Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Алишер Юлдашев "антиқа" ва "Ягона" автомобиль яратди

Алишер Юлдашев Қорақалпоғистоннинг Амударё тумани Манғит шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Алишер Юлдашев эски "Запорожец" автомобилининг корпуси асосида янги автомобиль йиғиб чиқарди. Бу ҳақда ЎзА хабар тарқатди.

"Тико"нинг моторини, "Мазда"нинг ўриндиғини, "Малибу"нинг рули ва орқа фараларини, "Каптива"нинг олд қопламаси (облицовка)ни "Запорожец"нинг корпусига ўрнатиб, антиқа автомобил яратган ихтирочи-муаллиф унга "Ягона" деб ном қўйган.

"Антиқа автомобиль яратиш ғояси бундан 4 йил аввал пайдо бўлган. Бир куни автомобиль йиғаётган пайтимда ёнимга қизчам (у вақтда 5-синфда эди) келиб, менга хушомад қилиб: "Дада, менга ҳам машина олиб беринг. Фақат у машина ҳеч кимда йўқ, ягона бўлсин" деди. Ғояни аслида қизим берган. Натижада, мана кўриб турибсиз, "Ягона" "марка"ли автомобиль дунёга келди. Худо хоҳласа, келгуси йилда қизим мактабни тугатади. Ушбу антиқа автомобилни қизимга совға қилмоқчиман", - дейди А.Юлдашев.

"Ягона" автомобили 3 йилда дунёга келган. Алишер Юлдашевнинг таъкидлашича, у маблағ топган пайтлари бозордан автомобилларнинг эҳтиёт қисмларини сотиб олиб юрган. Мазкур автомобиль учун 50 млн. сўмдан кўпроқ маблағ харажат қилган.

Алишер Юлдашев келажакда шундай автомобиллардан музей ташкил қилишни ният қилган.