Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

АНЗУР ПИЁЗ ЕБ ЮРИНГ – БОШИНГИЗ ОҒРИМАЙДИ

АНЗУР ПИЁЗ ЕБ ЮРИНГ – БОШИНГИЗ ОҒРИМАЙДИ        Серқуёш ўлкамизнинг тупроғи ниҳоятда саховатли. Пайтини пойлаб, кифтига келтирсангиз томорқангиздан навбати билан шириндан шакар мевалар, полиз экинлари, цитрус ва сабзавот маҳсулотларининг кети узилмайди, бири йиғиб олинса, иккинчиси теримга тайёр-да!

Лекин булар ҳаммаси эмас. Азим тоғлар ва улар этагига ёнбошлаган далалар бағрида минг хил гиёҳу, доривор ўсимликлар, наботот олами мўъжизалари ҳам учрайди. Кийикўт, коврак, бозулбанг (логохилус), тоғ арча, дўлана, анзур пиёзи... эҳ-ҳе, санаб адоғига етмайсиз. Улар минг дардга шифолиги билан азалдан халқ табобатида мунтазам қўлланиб келинган. Эндиликда ҳатто уларнинг аксарияти қайта ва ярим қайта ишланиб, хорижга экспорт ҳам қилинмоқда. Бугун ўзининг мазаси ва соғликка фойдалилиги билан чет элликлар оғзига тушган, мақтовини қозонган анзур пиёзи ҳақида айрим маълумотларни келтириб ўтамиз.      

            Бу тоғ пиёзи шамоллашга ва турли зараркунандаларга мухолифлиги витамин ва минералларини ўзида мужассам этгани билан тиббиёт оламида машҳур. Уни йил мобайнида истеъмол қилиш мумкин.

Бунинг учун

           Баҳор сўнгида йиғими келган барра анзур пиёзини ковлаб, яхшилаб тозалаб махсус идишга солинг. Сўнг устидан тўлатиб шўр сув қуйинг-да, яхшилаб ёпинг. Фақат шўр сувни кунига икки маҳал янгисига алмаштириб турсангиз кифоя. Қарабсизки, беқиёс дармондори тайёр.

          Анзур пиёзи ички органларни қувватлантириш, иштаҳани очиш ва иммунитетни кўтариш хусусиятига эга. Натижада организм турли ташқи таъсирларни, ҳар хил юқумли ва жиддий касалликларни бемалол бартараф эта олади.

         Бу хуштаъм пиёзнинг яна бир ноёб хусусияти – мунтазам истеъмол қилган кишида, энг аввало, эрта қаришнинг олди олинади, ёшликни узайтиради, хотирани яхшилайди, бош айланишини тўхтатади, кўриш ва эшитишни тиниқлаштиради, хуллас, бир кам меҳригиё деяверинг.

Бошингиз оғриса

          Ҳакимларнинг айтишича, анзур пиёзи мигрен, бош оғриғи, тутқаноқ, депрессия, шамоллаш, йўтал, қулоқ ва кўз оғриғи, ошқозонда ҳазм қилиш фаолиятининг бузилиши, қон-томир касалликлари, тери ва соч заифлиги каби кўпгина хасталикларни даволашга ёрдам беради. Уни исталган ҳолатда (сут ёки асал билан) истеъмол қилиш мумкин.

         Шамоллаш ёки асабийлашиш туфайли бошингиз оғриса, анзур пиёзидан 2-3 бўлакчасини майда чайнаб енг. Бир пасда оғриқ босилади.

         Агар бош оғриғингиз сурункали боз устига хотирангиз панд бера бошласа, кечаси ётишдан олдин 5-7 кун мобайнида бир бўлакдан анзур пиёзини истеъмол қилинг. Биринчидан, кечаси тинч ухлайсиз, иккинчидан, миянгиз тиниқиб дам олиб, хотирангиз қайта тикланишида ёрдам бўлади.

                                                                                                                                                                                       Сардор ТУРОБОВ тайёрлади