Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Андижонда 1100 нафардан зиёд қори ва қориялар Қуръон мусобақаларида иштирок этиш истагини билдирган

Андижонда 1100 нафардан зиёд қори ва қориялар Қуръон мусобақаларида иштирок этиш истагини билдирган

Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 1 сентябрь куни “Ҳазрати Имом” мажмуасига қилган ташрифи чоғида Қуръон мусобақасини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилган эди. Шунга мувофиқ жойларда мазкур мусобақанинг ҳудудий босқичлари ўтказилиши бошлаб юборилди. Муқаддас Китобимиз бўлган Қуръони каримни ёдлаш, тинглаш ва англашда ҳикмат жуда кўп. Муҳтарам Президентимиз таъбирлари билан айтганда: “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар, Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади”.

Андижон вилояти бўйлаб 1100 нафардан зиёд қори ва қориялар мусобақаларда иштирок этиш истагини билдирганларининг ўзиёқ бу йўналишда вилоятимизда хайрли илм мактаби яратилганлиги намунасидир. Бўлиб ўтган ҳудудий босқичларда уларнинг Қуръони Каримни ёд олганликлари ва гўзал тарзда тиловат қила олишлари маҳоратлари синовдан ўтказилди.

Хусусан, Избоскандаги “Аҳмадали ҳожи” жомеъ масжидида Республика Қуръони карим мусобақасининг туман босқичи бўлиб ўтди. Унда Андижон вилоятининг Избоскан ва Пахтаобод туманида истиқомат қилувчи 18 ёшдан 25 ёшгача ҳамда 25 ёшдан 40 ёшгача бўлган 63 нафар қориялар иштирок этдилар. Тадбир аввалида сўз олган O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси Тоҳиржон Толипов давлатимиз раҳбарининг мазкур эзгу ташаббуси хусусида атрофилича тўхталиб, иштирокчиларга омад тилади.

-“2018 йил Давлат Дастурининг бешинчи бўлим биринчи бандида белгиланган “Республика Қуръони карим мусобақасини 2018 йилнинг январь-апрель ойларида ўтказиш” вазифаси ижроси бўйича ташкил қилинган мазкур беллашув кўнгил покланиши, эзгу саъй-ҳаракатлар, хайрли амалларнинг ёрқин намунаси бўлди, - дейди O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши раиси Тоҳиржон Толипов. – Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган ушбу хайрли тадбирнинг илк босқичларидаёқ бу борада жуда катта маънавий хазина мужассамлиги аёнлашмоқда.Ушбу мусобақанинг ташкил этилиши халқимиз орасида Қуръонни тўғри тарғиб қилишга, уни ўрганиш ва ўргатишда хатоликларга йўл қўймасликка, инсонларни зиёга чорлашга жуда катта кўмак беради.

-Қуръон мусобақаси ташкил этилишини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим, - дейди Избоскан тумани Майгир маҳалласидан иштирок этаётган Робияхон Даминова. – Болалигимдан араб алифбосига, Қуръони карим сураларини ўқишга, ёдлашга бўлган иштиёқим кучли эди. Эндиликда мазкур беллашувда қатнашиб, ўзим каби қориялар билан танишиш, улардан билмаганларимни ўрганиш истагидаман. Муҳими, бу йўналишда фикрлашадиган дўстларим бўлишини хоҳлайман.

Мусобақанинг қорилар ўртасидаги ўтган Избоскан туман босқичида ҳам 140 нафар қорилар ҳифз ҳамда тиловат йўналишида иштирок этдилар.

Мусобақалар аввалида иштирокчиларнинг барчасига O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.

Аброрбек ХОНТЎРАЕВ,

O‘zLiDeP Андижон вилоят

Кенгаши масъул ходими