Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

АҚШ ГЕНЕРАЛИНИНГ “ТОШКЕНТЛИК МАЪШУҚАСИ”

АҚШ ГЕНЕРАЛИНИНГ “ТОШКЕНТЛИК МАЪШУҚАСИ”
Сўнгги йилларда “Нигерия мактублари” деб номланган электрон ёзишмалар товламачилиги авж олиб кетди. Айтиш жоизки, бундай фирибгарлар ноғорасига ўйнаган кўплаб одамлар, айниқса, ёшлар ҳавойи ҳис-ҳаяжонга берилиб,  тузатиб бўлмас хатога йўл қўймоқдалар.

 

Мавжуд маълумотлар асосида айтиш мумкинки, бундан қарийб 40 йилча аввал Африканинг нисбатан қолоқ давлати — Нигериядан дастлабки ёзишмалар дунёнинг турли мамлакатларига жўнатила бошланган. Йиллар ўтгани сари миллионлаб бундай мактублар секин-аста ўз мижозлари сонини кўпайтириб борган. Гап шундаки, ёзилган мактублардаги таклиф ва истаклар шундай усталик билан битиладики, хатни олиб ўқиган кишиларнинг кўпчилиги ҳавойи ваъдаларга чиппа-чин ишониб,
тўрга тушиб қолади. Шу йўл билан нигериялик товламачилар йил давомида миллионлаб доллар ишлаб олади. Бошқача айтганда, ушбу йўл билан топиладиган маблағ давлат ғазнасини тўлдиришга қаратилган асосий омиллардан бирига айланади. Чунки баъзида бундай қинғир ишларга давлат идоралари, банклар ва бошқа ташкилотлар ҳам бош қўшади.
Дарҳақиқат, амалга оширилиши керак бўлган ҳийлада давлат ташкилотларининг ҳақиқий муҳрлари, ишонч қоғозлари ва зарур далил сифатида ишлатиладиган бошқа ҳужжатлардан ҳам фойдаланилади.
Идорамизга кўп йиллар мактабда муаллимлик қилган киши келиб, қўлидаги бир варақ қоғозни авайлаб бизга узатди: “Бошимизга бахт қуши қўнган кўринади. Шу масалада сизлардан ёрдам сўраб келдим. Қўшни мамлакатлардан бирида телефон рақамларига лоторея ўйналибди. Омадни қаранг, айнан бизнинг рақамимизга машина ютуғи чиқибди. Ютуқни олиб кетиш тўғрисидаги таклифни қўлимга олишим биланоқ, қўни-қўшни, қариндошларга ҳам билдирмай, сизлар билан бамаслаҳат иш юритайин, деб шу тарафга келавердим”, деб сўзини якунлади у. Бу орада мен меҳмон олиб келган хат мазмуни билан танишиб чиқишга улгурдим. Чамаси у хатдаги асл мақсадни яхши тушунмаган кўринади.
— Биздан нима истайсиз?, — деб сўрадим.
— “Имкон бўлса, мени таклиф қилган ўша мамлакатга бориб-келишга молиявий кўмак берсангиз...
Мен унга хатнинг сўнгги жумласидаги фикрни қайта-қайта тушунтиришга ҳаракат қилдим — ютуқни олишга келишдан аввал қуйида кўрсатилган манзилга, меҳмонхона ва бир ҳафталик кундалик харажатлар учун 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулни тезда жўнатиши кераклиги таъкидланган эди. Меҳмонга оддий товламачиликдан иборат номани  тушунтиришимиз учун салкам бир соат вақт кетди.
Яна бир мисол. Нигериялик бир аёл акаси космонавт экани, 1990 йили советлар давлати томонидан учирилган космик кемада фазога учгани ҳақида интернет тармоқларига хабар тарқатади. Хабарда Россия ҳукумати ўз космонавтларини Ерга қайтариш учун алоҳида космик кема учирганида, нигериялик космонавтга жой етмагани боис у ҳануз космосда эканини ачиниб ёзади.
Хатда ёзилишича, нигериялик космонавтнинг ўтган 26 йил давр давомида тўпланган ойлик маоши 15 000 000  долларга етган. Ушбу маблағни олиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ва Россия раҳбарларини космонавтни Ерга қайтаришга “кўндириш” учун бир неча минг доллар миқдорида маблағ керак. Агар хатни олган киши (жабрдийда деяверинг!) нигериялик хонимга моддий ёрдам берса, у космонавт қариндоши тўплаган катта миқдордаги маблағни тенг бўлишга розилигини билдирган.
Ҳушёр одам бундай ваъдалар билан ёзилган хатни ўқиган заҳоти СССР ва Россия космонавтлари рўйхатини топади-да, у ерда нигериялик космонавт бор-йўқлигини аниқлаб, шунга яраша хулоса чиқаради. Лекин афсуски, бунга ҳамманинг ҳам ақли етавермайди.
Энди бунисини эшитинг. Тошкент шаҳрида яшовчи бир  қизга Афғонистонда кўп йиллар Америка ҳарбий бўлинмаларига қўмондонлик қилган ва юқори ҳарбий унвонга эга, ҳозир заҳирага бўшатилган инсондан электрон хат келади. Бир-икки ёзишмалардан сўнг истеъфодаги генерал ўз суратини қизга жўнатиб, у билан яқинроқ танишиш таклифини билдиради. Хушсурат ва келишган ёш генералнинг  номалари қиз кўнглида ҳаяжон уйғотади. Кунлар ўтиб, улар бир-бирига ўрганиб, кўнгил қўяди. Генерал хатларининг бирида сўққабош экани ва ўзига мос умр йўлдоши қидираётганини ёзади, “сенга ўхшаган аёл учраб қолса, иккиланмай уйланган бўлар эдим” деб қўшимча қилади.
 Содда ҳамшаҳаримизнинг кўнглида ўзга юртларда бекаму-кўст яшаш истаги пайдо бўлади.
Орадан кўп ўтмай, ёзишмаларнинг бирида генерал қиз учун бир неча юз минг долларлик совға-салом жўнатмоқчи эканини ёзади. Совғалар кейинги ҳафтанинг фалон кунида Ню Ёркдан Тошкентга учиб борувчи одамлар орқали етказилиши айтилади.  Айтилган куни қиз уйидан чиқмай, кечгача совғани пойлайди. Орадан кунлар ўтса ҳам совғадан дарак йўқ. Бир ҳафта ўтгач, генерал тағин хат ёзади. Узр сўраб, жўнатилган буюмлар аеропорт ходимларининг айби билан бошқа самолётга ўтиб қолгани ва юклар ҳозир Европа давлатларининг биридаги аеропортда турганини, уларни ўз жойига қайтариш учун 2500 евро миқдоридаги пулни ўша аеропорт ҳисоб рақамига жўнатиш
кераклигини айтади. Яхшиямки, ҳамшаҳаримиз ўзига пишиқ экан, турли йўллар билан генералнинг қаерда яшаши ва нима иш билан шуғулланишини суриштиради. Буни қарангки, генерал ростдан ҳам ҳаётда бор экан. У тўғридаги деярли барча маълумотлар тўғри эди. Фақат генерал ҳеч ким билан интернет орқали хат ёзишмаганини айтиб, узр сўраган. Тошкент билан ёзишмалар олиб борган кимсани эса, кимлигини аниқлашнинг иложи бўлмаган.
Иккинчи жаҳон уруши пайтида турли воқеалар сабаб бошқа давлатларда қолиб кетган инсонлар тақдирини яхши ўрганган “устакорлар” ўз мақсадлари йўлида фойдаланмоқда.
Ўтган йилнинг апрел ойида Бирлашган миллатлар ташкилотининг масъул ходимиман деб ўзини таништирган бир кимса, БМТдек обрўли халқаро ташкилотнинг ёзишмалар бланкасидан фойдаланган ҳолда бир танишимизга хат йўллаган. Хатда унинг амакиси АҚШда яшаб ўтгани ва яқинда вафот этгани айтилиб, ўша собиқ жангчидан Ўзбекистондаги қариндошлари учун икки миллион доллардан ошиқроқ мерос қолгани ҳақида хабар беради.  “Шу ишда сизга адвокат сифатида ёрдам бермоқчиман”, деб ўз хизматини таклиф қилади. Хат давомида мерос қилиб қолдирилган маблағни тегишли одам номига ўтказиб бериш учун вақт жуда кам қолгани, ишни тезроқ амалга ошириш учун 3000 доллар пул маблағи кераклигини ҳам қистириб ўтган.
Кўриниб турибдики, хатлар турлича бўлгани билан улардаги мақсад бир хил –лақмаларни чув туширишдир.   

Абдумажид ТЎРАЕВ

"Hurriyat" мустақил газетасидан олинди.