Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Асрий садолар чорлайди

Асрий садолар чорлайди

Дилбар куй-наво шууримизга сингигани ҳамоно қалбимиз гўзал туйғуларга, нафис ҳис-ҳаяжонга тўлади. Беихтиёр унга жўр бўламиз. Инсоният яралибдики, бу ҳис у билан ёнма-ён.  

1997 йилда Биринчи Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган ва шундан буён ҳар икки йилда мунтазам ўтказиб келинаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалига ташриф буюрсангиз бунга яна бир карра амин бўласиз. Маълумки, мазкур нуфузли мусиқа анжумани халқимизнинг миллий анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шунингдек, тили, маданияти, урф-
одатлари турлича бўлган халқларни санъат воситасида бирлаштириш, уларни гўзаллик, нафосат ва эзгуликка даъват этишга хизмат қилиши билан ҳам обрў қозониб келмоқда. Ташкилотчиларнинг хабар беришича, жорий йил 25-30 август кунлари Самарқанд яна бир карра куй-қўшиқ шайдоларини Регистон майдонида жамлайди. Байрам ўтган йиллардагидан-да бетакрор тарзда ўтказилиши режалаштирилмоқда. 

Масалан, анжуман доирасида “Шарқ халқлари мусиқа маданиятида миллий анъаналарнинг шаклланиши ва ривож­ланиши” мавзусида илмий-назарий конференция ўтказилиши ҳамда Ургут, Тайлоқ, Жомбой, Пастдарғом туманларида ҳам мусиқий тадбирлар, ижодий учрашувлар, мулоқотлар, концертлар бўлиб ўтиши кўзда тутилган. 

– Фестиваль жаҳондаги таниқли форумлар қаторидан аллақачон жой олиб улгурди. ЮНЕСКО шафеълигида ўтказилаётган, халқаро ташкилотлар, машҳур санъат намояндалари иштироки кутилаётган бу фестиваль доираси йил сайин кенгайиб бормоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири ўринбосари Камола Ақилова.  – Унда шу пайтгача 31 мамлакат вакиллари қатнашган бўлса, жорий йилда 60 дан ортиқ давлатдан мусиқа ва қўшиқчилик анъаналарини давом эттириб келаётган ижодий жамоалар ўз дастурлари билан иштирок этадилар. 

 “Шарқ тароналари” фестивали энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрами арафасида ўтказилишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Чунки мазкур халқаро мусиқа байрамига айнан мустақиллик йилларида асос солинди ва у истиқлолимиз билан бирга камол топиб бормоқда. Ушбу анжуманда халқимиз эришаётган ютуқлар, тинч-осуда, тўкин ва фаровон ҳаётимиз, қайта қадр топган анъана ва қадриятларимиз бор бўй-басти билан намоён бўлмоқда. 

Мусиқа байрами арафасида Самарқанд янада файзли ва обод, озода, мафтункор қиёфага киради. Истироҳат боғлари, фусункор фавворалар, тўкин-сочин бозорлар қадимий ва гўзал обидалар, юртдошларимизнинг мамнун ва бахтиёр чеҳраси, таъбир жоиз бўлса, фақат Самарқандгагина хос ажиб маънавий муҳит фестивалга ўзгача шукуҳ, кўтаринкилик бахш этади. Ушбу кўтаринкилик сабаб қалбларимизга энг эзгу, энг беғубор туйғулар инади.