Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

АНДИЖОН ТУМАНИ ЖАМОАСИДА!

АНДИЖОН ТУМАНИ ЖАМОАСИДА!
O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши 18-30 ёшгача бўлган партия электорати вакиллари ўртасида иштирокида мини-футбол турнирини ташкил этди.
Ўзига хос байрамга айланган мусобақанинг очилишида сўз олган фаоллар ёшларни миллий ғояга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат, элим, юртим, деб яшаш руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиш, спорт соҳасида иқтидорли ёшларни аниқлаш, жисмоний тарбияга бўлган қизиқишини янада кучайтириш йўналишида олимпия тизими асосида ўтказилаётганлиги алоҳида таъкидлашди.
Вилоятдаги партиянинг 16 та шаҳар, туман кенгашлари томонидан тузилган футбол жамоалари қуръа ташлаш йўли билан гуруҳларга бўлиндилар.
– Гарчи ҳаваскор бўлсак-да, ўйинимиз даражасидан қониқиш ҳосил қилдик, – деди Андижон тумани жамоаси аъзоси Сардорбек Алишеров. – Баҳслар шу даражада муросасиз тус олдики, биз ҳатто ўзимизни профессионал футболчилардек ҳис қила бошладик. Мақсад ғолиб бўлиш эмас, балки сафдошларимиз билан амалий ҳамкорлик ва дўстликни мустаҳкамлашдир.
Қизиқарли, кескин шу билан бирга ҳаяжонли лаҳзаларга бой ўтган мазкур спорт байрамида ярим финал босқичига қадар етиб келган Андижон, Шаҳрихон, Олтинкўл ва Бўз туманлари жамоаларининг ўзаро баҳсида “O’zLiDeP кубоги” Андижон тумани жамоасига насиб этди.
 
Азизбек ИСАМУДДИНОВ,
Андижон вилояти Футбол федерациясининг 1-тоифали ҳаками:
 
– Жамоалар кубок учун кураш олиб борган бўлса, уларнинг ҳаммасини ҳам тажрибасиз, деб айтиш қийин. Ҳатто ғалабагача етиб боролмаган жамоалар орасида ҳам ўйинларда яхши кўрсаткич қайд этган, чиройли голлари билан мухлислар олқишига сазовор бўлган йигитлар бор эди. Финалда майдонга тушган Шаҳрихон ва Андижон туманлари жамоалари ғалаба учун анча тер тўкишларига тўғри келди. 1:0 ҳисобида ғолибликни қўлга киритган Андижон тумани жамоаси кучлилигини, бошқалардан кўпроқ машқ қилганини, ўз устида кўпроқ ишлаганини амалда исботлади.
 
Шохруҳ АКБАРОВ,
Шаҳрихон тумани жамоаси ҳужумчиси:
 
– Тан олиш керак, рақибларимиз кучли эди. Жамоамиз дарвозасига урилган битта гол ўйин масаласини ҳал қилди. Биз ҳам назаримизда ғалабага ҳақли эдик. Шунчаки бизга бироз омад етишмади.
Тадбир якунида ғолиблар ташкилотчиларнинг моддий ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Тоҳиржон ТОЛИПОВ,
O‘zLiDeP Андижон вилоят
Кенгаши раиси