Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Альберт Эгер: Ўзбекистон имтиёзли кредит ажратишни қисқартириш керак

Альберт Эгер: Ўзбекистон имтиёзли кредит ажратишни қисқартириш керак Халқаро валюта жамғармасининг Яқин шарқ ва Марказий Осиё департаменти директори маслаҳатчиси Альберт Эгер:

Ўзбекистон ҳукумати иқтисодиётни ривожлантириши учун ислоҳотларни давом эттириши зарур. Бироқ имтиёзли ва умуман кредитлар тақдим этишни камайтириш талаб этилади. Бу келаси йилда инфляция даражасини назорат қилишда ёрдам беради.

Унинг фикрича, мамлакатимизда имтиёзли кредитлар тақдим этишни камайтириш керак. 

"Иқтисодиётда ислоҳотларни ўтказишда муҳим вазифалардан бири, иқтисодиётга тўғридан-тўғри кредитлар ажратиш ҳажмини қисқартиришдир. Бундай кредитлар асосан давлат томонидан ва катта имтиёзлар билан тақдим этилмоқда. Имтиёзли кредитларни эса, йирик корхоналар иш ўрни барпо этишни важ қилиб олмоқда. Бироқ, менимча, имтиёзли кредитларни барқарор компаниялар олмоқда ҳамда улар етарли даражада ва кўп иш ўрни ташкил эта олишмаяпти”, - деди Альберт Эгер. 

ХВЖ экспертининг айтишича, мамлакатда инфляция даражасини назорат қилиш ҳам муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. 

“Яна бир муҳим вазифа, бу инфляция даражасини назорат қилишдир. Ҳозирда Ўзбекистонда бу кўрсаткич 16 фоизни ташкил этаётган бўлса-да, йил охиригача, бу рақам 18 фоизга етиши мумкин. Таъкидлаш ўринлики, ҳозирги ҳолатда инфляциянинг юқори бўлиши ҳам унчалик қўрқинчли ҳолат эмас, чунки нархларнинг эркинлашишига эришиш керак. Шундай экан, олдинроққа назар ташлайдиган бўлсак, 2019 йилда ҳам инфляция юқори бўлади, деб тахмин қилиш мумкин. 

Бунинг олдини олиш учун нима қилиш керак?

Кредит тақдим этишни қисқартириш керак бўлади. Бугунги кунда кредитнинг иқтисодиётдаги улуши 44 фоизни ташкил этмоқда. Иқтисодиёт ўсиши 5 фоизни, кредит миқдори 44 фоизни, инфляция даражаси 16-18 фоиз бўлишини эътиборга олсак, айнан кредит беришни камайтириш билан инфляцияга босим ўтказиш мумкин бўлади. 

Иккинчи масала, пул-кредит сиёсати билан боғлиқ. Марказий банк сентябрь ойида қайта молиялаш ставкасини 14 фоиздан 16 фоизга оширди. Бироқ, келгуси йилда инфляция даражаси кутилганидан кўпроқ ошадиган бўлса, Марказий банк бу ставкани ошириш томонга қайта кўриб чиқиши талаб этилади”, - деди ХВЖ вакили.

"Kun.uz" манбасидан фойдаланилди.