Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

“Алифбе”ни ким ёзган?

“Алифбе”ни ким ёзган?

Билим ошиёнига тетапоя бўларканмиз, аввалбошда товушларни чўзиб-чўзиб талаффуз қиламиз, сўнгра эса аста-секин ҳарф таний бошлаймиз. Бу йўлда бизнинг илк қўлланмамиз, шубҳасиз “Алифбе” бўлади!

Хўш, уни ким, қандай қилиб ёзганини биламизми? 

Барча жабҳада бўлгани сингари ана шу “Алифбе” дарслик-сабоқлигининг ҳам ўз яратилиш тарихи мавжуд.

XX аср бошлариданоқ таълим-тарбия соҳасида жиддий ўзгаришлар бўлди: жадид мактаблари, ўзига хос дарслик, ўқув қўлланмалари яратилди. Ўрта Осиёда биринчи марта ўзбек тилида товуш усулида хат-савод ўргатиш ишига тошкентлик Саидрасул Саидазизов киришиб, товуш усулида яратган китобини “Устоди аввал” деб номлаган ва бу алифбе дарслиги 1902 йилдан ҳар йили қайта-қайта нашр қилиниб турган. Ўша пайтлар “Устоди аввал” алифбеси мактаб ўқувчиларининг асосий дарслиги бўлган. Кейинчалик алифбе яратиш анъаналарини Мунавварқори Абдурашидхонов, Ашурали Зоҳирий, Абдуқодир Шакурий, Шокиржон Раҳимий каби машҳур педагоглар давом эттирди. 1928 йилда Шокиржон Раҳимийнинг “Совға” (“Алифбе”)си чоп этилди.

Алифбе яратиш муаллифдан ўзига хос маҳорат, билим ва ақл-заковатни талаб этади. Ана шундай шарафга муяссар бўлган, халқ орасида “Алифбобо” номи билан машҳур бўлган зот Оқилхон Шарафиддиновдир. У яратган “Алифбе” китоби 1938 йилдан 90-йилларнинг охиригача ва яна 2002 йилда – олтмиш йил  узлуксиз нашр эттирилди. ХХ асрдаги бир неча авлод “Алифбе” деганда Оқилхон Шарафиддиновни тушунадиган бўлиб қолди.

Ўша йиллари керакли адабиётлар тақчил эди, мактаб остонасига илк қадам қўйган кичкинтойлар учун “Алифбе” китобини яратиш зарурияти туғилади. Оқилхон Шарафитдинов кўп изланишлардан сўнг, биринчи синф ўқувчилари учун 1929 йилда “Билим ва меҳнат”, 1930 йилда “Меҳнат болалари”, 1938 йили биринчи “Алифбе” китобини ёзади. Бу китоб ҳозирги кунимизгача 60 йил ичида 60 маротаба қайта нашр этилиб, 30 миллион нусхадан ошиб кетган. Оқилхон муаллим шу билангина тўхтаб қолмайди – 1941 йилда “Чиройли ёзув”, 1944 йилда “Ўқиш китоби” ва саводсизликни тугатиш мақсадида “Катталар алифбеси”ни 1939 йилда бошланғич синф ўқитувчилари учун бир қанча методик қўлланмалар ёзди...

Зайниддин ЗИЁВУДДИНОВ,

меҳнат фахрийси