчи, қайси профессор шу гапни айта олади. Бундай гапларни фақат бизнинг ака айтади.

            Лекин у ҳақида ёзганимни эшитса, нима дейишини тахмин қилишим мумкин. “Эеее, жўра, шуларни айтиб  нима қилардингиз. Шоирларга ишониб бўлмайди ўзи. Пуч ёнғоқман, қўйнингизни тўлдираман. Шеърлар ёзиб шеъриятни ўлдираман, деееб юравермайсизми. ”, дейди Ҳазрати курсдош. Ёки мендай тентакка гап уқтириб бўлмаслигини билиб, ўзининг ҳикматнамо сўзларидан иқтибос келтириб қўяди: “Унинг ноҳақлигини исботлаш қуриган кўлга қармоқ ташлаб балиқ овлагандек гап”.

Суҳроб ЗИЁ