Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Асрни қаритган гурунглар

Асрни қаритган гурунглар

            105 йил...

            Бобо тарих ичра бу муддат ғариб кўринар, аммо инсон ҳаёти билан ўлчанса, жуда узоқ: Биринчи жаҳон уруши, Туркистонда миллий озодлик ҳаракати, 1937 йил қатағонлари, Иккинчи жаҳон уруши, инсоннинг биринчи бор фазога чиқиши, совуқ уруш даҳшати, “пахта (ўзбеклар) иши”, истиқлол нашидаси, мус­тақилликнинг 27 йилини қамраб оладиган бир муҳташам умр...

           Денов туманидаги баланд тоғ этакларида жойлашган Ўшор қишлоғида истиқомат қилиб келаётган 105 ёшли Шарбат момонинг ҳаётида шу ҳодисотлар чуқур из қолдирган. Пири-бадавлат онахоннинг ҳаёти бир ибратли китоб бўлгулик. Момо билан гурунглашар экансиз, ажинлар ўз забтига олган юзида баъзан сўлғинлик, баъзан хушнудлик кўриниб туради.

 

***

           “Ўша замонлар ҳам бугунгидек қуёш Шарқдан чиқиб келар, оналар фарзандларини ҳам худди шу бугунгидек яхши кўрар, турналар ҳар баҳор ва кузда шу дўппидеккина қишлоқ устидан ҳам “қур-қур”лаб учиб ўтар ва ялангоёқ болакайларни ҳайрат билан ўзларига эргаштирарди. Аммо у замонда, чамаси, бир аср муқаддам қишлоқ, одамлар, табиат, оқибат, ҳайрат тамоман бошқача эди. Атроф-муҳит мусаффо. Қишлоқда 15 чоғли оила чордевор, пахсадан қурилган, бир-бирига уланиб кетган уйларда яшарди. Туман марказидан тарқалган хабар ҳозиргидек уяли алоқа воситасида бир зумда эмас, 40 чақирим масофада жойлашган қишлоққа бир-икки кунда етиб келарди.

            Биз сочларига жамалак таққан қизалоқлар “Наврўз” деб атаганимиз “чорсайл” – Йилбошини йил бўйи интиқ кутардик. Баҳор ҳам роса соғинтириб келарди ўша маҳаллар. Пастқам, нимқоронғу хонада сандал ўрнатилиб, биз жужуқлар оёқларимизни кўрпа остидаги чўққа тоблаб, хонтахта атрофини ўраб ўтирардик. Йўғон чўзилиб, ингичка узилар паллалар кўп бўлар, давлат деган гап йўқ эди. Ҳар ким ўзича кун кўрар, одамлар ҳаётини оқибат, меҳр-муҳаббат, виждон тушунчалари маълум бир изга тизиб турарди. Етти-саккиз ёшлигимда алғов-далғов бир давр бошланди. Чорвадорлар овули – манзилимиз бир қарасангиз, “қизиллар” қўлига ўтар, гоҳида ўзимизникиларга қўнимгоҳ бўларди. Шоҳидман, кимларгадир ёлғон, аммо ўша кунларга ўзлари гувоҳ бўлиб, дунёдан ўтганларга эса чиндир, “босмачи”лардан ҳаргиз ёмонлик кўрмаганмиз. Асл ҳақиқатни билсак, улар юрт эрки учун туғ ва тиғ тутган экан...

          Дарё ёқасида биз чорвадорлар оиласининг уйи ва бостирмаси бўлиб, амаки-аммалар билан биргаликда яшардик. Отамиз доимо “истиқлолчи”ларни жимжитлик ва эҳтиёткорлик билан кутиб олар, улар эса от-уловларини панада, бостирмага боғлаб, уйга пусиб ўтишар, овқат тановвул қилиб, яна йўлларига равона бўлишарди. Шу лаҳзадаёқ отамиз бизга от-уловдан қолган қолдиқларни яширишни буюрарди. Зум ўтмай, уларни излаб “қизил отряд” ҳам келиб қолар, отам уларни ҳеч нима бўлмагандек қабул қилиб, жўнатарди. У замонда аёллар паранжида юришарди. Аёлнинг шарм-ҳаёли, иффатли, латофатли бўлиши чачвон, чиммат ёпинганлик билан белгиланмайди. Йиллар оша талотумларда эри ва болаларини ташлаб, қишлоқма-қиш­лоқ санғийдиган дарвеш билан қочиб кетган, урушдаги ёрини кутмай, фарзанд­ларини етимлик домига отиб, даврон эгаларига турмушга чиққанлар ҳам, афсуски, бўлган”...

***

           “Она меҳри ҳамма замонларда, хоҳ доруломон даврларда, хоҳ қаҳатчилик пайтларида бўлсин, бирдай тафтли, ҳароратли. Уруш оқибати кириб бормаган хонадон қолмаган эди. Эри фронтга кетиб, дом-дараксиз йўқолган, икки фарзандли бу жувонни қишлоқда “Лачакли” деб аташарди. У бошидаги рўмолини дуррача, яъни, лачак қилиб юришни яхши кўрарди. Ҳамма нарса фронтга йўналтирилган, тўйиб ва лаззатланиб овқатланиш орзу эди. Лачакли келиннинг қишлоқдан етти-саккиз чақирим нарида, дарё ёқасида акасининг сув тегирмони бўларди. Қишнинг қаҳратон кунида уйида ҳеч вақоси қолмаган лачакли жувон тегирмонга бориб, тошлар ораси ва идишларни тозалаб, бир аталага етгулик ун ва буғдой топиб, хурсандчилик билан уйга қайтаркан, қалин туманда йўлидан адашади. Сўқмоқларда узоқ тентирайди. Бир йўл уни чўпонлар камарига элтади. Бу пайтда камарда ҳеч ким қолмаган, барча қишлов учун қишлоққа тушган эди. Дунёни зулмат қўпганида, совуқ ва очликдан дийдираган аёл шу ерда қолишга аҳд қилади. Орадан кунлар ўтиб, қорлар эрий бошлайди. Қўйчивонлар қор остидан жувоннинг лачагини топиб олишади. Йиллар ўтиб, камарда қашқирларга озуқа ем бўлган лачаклининг икки боласи эл таниган инсонларга айланди. Билсангиз, отаси ва онасининг бедарак кетганидан кейин бу болакайлар кўрган дастлабки кунлар ғоят ачинарлидир. Катта-кичик маъракаларда таом қолдиғини тергилаб, одамларнинг писандаси билан яшаган, тунлари тош ўчоқларда ухлаган Лачаклининг болалари бир одам бўлишдики, асти қўйинг! Бойчечак қалин муз қатламини ёриб чиқиб, борлиқни қандай хушнуд этса, Лачаклининг болалари дунё ғурбатлари, қайғуларидан устун келиб, олам ҳайратларини қўшиқ қилиб куйлаб ўтишди”...

***

           “Тушимда от-улов миниб, йўлга чиқсам... ёки тоғ чўққилари томон отлансам, ўнгимда бир шодлик юз беради. Ўғил-қизлар, невара-чеваралардан кимдир мансаб пиллапояларидан юқорилайди, ҳаётида яхши янгилик бўлади. Аксинча, тушимда бундан 33 йил олдин чин дунёга кетган бобоси – Алмосбой Девкамар деган қирликдан чўпонтаёғини белига қистириб эниб, кайфиятсиз кетаётган бўлса, ҳаётимизда бир дилхунлик бўлади. Қишлоқда Девкамар дегич адирга ёндош қоя бор. Бизнинг аждодларимиз, бундан етти авлод нарида бир чўпон бобомиз қишнинг қаҳратон чилласида қиш­лоқдан от етаклаб йўлга чиқар экан, Девкамарга келганида оппоқ қор устида турган тут мевасига кўзи тушади, уни ҳайрат билан кузатади ва тановул қилади. Бобо дарё ёқасига етгунига қадар еттита шундай тутни ейди. Аҳли донишлардан бунинг маъносини суриштирганида, сенинг етти авлодинг чорвачиликнинг ортидан бой-бадавлат яшайди, мулкингга ҳеч ким дахл қилолмайди, деган жавобни олади.

         Отамизни қишлоқнинг бойи сифатида қулоқ қилишди. Унинг мулкини эса мусодара этишди. Қишлоқ шўроси етаклаб келган давлат одамлари хатланган мол-мулкни от-уловга ортиб кетар чоғида онамиз йиғламсираб: “Эй, худобехабар! Совуқда болаларимни юпун қолдириб, жувонмарг қилма. Ҳеч йўқса кўрпа-тўшакни ташлаб кет”, дейди. Зобитлар увадаси чиққан битта кўрпа ва ёстиқни ерга улоқтириб, жўнаб қолишади. Кунлар ўтиб, онамизнинг нигоҳи ёстиқнинг йиртилган қисмидан кўриниб турган пулга тушади. Ёстиқ ичидан жуда кўп пул чиқиб, қулоқ қилинган, давлати тортиб олинган оиланинг тезда яна косаси оқаради. Боболаримиз отарнинг ортидан юриб кам бўлмади. Биздан кейинги авлод эса қаламнинг устидан кун кўраяпти.

          Бир асрдан ортиқ умрнинг ярмидан кўпи беҳаловатликда ўтди. Тоғу тошда ўтов қуриб, туну кун ишлаб яшадим. Оғир кунлар ҳаётимда кўп бўлди. Бугун англаганим эса, замонларнинг замони мана шу ёруғ кунлар экан. Бу кунларга етганларнинг пешонаси ярқираган, етиб келмаганларнинг эса охирати обод бўлсин!”

Шарбат момонинг
гурунгини
Сарвар ТЎРАЕВ
қоғозга туширди.