Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Асосий эътибор савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожига қаратилди

Асосий эътибор савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожига қаратилди

Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари мулоқотни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар.

Унда асосий эътибор икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига қаратилди.

Савдо алоқаларида эришилаётган натижалардан мамнунмиз. Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 55 фоиз ўсди. Бу ўтган йилги келишувларимиз натижасидир. Бу суръатни сақлаб қолиш ва янада ошириш муҳим, деди Шавкат Мирзиёев.

Туркманистон ва Ўзбекистон тинчликсевар давлатлар, яхши қўшнилар сифатида танилган. Мамлакатларимиз халқаро доирада ҳам, ўзаро алоқаларда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Бугунги музокаралар буни яна бир тасдиқлади, деди Гурбангули Бердимуҳамедов.

Ўзбекистон ва Туркманистонда бир-бирини тўлдирадиган имкониятлар кўплиги, уларни ишга солиб, ўзаро савдо айланмасини жадал ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Икки мамлакат бозорида товар ишлаб чиқарувчилар учун қулай шароитлар яратиш, саноат корхоналари кооперациясини мустаҳкамлаш, ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. 2020 йилга бориб товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларгача етказиш учун барча имкониятлар борлиги қайд этилди.

Бу мақсадларга эришиш учун Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия салоҳиятидан максимал даражада фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Турли даражадаги самарали учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликка янги суръат бағишлади, уни амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилди. Март ойида Ашхободда ўтказилган Ўзбекистон миллий саноат кўргазмаси муваффақиятли бўлди. Айни кунларда пойтахтимизда Туркманистон миллий кўргазмаси ва ишбилармон доираларнинг бизнес-форуми бўлиб ўтмоқда.  

Транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, бу орқали ўзаро савдо ҳажмини, мамлакатларимизнинг ушбу йўналишдаги рақобатбардошлигини оширишга келишиб олинди.

Қишлоқ хўжалиги машиналари, автомобиллар ва электр техникаси маҳсулотларини ҳамкорликда ишлаб чиқариш, нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб бериш, чегараолди ҳудудлар ўртасида савдо-сотиқни кенгайтириш, хизматлар кўрсатиш ва бошқа масалалар бўйича ўзаро манфаатли келишувларга эришилди.

Манба: prezident.uz