Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

АСАЛ САЙЛИ (Фото)

АСАЛ САЙЛИ (Фото)         Мутахассисларнинг таъкидлашича, мамлакатимизда асал ишлаб чиқариш бўйича мавжуд имкониятлардан самарасиз фойдаланиш мазкур тармоқнинг энг заиф бўғини ҳисобланади. Натижада асалари оилаларининг маҳсулдорлиги 20 килограммдан ошмайди, бу жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан ҳам пастдир. Аммо...

Мутахассисларнинг яна таъкидлашича, кунига катта ёшлилар 100–150 грамм, болалар эса 30–40 граммдан асал истеъмол қилиши керак. Демак, ўртача ҳисобда 100 граммдан ҳисобласак, бир йилда киши бошига 36,5 килограмм асал тўғри келиши лозим. Бизнинг иқлимда олти ой иссиқ келишини инобатга олсак, ҳар бир юртдошимиз йилига камида 18 килограммдан асал ейиши зарур экан. Афсуски, китобдаги гаплар ҳаётга тўғри келавермайди. Масалан, Ўзбекистонда 2017 йили 15,4 минг тонна табиий асал етиштирилган, бу эса 32 миллионлик халқимизга урвоқ ҳам бўлмайди – киши бошига ярим килограммдан ҳам тушмайди. Бироқ... асаларичилар бир мавсумда олган асални кейинги мавсумгача сотиб улгуролмайдилар. Натижада, табиийки, маҳсулдорликни оширишга унчалик эҳтиёж ҳам сезмайдилар.

Хуллас, халқимиз асал емагани учун асаларичилик ривожланиб, нарх-наво пастламаяптими ёки асаларичилик ривожланиб, нарх-наво тушмагани учун халқимиз асал емаяптими, деган савол сабаб ва оқибатни, талаб ва таклифни чамбарчас боғлайди.

Декабрь ойининг дастлабки ўнкунлигида пойтахтимиздаги Кўргазма савдо марказида Асал байрамига жам бўлган 200 дан ошиқ асаларичилар аҳолига табиий ва шифобахш неъматлар тақдим этиш билан бирга, соҳада ечимини кутаётган муаммолар ва амалиётга татбиқ этилажак истиқболли инновациялар хусусида ҳам фикр алмашдилар.

Президентимизнинг “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривож­лантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2017–2021 йилларда асаларичилик тармоғини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди, 2017 йил 1 ноябрь куни Ўзбекистон асаларичилари уюшмаси ташкил этилди. Мамлакат миқёсида биринчи марта ўтказилган Асал байрами ва асаларичилик маҳсулотлари кўргазма-ярмаркаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон асаларичилар уюшмаси ва “Алоқабанк” ҳамкорлигида ташкил этилди. Асал сайлига молия муассасининг ҳомийлик қилаётгани бежиз эмас.

– Ҳар бир банкка чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, туячилик каби қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бириктирилган, – дейди “Алоқабанк” бошқарув раиси ўринбосари Ҳасан Раҳматов. – Банкимиз асаларичиликни замон талабларига мос равишда такомиллаштириш, фермер хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш, табиий ва шифобахш неъматлар етиштириш ҳажми ва турларини янада кўпайтириш, асални қайта ишлаш бўйича замонавий технологияларни жорий этишга кўмаклашиб келмоқда.

Ўзбекистон чексиз имкониятлар мамлакати эканини асаларичилик тармоғи мисолида ҳам кўриш мумкин. Кўргазма-ярмаркада иштирок этган мутахассислар гурунгларидан маълум бўлдики, биз ҳали мазкур тармоқнинг ўндан, балки юздан бир имкониятидан ҳам фойдаланганимизча йўқ. Соҳа ходимлари асосан асал олиш билан чекланиб қолмоқда. Ваҳоланки, бу фойдали ҳашорат ёрдамида яна қанчадан-қанча табиий ва шифобахш неъматлар етиштириш мумкин. Етти хазинанинг бири деганича бор-да.

– Хўжалигимиз асосан янги асалари оилаларини (касб атамаси билан айтганда, пакет) кўпайтириш билан шуғулланади, – дейди Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Нанай қишлоғидан келган Насимхон Бурхонов. – Ҳар баҳор Россияга 500-600 та пакет экспорт қиламиз. Совуқ ўлкаларда ёз қисқалиги, қиш узунлиги боис асалари авлодлари алмашишга улгурмай қолади, яъни қирилиб кетади. Бизнинг мўътадил иқлимимиз эса асаларичиликни ривожлантиришга жуда қулай. Ҳамкасбларимиз хорижга пакет етказиб беришни йўлга қўйишлари, халқаро алоқаларни кенгайтиришлари давр талабидир. Бу борада ҳукуматимиз, хусусан, Ўзбекистон асаларичилар уюшмаси яқиндан кўмак беришига ишонамиз.

Асал сайли тадбиркорлар учун нафақат ўз маҳсулотларини сотишга имконият яратди, балки тармоқ ходимлари орасида ўзаро тажриба алмашиш майдонига ҳам айланди. Кўргазма-ярмаркада катта тажрибага эга устоз асаларичилар билан бирга эндигина шу ишнинг бошини тутган, келажакка катта умидлар боғлаган ёшлар ҳам бор эди. Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидан келган, қарийб қирқ йиллик асаларичи Ориф Илёсовни республикада кўпчилик ҳамкасблари яхши танийди, десак муболаға бўлмайди. Уч ўғлининг номига қўйилган “Орзу Олим Дилмурод асаллари” кўп тармоқли фермер хўжалигида 300 асалари оиласи парвариш қилинмоқда.

– Апрел ойида “Алоқабанк”дан 25 миллион сўм кредит олгандик. Шу маблағ ҳисобидан 750 та ари пакети тайёрлаб сотдик. Кредитни уч ойда банкка қайтардик. Яна, мавсумда 3 тонна асал ҳам олдик. Шифохона ва санаторийларда табиий неъматлар сотиладиган дўконлар очмоқчимиз. Асалнинг ўзи минг дардга даво, унга она ари сути, прополис, гулчанги каби асаларичилик маҳсулотлари ёки ёнғоқ, бодом, майиз, кунжут, кашнич, занжабил каби қувватбахш қуруқ мевалар, доривор гиёҳлар аралаштирилса, фойда устига фойда.

Расталар бўйлаб айланаркансиз, ҳар ким ўз бисотини ёйганини кўрасиз: баъзи жойларда одам дегани аридек уймалашади, айрим асаларичилар эса, таъбир жоиз бўлса, пашша қўриб ўтирибди. Манави фарғоналик икки ёш йигит бўлма деворига турли-туман фахрий ёрлиқлару сертификатларни илиб ташлаган, орасида хорижда олинганлари ҳам бор.

– Карим бобом қирқ йилдан бери асаларичилик билан шуғулланади, 2008 йили АҚШда малака ошириб келган, – дейди 25 яшар Фарҳод Мирзааҳмедов. – Сал муболаға билан айтсам, ўзим аризорда туғилиб ўсганман. Етти йил бўлди, шу касбнинг бошини маҳкам тутдим. 2015 йили Исроилда соҳамизнинг замонавий технологиялари бўйича бир ойлик курсда ўқидим. Ҳозир 250 та асалари оиласини парваришлаймиз. Ушбу мавсумда 2 тонна асал олдик. Кам-ку дейсизми?! Тағин, 25 килограмм перга, 5 килограмм она ари сути, 1 500 та она ари ғумбаги сотдик-да.

Ҳа, эплаганнинг иши беш. Эпи йўқнинг эса иши хуржун, тағин нолигани ортиқча. Ҳар қанча имконият муҳайё бўлса, дангаса одам яна шунча ётоқлайверади. Мана, сурхондарёлик Чориёр Юсупов ётган тўшагидан туриб, тўрт-беш йил деганда донгдор асаларичига айланиб кетди.

– 2009 йили касал бўлиб қолдим. Дунё­да нимаики дард бор, барчаси менда жам эди гўё. Уч йил тўшакка михландим, – дейди у. – Тошкентда ишлайдиган ўғлимни чақириб олиб, ота-бола асаларичиликни бошладик. Худога шукр, оёққа туриб кетдим. Ўзингиз гувоҳ, ҳозир анча бардамман. Сизни кўриб туриш – бахт. Бахт такрорланмайди, давом этиб кетаверади...

Чориёр акани асалчилик соғлом қилган бўлса, касалчилик файласуф қилган экан, ўзиям. Дарҳақиқат, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумот беришича, дунёда энг кўп умр кўрадиган касб эгалари қаторида асаларичилар ҳамиша пешқадамлардан саналади.

Кўргазма-ярмаркада барча асаларичилар сариқ кийимда эди, бир бўлмада эса оқ халатлиларни кўриб ҳайрон қолдик. “Апитерапия” деб ёзиб қўйишибди, Ибн Сино бобомизнинг расми ва ҳикматли сўзларидан англашиладики, бу тиббиёт ходимлари беморларни асаларичилик неъматлари билан даволашга ихтисослашган.

– Асалнинг минг дардга даволиги муқаддас китобларимизда ҳам айтилган, – дейди Гулчеҳра Латифова. – Халқ табобатида-ку асаларичилик маҳсулотларидан кўплаб хасталикларни муолажа қилишда фойдаланилади. Ҳозир жаҳонда замонавий тиббиётнинг апитерапия йўналиши кенг ривожланиб бормоқда. Олий маълумотли шифокорман, Россияда апитерапия бўйича ҳам ўқиб келдим. Тегишли ташкилотларга мурожаат қилганмиз. Жой олсак, тезда фаолиятимизни бошлаш ниятимиз бор.

Интернет манбаларидан ўқиб биламизки, асаларининг асали, муми, елими, гулчанги, пергаси ва ҳатто ўлигиям даво экан. Буларни қўя туринг, хорижлик ишбилармонлар асаларининг ғинғиллаган овозию қанотининг шамолини ҳам пул қилишни, энг муҳими, аҳоли саломатлиги йўлида фойдаланишни пухта эгаллашган.

Кўргазмада асаларичилик жиҳозлари, дори воситалари ҳам намойиш этилди. Айниқса, масофавий тарози кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Тажрибали асалчилар ҳар бир уя ари кунига қанча маҳсулот ишлаб чиқарганигача ҳисоб-китобини ёзиб боради. Инновацион тарозига қўнғироқ қилиб, керакли маълумотларни осонгина олиш мумкин экан. Ўзбекистон асаларичилар уюшмаси раиси Шерали Суярқуловнинг айтишича, юртдошларимизнинг бу ноу-ҳау ишланмаси Истанбулда ўтган Халқаро асаларичилар конг­ресида ҳам катта қизиқиш билан қабул қилинибди ва унга “Ўзбек тарозиси” деб ном берилди. Асал байрами доирасида соҳадаги илғор тажрибаларни ўрганиш, тармоққа замонавий технологияларни кенг жорий этиш ва юқори технологик усуллардан фойдаланиш масалаларига бағишланган илмий-амалий семинарлар ҳам уюштирилди.

Кўргазма савдо марказидан чиқишда йигирма-ўттиз чоғли кишининг йиғилиб турганига дуч келдик. Шунча ҳамкасбини оғзига қаратган одам фарғоналик устоз асаларичи Зокир Сиддиқов экан. У кўп қаватли уяларда асалари боқишнинг афзалликларидан сўзларди:

– Биз ҳалиям юз йил олдинги технология бўйича асалари парваришлаяпмиз. АҚШ, Германия, Канада каби ривожланган давлатларда аллақачон кўп қаватли уяларга ўтилган. Ўзим 2009 йилдан буён шу усулда ишлаб келаяпман. Натижада 2-3 баробар кўп асал олаяпман. Асаларичиликни саноат даражасига кўтарсак, бир киши 800-850 асалари оиласини боқиб, ҳар бир уядан 100-150 килограмм асал етиштириши мумкин. Бу – айни ҳақиқат, хориж тажрибаси шуни кўрсатмоқда. Ўлкамизда табиий шароит янада қулай келади, асаларилар аввал даштда парваришланиб, кейин тоққа кўчириб ўтказилса, баҳорни икки марта кўриш имкони бўлади. 1980-йилларда чиққан русча китобларнинг чала-чулпа таржималарини ўқиб юравермасдан, жаҳоннинг энг илғор тажрибаларини тўғридан-тўғри ўрганишга ўтишимиз керак энди.

Республика миқёсида илк бор ташкил этилган Асал байрами ва асаларичилик маҳсулотлари кўргазма-ярмаркасидан олинган таассуротлар, чиқарилган хулосалар бир газета саҳифасига сиғмайди, албатта. Ҳар бир шаҳар ва туманларда ҳосил байрамлари доирасида, куз-қиш мавсумида, Мустақиллик ва Янги йил айёмлари арафасида асал сайиллари ўтказиш анъанага айланса, мақола аввалида қўйган муаммоли саволимизга оқилона ечим топиш йўлида яна бир амалий қадам бўлади; бундай тадбирлар асаларичилик тармоғига замонавий иш услублари ва инновацион технологияларни кенгроқ ва тезроқ жорий этиш ҳамда халқимизга табиий ва шифобахш неъматларни арзон нархларда етказиб беришга хизмат қилади.

Фаррух ЖАББОРОВ,

“XXI asr” мухбири